"Муқаддассан, Ватан байроғи!"

14:38 21 Ноябрь 2022 Жамият
281 0

Республикамизнинг барча идора ва ташкилотларида, маҳаллаларда, таълим муассасаларида 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Ана шундай тадбирлардан бири — Пойтахтимиздаги 269-умумтаълим мактабида ҳам уюштирилди.

“Муқаддассан, Ватан байроғи!” шиори остида бўлиб ўтган мазкур тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ мамлакат суверенитетининг муҳим белгиси — Давлат байроғига эга бўлди. 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Байроқ суверенитетимизнинг рамзи ҳисобланиши, шу билан бирга халқаро муносабатларда давлат тимсоли бўлиши мазкур қонунда белгилаб берилди.

Шунингдек, давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз акс этган.

Миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган.

Бугун байроғимиз фақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни яқинлаштирадиган воситага айланди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни борлигини, хусусан, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.

Байроғимиз Ўзбекистон халқининг меҳмондўст, меҳнатсевар, серҳаракат, бағрикенг, очиқкўнгил эканидан, энг муҳими, тинчликпарварлигидан дарак беради. Байроққа нисбатан халқимизнинг муқаддас қадрият деб қараши унга ниҳоятда юксак ҳурмат кўрсатиб, эҳтиёткорона муносабатда бўлиши ҳам таҳсинга сазовор.

Тадбир давомида мактаб ўқувчилари байроқ ҳақида қизиқарли маълумотлар, шеър ва қўшиқлар ижро этишди. 

Якунда эса энг фаол ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилди.

Раъно НУРИДДИНОВА,

Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер