Музаффар боксчиларимиз Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди
Сўнгги вақтларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти бугунгидек гавжум бўлмаган эди, десак муболаға бўлмайди. Боиси, бугун ушбу муаззам масканда Ватан шаънини Осиё рингларида улуғлаган чарм қўлқоп усталаримиз тантанали кутиб олинди.

Аэропортнинг кенг ва ёруғ фойеси байрамона безатилган. Музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари ва ходимлари, спортчиларнинг оила аъзолари, яқинлари, мухлислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлишган.
Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестри ижросидаги марш садолари остида бирин-кетин бутун Осиёни зир титратган боксчиларимиз чиқиб келишди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, МОҚ раиси Рустам Шоабдурахмонов ва бошқа масъул шахслар иштирок этишди. Спортчилар ва мураббийларга миллий қадриятларимизга хос тарзда зарбоф тўнлар кийдирилди, гулдасталар тақдим этилди.

- Ушбу қитъа чемпионати йигитларимиз учун жорий йил июль ойида бошланадиган ёзги Олимпия ўйинлари олдидан муҳим тайёргарлик босқичини ўтади. Нуфузли мусобақада муносиб иштирок этганлигимиз йигитларга, умуман жамоамизга катта руҳий қувват бўлди. Яна бир жиҳатни айтишим керак, Ўзбекистон терма жамоаси ҳали ҳеч бир расмий Осиё чемпионатида 18та медалга сазовор бўлмаган эди. Ушбу муваффақиятларимиз замирида аввало муҳтарам Президентимизнинг спорт соҳасига бераётган улкан эътибори, қолаверса пандемия шароити бўлишига қарамасдан Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон бокс федерацияси бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлиги ётибди. Мақсадимиз, Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш, - деди биз билан суҳбатда эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов.
Боксчиларимизни тантанали кутиб олиш маросимининг иккинчи қисми МОҚда давом этди. Шуни таъкидлаш керак, мамлакатимиз спортчиларининг Осиё чемпионатида эришган ушбу оламшумул муваффақияти юртдошларимизни беҳад қувонтирди. Ҳатто мамлакат юртбошиси томонидан ҳам боксчиларимизга табрик йўлланди.
МОҚдаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, даставвал терма жамоамиз аъзоларини яна бир бор самимий муборакбод этди ҳамда Президент табригини ўқиб эшиттирди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президентининг табригини асл нусхаси Ўзбекистон бокс федерациясига тантанали равишда топширилди.


Тадбир давомида қитъа чемпионатида қаҳрамонлик кўрсатган боксчиларимиз, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари ҳам ўзларининг дил изҳорлари билан ўртоқлашди.
Ситора Турдибекова (Осиё чемпиони) – Биз ушбу Осиё чемпионатида жуда ҳам яхши натижаларга эришдик ва бунда албатта мураббийларимизнинг ҳиссалари катта. Айниқса, Президентимизнинг табрикларини эшитгандан кейин қувончимиз янада ортди. Бизга ишонч билдириб, шундай шароитларни яратиб берган энг аввало ҳукуматимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз. Келгусида бундан ҳам катта мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришга сўз берамиз.
Сабоҳат Жалолова (Баҳодир Жалоловнинг онаси) – Ушбу ғалабалар барчага муборак бўлсин, дейман. Биз ота-оналар фарзандларимизнинг ютуқларидан жуда ҳам хурсанд бўлдик. Янги Ўзбекистонга мана шундай ёрқин ғалабалар ярашади. Умид қиламанки, ўғил-қизларимиз олдинда турган Токио олимпиадасида ҳам муваффақияти иштирок этишиб, юртимизга 1-ўринлар, олтин медаллар билан қайтишади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев боксга жуда катта эътибор қаратмоқдалар. Вилоятларда бокс мактабларини очиш тўғрисидаги қароридан жуда ҳам мамнун бўлдик. Ёшларимизга яратиб берилаётган мана шундай шароитлардан кейин бизнинг фарзандларимиз ортидан яна кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқади, деган умиддаман. Шундай фарзандларимиз борлигидан фахрланамиз ва улар Токио Олимпиадасида ҳам юртимизга шода-шода медаллар билан қайтишларини Яратгандан сўраб қоламиз.

Шунингдек, тадбирда Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов, терма жамоамиз мураббийларидан Раҳматжон Рўзиохунов, Ўзбекистон спорт фахрийлари Кенгаши раиси Баҳодир Махситов сўзга чиқиб, Дубай рингларида қўлга киритилган ғалабаларнинг қадри, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг спортчиларга йўллаган табригининг аҳамиятини алоҳида эътироф этишди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, боксчиларимиз 2021 йилги Осиё чемпионатида ўз сўзини айтишди. Осиё бокси тарихи зарварақларига ЎЗБЕКИСТОН номи мангу муҳрланди. Энди навбат Токио-2020 Олимпиадасига. Умид қиламизки, бугунги ғалабалар шукуҳи юртимиз чарм қўлқоп усталарини янги зафарлар сари руҳлантиради ва улар кунчиқар юрт рингларида ҳам ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН номини улуғлашади.

Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг