Муҳим масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди

16:55 26 Май 2022 Жамият
470 0

Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши котибиятлари мудирлари, ёшлар масалаларига масъул доимий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб мажлис қатнашчилари йигирма олтинчи ялпи мажлис муҳокамасига киритилган масалалар билан таништирилди. Шундан сўнг бир қатор муҳим масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, муҳокама этилди.

Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни таҳлил этилди. Қонун ташаббускорлари томонидан мазкур қонуннинг мақсади, мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви функцияларини бажариш амалиётидан воз кечиш, давлат идоралари ходимлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда уларни ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича сезиларли чоралар кўрилмоқда.

Ушбу Қонун давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилаб, тўғридан-тўғри таъсир этиш кучига эга.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати фақат давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилиши белгилаб қўйилмоқда.

Қонунда давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Таъкидланишича, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ошириш билан боғлиқ масалалар қонунда мустаҳкамалаб қўйилишига эришилади.

Мажлис доирасида яна бир қонун – “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни муҳокама этилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, ушбу қонун бугунги кунда ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини кучайтириш борасида қонун даражасида ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар сақланиб қолган.

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомилларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилиб, ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш тақиқланмоқда.

Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб 15 йил давомида кўчмас мулкка виждонан эгалик қилиб келаётган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объектлари учун солиқлар тўлаб келинганлиги тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объектлари қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилмоқда.

Қўмита мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил ва 2022 йил 1-чорак якунлари ижроси тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди. Давлат бюджетининг ижроси юзасидан Молия вазирлиги мутасаддилари томонидан тўлиқ ахборот берилди.

Таъкидлангандек, 2021 йилда дунё бўйича кўпчилик мамлакатларнинг иқтисодиётларида тикланиш жараёни кузатилган, жумладан 2021 йил якуни билан ўз вақтида оқилона олиб борилган фискал ва монетар сиёсат натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти 7,4 фоизга ўсиб, ЯИМ ҳажми 734 трлн 600 млрд сўмни ёки 69,2 млрд. долларни ташкил этган, шунингдек, 2022 йилнинг I чорагида ЯИМ 5,8 фоизга ўсган. Бундан ташқари, ялпи қўшилган қиймат 2021 йилда 7,5 фоизга кўпайиб, 681 трлн. 400 млрд. сўмни ташкил этган. Шунингдек, 2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан 16,0 фоизга ўсиб, 42,1 млрд. долларни ташкил этган.

Давлат бюджети даромадлари 2021 йилда 164 трлн. 800 млрд. сўмни ташкил этиб, белгиланган 147 трлн 700 млрд. сўм прогноз 111,6 фоизга ёки 17 трлн. 100 млрд сўмга ошириб бажарилган ёки 2020 йилга нисбатан эса 31 трлн. 900 млрд. сўмга ўсган.

2022 йилнинг I чорагида Давлат бюджети даромадлари белгиланган 39,1 трлн. сўм прогнози амалда давлат мақсадли жамғармаларисиз 41,9 трлн. сўмга ёки 2,8 трлн сўмга (107,2 фоиз) ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 трлн. сўмга кўпайган.

Мажлис сўнгида кун тартибидаги масалаларга доир Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

"Халқ сўзи", Сирожиддин Воҳидов олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер