Мудофаа вазирлигига қарашли ОҲТМда битирув маросимлари ўтказилди

20:08 27 Июнь 2021 Жамият
393 0

Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида офицер бўлишни мақсад қилиб, белгиланган муддат давомида танлаган соҳалари бўйича таълим-тарбия олган ўғлонларнинг навбатдаги битирув тантаналари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилди.

Мамлакатимиздаги энг нуфузли ва таянч олий ҳарбий таълим муассаса саналган Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган битирув тадбирида мазкур олий ҳарбий таълим даргоҳининг ва Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси қалдирғочларининг битирувчилари сафларга кузатилди.

Ушбу маросимларда ва Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртида ўтказилган тантанада мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов иштирок этиб, ёш офицерларни қутлади, уларга таълим-тарбия берган устоз-мураббийлар ва ота-оналарнинг меҳнатини эътироф этди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам битирувчиларига ўзларининг самимий тилакларини билдиришди.

Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонларни мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Алишер Норбоев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотларидан келган меҳмонлар биргаликда тантанали топширдилар. Уларга янги-янги довонларни забт этишларида толмас куч-қувват тилашди.

Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ҳам битирув маросими байрамона ўтказилди. Мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Зоиржон Бозорбоев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари битирувчиларни қутлаб, уларнинг келгуси хизмат фаолиятларида ва шахсий ҳаётларида улкан муваффақиятлар тилади.

Ёш лейтенантлар ҳам зиммаларидаги улкан масъулиятни ҳис қилган ҳолда билдирилган юксак ишончга муносиб фаолият юритишга ваъда бердилар. Яратилган шарт-шароитлар, берилган билим, тажриба ва кўникмалар учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар. Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари ва таниқли санъаткорларнинг чиқишлари тадбирларга кўтаринки руҳ бахш этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?