Муваффақият самарали бошқарувга боғлиқ

22:35 24 Сентябр 2020 Жамият
926 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ҳар қандай жамоада у хоҳ ишлаб чиқариш, хоҳ хизмат кўрсатиш бўлсин бошқарув тизими яхши йўлга қўйилсагина муваффақиятга эришади. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 июлдаги «Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори асосида уларда KPI (самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари) тизими жорий этилаётгани диққатга сазовор.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эса жорий йилдан бошлаб йирик корхоналар самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижаларини расмий веб-сайтда эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугунги кунда мамлакатимизда давлат иштирокидаги 1607 та корхонада ҳукуматнинг ушбу тизим татбиқ қилинган. Агентлик томонидан мазкур корхоналар ижро органини KPI тизими таҳлил қилинганда, 2019 йил якунлари бўйича 1607 та   давлат иштирокидаги корхонанинг 730 таси юқори, 154 таси етарли, 
270 таси етарли эмас, 191 таси ўрта, 89 таси паст ва 173 таси қониқарсиз даражада эканлиги аниқланди.

Давлат иштирокидаги корхоналар ижро этувчи органнинг самарадорлиги икки чорак мобайнида кетма-кет «паст» ёки «қониқарсиз» даражада бўлган 155 та корхонанинг кузатув кенгаши ва муассисига нисбатан қонунчилик талабларига асосан корхоналарнинг ижро орган раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқилди.

Корхонанинг самарадорлик даражасини ошириш учун фақатгина ижроия органининг KPI тизимини белгилаш эмас, балки корхонада меҳнат қилаётган барча ходимлар учун буни қўллаш мақсадида республикамизда самарали фаолият юритиб келаётган корхоналар амалиётини ўрганишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан  «УзАвто Моторс Пауэртрейн» АЖда ходимлар меҳнати фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими, унинг хусусиятлари ва таъсири” мавзусида семинар ташкил этилди. Унда мамлакатимиздаги «Ўзбекнефтегаз»АЖ, «Ўзкимёсаноат»АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари»АЖ, «Йўлқурилиш»АЖ, «Тошкентвино комбинати» АЖ каби 15 та йирик корхона раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.

​Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

2008 йилда ташкил этилган, автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада бугунги кунда АҚШ, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Венгрия каби давлатларда малака ошириб келган минг нафардан ортиқ маҳаллий мутахассис ва техник ходимлар меҳнат қилади.

Корхонада ҳар бир ходим учун KPI тизими электрон тарзда қўлланилиб, кўрсаткичларнинг бажарилиш даражасига қараб ходимлар қўшимча рағбатлантирилади. Бу эса, ўз навбатида, корхонада қатъий тартиб-интизомни, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми ва сифатининг ошишини ҳамда энг асосийси ишчи-ходимларнинг ўз вазифаларига чуқур масъулият билан ёндашишни таъминлайди. Зеро, KPI тизими, яъни самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини жорий этиш – бу корхонанинг стратегик мақсадларига эришишда ёрдам берувчи муҳим ва замонавий воситадир

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ («Халқ сўзи».)  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер