Муҳим воқеалар ва кутилаётган расмий тадбирлар ҳақида маълумот берилди

10:17 27 Апрель 2021 Сиёсат
762 0

Фото: Ҳасан Пайдоев ("Халқ сўзи")

Кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафтада давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган ва жорий ҳафтада кутилаётган расмий тадбирлар хусусида оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқача маълумот берди.

Таъкидланганидек, ўтган ҳафтада Президентимиз “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш бўйича тақдимотлар билан танишди. Унда халқимиз учун авиачипталар нархини арзонлаштириш, чиптани сотиб олишдан самолётга чиққунга қадар бўлган барча жараённи тўлиқ рақамлаштириш лозимлиги, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортига кириб боришдаги анчадан бери ёпиқ ётган эстакада йўли очилиши йўловчиларга катта қулайликлар яратиши таъкидлангани айтиб ўтилди. Эътиборлиси, Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан биргаликда Тошкент давлат транспорт университети таркибида Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби очилиши ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари раислигида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани, унда тармоқда амалга оширилаётган ишлар билан бирга, қатор муаммолар ҳам таҳлил этилиб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилгани айтиб ўтилди.

— Давлатимиз раҳбари туризм, ахборот технологиялари, йўл бўйи инфратузилмаси, тиббиёт, таълим ва бошқа йўналишларни ривожлантириш ҳақида тўхталиб, ушбу мақсадлар учун бюджетдан ва «Миллий банк» АЖ томонидан тадбиркорларга жами 500 миллион доллар йўналтириладиган бўлди. Бу хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига катта туртки, стимул беради, — деди Президент Матбуот котиби Ш. Асадов.

Бундан ташқари, брифингда шу йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти 6 та хорижий давлатнинг, Европа Иттифоқининг мамлакатимизга янги тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олгани, ушбу давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилгани, улардан ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга кўтарадиган кўплаб лойиҳалар ўрин олгани ҳамда Президентимиз мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Тожикистон Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Содиқ Имомийни қабул қилгани ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ўша куни Тошкент шаҳридаги янги корхоналар ва пойтахтдаги ободонлаштириш ишлари билан танишди. Брифингда ушбу тадбирларда тармоқлар ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича жорий этилаётган янгиликларнинг аҳамияти, халқимиз учун муносиб шарт-шароитлар яратишдаги афзалликларига алоҳида урғу берилди.

Брифингда шу ҳафта давомида бир қатор расмий тадбирлар бўлиб ўтиши ҳақида ҳам ахборот берилди.

— Шулар қаторида, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича видеоселектор ўтказилиши режалаштирилган, — дейди Ш. Асадов. — Унда иккита асосий йўналиш, яъни, биринчиси, ички бозорни қурилиш материаллари билан етарлича таъминлаш, энергия самарадорлиги орқали таннархни тушириш, иккинчиси, импорт таркибини ўрганиб, уларнинг ўрнини босадиган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бунинг учун янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириб, корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, ҳудудларда иқтисодиёт тармоқлари самарадорлигини ошириш, темир йўл транспорти тизимидаги трансформация жараёнларини жадаллаштириш юзасидан тақдимотлар ўтказилиши, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқотлари ҳам режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Раҳим ШEРҚУЛОВ,
Ҳасан Пайдоев (суратлар)
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?