Музработлик Ошин момо
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Музработ тумани Фидокор маҳалласидан 70 ёшли фермер Ойбаҳор Жабборова қарийб ярим асрдан буён шоличилик билан шуғулланади. У бу борада ўзига хос мактаб яратган. Биргина шолининг ўзидан йилига 1 миллиард сўмдан зиёд даромад топади. Ҳалол меҳнати орқали шуҳрат қозонган аёлни ҳамқишлоқлари “Ошин момо” деб чақиради.
Сурхондарё замини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳар қандай турини етиштириш учун қулай ҳудуд. Бу ерда пишиб етилган мева, сабзавотлар, дон ва дуккакли ўсимликлар ўзининг мазаси, тўйимлилиги билан машҳур. Айниқса, Сурхон воҳасида етиштирилган шоли бошоқлари бўлиқ ва гуручи ширали бўлгани билан ажралиб туради.
— Гуручнинг сифатли ва тўйимлилиги майсаларнинг иссиқ қуёш нуридан баҳра олиб, минералларга бой оби ҳаётга тўйиниб ўсганига боғлиқ, — дейди ўзимизнинг Ошин момо. — Мамлакатимиз Жанубида етиштирилган шоли мазали ва харидоргир. Ҳудудимиз гуручнинг қадимий маскани. Шоличилик ота-боболаримиздан мерос. Афсус, узоқ йиллар вилоятимизда шоли етиштириш эътибордан четда қолди. Шундан шоли майдонлари қисқариб кетди. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 15 августдаги “Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шоличиликни янги босқичга кўтарди.
Ҳамқишлоқлари Ойбаҳор аяни “Ошин момо” деб бежиз айтмайди. Тиниб-тинчимаган фермер қуёш уфққа кўтарилмасдан уйидан 25 чақирим наридаги даласига ошиқади. Ахир, аёл боши билан 200 гектар ерни эплашнинг ўзи бўлмайди-да!
— Фермер харажат қилмаса, даромад кўрмайди. Заҳмат чекмаса, фойда олмайди, — дейди Ойбаҳор ая. — Кечалари билан даламни ўйлаб чиқаман. Янги режалар тузаман. Тонгда экинларимга ошиқаман. Даламда ўттиздан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Уларнинг ҳам рўзғори бут бўлиши, орзу-ҳаваслари рўёбга чиқишига масъулман. Бир мавсумда ер майдонларидан ҳам ғалладан, ҳам шолидан мўл ҳосил оламиз. Бунинг ўзига яраша тажрибаси бор. Масалан, гектарига 250 килограмм уруғлик дон сепилиши керак бўлган жойга 300 килограмм, шолида 320 килограмм уруғ қадаймиз. Дорилашда ҳам шундай йўл тутамиз. Ортиқча уруғ ва дориларни шахсий жамғармамиз ҳисобидан харид қиламиз. Ҳар мавсумда режадан ортган 150, ҳатто 200 тонна ғалла уйимизга киради. Шолидаги йиллик даромадимиз 1 миллиард сўмдан ортади.
Олимлар воҳада шоли парваришлаш деҳқончиликнинг энг қадимги турларидан бири бўлганини аниқлаган. Жумладан, қадимшунослар Амударёнинг шимолий қирғоқларида олиб борган археологик қазишмалари чоғида топган гуруч қолдиқлари эрамиздан аввалги 236-194 йилларга тўғри келади. Бу дунёда шоли етиштиришнинг илк бошланиш даври сифатида қайд этилган.
Фермер аёлнинг бу борада бошқаларга ибрат бўладиган ўз тажрибаси бор. Ҳурмати ҳам унинг ҳимматида! Ўзи оталиққа олган оилалардан, эҳтиёжмандлардан кўмагини аямайди. “Берганга Худо беради” ҳикмати ҳаётий шиорига айланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Пойкентдан Ўрта Осиёда энг қадимий саналган металл қуроллар топилди
- Тилим «Ман Сити» деб чиққан ёхуд битта ўзбек йигити қандай қилиб Европанинг энг кучли жамоалари орасида талаш бўлди (таҳлилий мақола)
- 2024 йилда давлат бюджетига қанча солиқ тушумлари тушган?
- Ўзбекистонда нечта ОТМ бор ва уларда ўқиётган талабаларнинг сони қанча?
- Шахмат ўйнаб қанча топиш мумкин? Нодирбек Абдусатторов 2024 йилда қанча пул ишлаб олгани маълум бўлди
- Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси: концептуал таклиф ва тавсиялар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг