Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор йўналишлар белгиланди

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор йўналишларга эътибор қаратдилар.
Таъкидланганидек, Мурожаатнома ўз моҳияти ва руҳиятига кўра мамлакат фуқаролари, уларнинг манфаати ва бевосита аҳолининг яшаш сифатини янада яхшилашга қаратилган дастурий ҳужжатдир. Унда кўтарилган ҳар бир масала парламент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойларда ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш Сенатнинг асосий вазифаларидандир.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Жумладан, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини йўлга қўйиш ва унинг фаолияти натижадорлигини таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, Сенат қўмиталари ўз фаолияти йўналишида ҳамкорлик қилувчи тегишли давлат бошқаруви органлари билан ўзаро алоқа ва ишлаш услубларини қайтадан кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Зеро, парламент фаолиятининг асосий иш мазмуни ҳокимиятлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш, манфаатлар мувозанатини сақлаган ҳолда халқ манфаати йўлида ҳокимият бўғинлари ўртасидаги ҳамкорликдан иборат.
Шунингдек, Мурожаатномада қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, Сенат қонунларнинг муҳокамасини маҳаллий Кенгашлар даражасида ҳам фаол ўтказиши, қонунларнинг ҳар бир ҳудуднинг манфаатларига мослигини баҳолаб бориши лозимлиги, қонунларни экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини кенгайтириш зарурлиги алоҳида белгиланди.
Шу билан бирга парламентнинг назорат-таҳлил фаолиятини янада кучайтириш зарурлигига урғу берилиб, бунда асосий эътиборни ҳудудга, айниқса, маҳаллаларга қаратиш ва бу жараёнга маҳаллий Кенгашларни фаол жалб қилиш, аҳоли билан ишлаш натижасида аниқланган долзарб масалаларни Ҳукумат аъзолари олдида кўтариш ва уларнинг ечимини топишга кўмаклашиш лозимлиги таъкидланди.
Мурожаатноманинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида бевосита сенаторлар эътибори марказида бўлиши лозим бўлган масала - коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳисобланиб, сенаторлар тегишли соҳаларни таҳлил қилган ҳолда коррупцияни бартараф этиш масаласида фаол бўлишлари зарурлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, ушбу йўналишда масъул бўлган Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан доимий ҳамкорликда бўлса-да, эндиликда бу жараённи янги босқичга олиб чиқиш ва янада аниқ, самарали ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Муҳими, бевосита ҳудудларда, соҳалар кесимида таҳлиллар ўтказиш, муаммолар ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш ва уларни амалда татбиқ этишга асосий эътиборни қаратиш, хусусан, бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишларни ҳамда “ташаббусли бюджет” ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини жойларга чиқиб ўрганишни инобатга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Шунингдек, ялпи мажлис давомида Мурожаатномада таъкидланган суд қарорлари ижросининг қатъий таъминланмаётганлиги муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси тегишли идораларда суд қарорлари ижроси ҳолатини ўрганиши ва асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиши зарурлиги, мазкур масалага Бош прокурор ҳисоботини эшитиш давомида ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Тараққиётнинг янги босқичида
- Сиандаги мусулмонлар маҳалласи (Фоторепортаж)
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг