Муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели — ривожланишнинг муҳим кафолати

19:42 23 Сентябр 2022 Жамият
398 0

Тараққиётнинг бугунги босқичи мураккаб ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий жараёнларга бойлиги билан характерланади. Бундай шароитда давлатларнинг ягона мақсад ва манфаатлар йўлида бирлашуви, бирдамликда ҳаракат қилиши ниҳоятда долзарб.

Шу боис ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё миқёсида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлидан дадил одимламоқда. Бу борада Президентимизнинг ватанимиз ва халқимиз манфаатларини кўзлаган ҳолда юритаётган оқилона ташқи сиёсати муҳим аҳамият касб этаётир.

Янги Ўзбекистоннинг бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар сингари Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётгани ҳам барчага аён. Буни сўнгги олти йилда ШҲТ нуфузли саммитларига мамлакатимизнинг уч марта муваффақиятли мезбонлик қилгани мисолида кўриш мумкин.

Самарқанд саммити арафасида давлатимиз раҳбарининг бу анжуманни ўтказишнинг аҳамияти, Ўзбекистон ташкилотга раислик даврида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар, ШҲТни истиқболда кенг миқёсда ривожлантириш учун эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар, бугунги хавф-хатарларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш зарур эканлигини ўзида ифода этувчи “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли тарихий мақоласи дунё давлатларининг кўплаб нуфузли нашрларда эълон қилинди.

Шу ўринда, табиий савол туғилиши, шубҳасиз. Хўш, мазкур мақолани эълон қилишдан кўзланган мақсад нима эди?!

Ушбу саволга жавоб берганда, аввало, мақоланинг тарихий ва сиёсий аҳамиятига эътибор қаратиш ўринлидир. Мақоланинг тарихий аҳамияти ҳақида сўз борганда, у пандемиядан кейинги иқтисодий тикланиш даврининг нозик вақтида, яъни халқаро иқтисодий ҳамкорлик замоннинг янги талаблари асосида қайтадан шакллантирилаётган паллада эълон қилинганлигини айтиш зарур.

Сиёсий аҳамияти шундаки, мақолада саммитнинг олдингиларидан фарқли жиҳатларига урғу берилгани ҳолда, ШҲТ дунёнинг сиёсий жиҳатдан бирлашган, якдил мақсадлар сари биргаликда одимлайдиган ташкилот экани, истиқболда унинг келажаги порлоқ бўлиши барча аъзо давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларига боғлиқлиги ва бу жараён муқаддас замин — афсонавий Самарқандда яна бир бор эътироф этилишига эътибор қаратилганлиги билан характерланади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз мақоласида ушбу саммит нега айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганлигига ҳам эътибор қаратган ҳолда қуйидаги тарихий фактларни келтириб ўтганлигини айтиш жоиз.

Аввало, Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўли марказида жойлашган бўлиб, у бежиз “цивилизациялар бешиги” деб аталмайди. Шу маънода, минтақа ва дунёда савдо-сотиқ, маданий ва маърифий ҳамкорлик ҳамда дипломатик мулоқотлар ривожида бу шаҳар ҳақиқатдан ҳам “бешик” бўлиши, шубҳасиз.

Қолаверса, Ер шари тўрт қутбини бир ерда туташтирган Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит, бўлинмас бўлиб кўринади.

Шунингдек, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал янги ташкилотни яратишга туртки берган “Шанхай руҳи”га уйғунлиги билан диққатга сазовор.

Тарихий воқеаларга бой анжуман

Самарқанд саммити глобаллашув даврида нафақат аъзо мамлакатлар, балки дунё миқёсида халқаро ҳамкорликнинг янги консолидацияси бўлди, десак, муболаға эмас.

Ушбу саммит олдингиларидан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилди:

— олдингиларидан фарқли равишда 14 та давлат раҳбари иштирок этди;

— БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлони қатнашди;

— саммит доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳамда Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий юртимизга давлат ва расмий ташриф билан келди.

— ШҲТ тараққиётига хизмат қилувчи аниқ мақсад ва манфаатларни ўзида мужассам этган 44 та тарихий ҳужжат имзоланди;

— Президентимизнинг саммитда иштирок этган барча давлат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлари ва музокаралари ташкил этилди. Уларда юртимиз тараққиётига хизмат қилувчи икки томонлама келишувларга эришилди, кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланди;

— учрашувлар унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги катта хизматлари учун Россиянинг Александр Невский ордени билан тақдирланди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти — “Олий Даражали Дўстлик” ордени тантанали равишда топширилди;

— саммитда Эрон Ислом Республикасининг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги ҳамда Миср Араб Республикаси ва Қатар давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланди;

— Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига — мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича процедураларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинди;

— “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Янги Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари

Давлатимиз раҳбари ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида 20 дан ортиқ муҳим ташаббусни илгари сурди.

Улар қуйидагилардан иборат:

— ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш;

“Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш;

— ташкилотни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш ишларини бошлаш;

Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш;

— аъзо мамлакатлар махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш;

— ҳар йили тузилма йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформани яратиш;

— озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш;

Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини очиш;

Иқлим кенгашини тузиш;

ёшлар экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиш;

— кибержиноятчиликка қарши курашишга оид қўшма платформа яратиш;

— 2023 йилни “ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили” деб эълон қилиш.

Шунингдек, яна қатор ташаббуслар илгари сурилдики, уларнинг барчаси нафақат Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ёки унинг маконидаги давлатлар, балки бутун дунё ривожига йўналтирилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Самарқанд декларацияси ва миллий парламентимиз

Сир эмас, Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлаш парламент, депутатлар ва сенаторлардан катта масъулият талаб этади.

Биринчи ўринда ШҲТ аъзо давлатлари парламентлараро алоқаларини йўлга қўйиш механизмини ишлаб чиқиш лозим. Олий Мажлис палаталари ва ШҲТга аъзо давлатлар парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга, Самарқанд декларацияси ва бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан, ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси, ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси”, иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари, ишончли, барқарор ва диверсификациялашган етказиб бериш занжирларини, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини, энергетик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнотлар асосида амалдаги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш зарур.

ШҲТ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида ўсимликлар карантини, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, сунъий интеллектни ривожлантириш йўналишларидаги ҳамкорлик дастурлари ҳамда телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш ҳам кун тартибида турибди.

Ўз навбатида, ШҲТга аъзо давлатлар парламентлари ўртасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ёрдам, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик нормаларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий ахборот алмашиш учун онлайн-платформа яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш айни заруратдир.

“Ақлий марказ”лар фаол бўлиши лозим

Саммитда қабул қилинган 44 та ҳужжат ҳамда давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари ва музокараларида келишилган ишлар ва вазифаларни рўёбга чиқаришда “ақлий марказлар”нинг ўрни қандай бўлиши керак?

Маълумки, бугун Ўзбекистонда 20 га яқин турли соҳа ва йўналишларда “ақлий марказ”лар фаолият олиб бормоқда. Улар орасида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг алоҳида ўрни бор, десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу институт томонидан ШҲТнинг Самарқанд саммити натижаларига эришиш мақсадида қуйидаги ишларни амалга ошириш талаб этилади:

Олий Мажлис палаталарига илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан энг яқин кўмакчи бўлиш;

— ШҲТга аъзо давлатлар парламентлари ҳақида маълумотларни қамраб олган илмий-амалий тўпламни тайёрлаш ва парламентарийларга етказиш;

саммитда муҳокама қилинган муҳим соҳаларга тааллуқли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш;

Президентимизнинг ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида илгари сурилган муҳим масалалардан келиб чиққан ҳолда, тегишли тадқиқотлар ўтказиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган илмий таклифларни ишлаб чиқиш, туризмга доир миллий қонунчиликни халқаро талаблар асосида инвентаризациядан ўтказиш, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича ўрта муддатга мўлжалланган қўшма фундаментал илмий-амалий тадқиқотларни ўтказиш ҳамда саммит натижаларининг юртимиз ва халқимиз тақдири учун аҳамиятга эга бўлган муҳим жиҳатлари, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчилик иштирокида тарғибот тадбирларини ташкил этиш сингари вазифалар режа қилиб олинмоқда.

Умуман, Самарқанд саммити тарихий ҳужжатлар ва келишувларга бой бўлди. Эндиги вазифа уларда кўзда тутилган тадбирларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборатдир. Бу эса парламент вакиллари, илмий марказлар ходимлари, умуман, бутун жамоатчиликдан катта масъулият талаб этади.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси,

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер