Мудофаа вазирининг ахбороти эшитилди

11:01 04 Декабрь 2020 Сиёсат
785 0

2020 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва ҳарбий қурилишини ривожлантириш ҳамда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида бажарилган вазифалар ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини сифатли ташкил этиш ҳамда юқори даражага кўтариш мақсадида «Чирчиқ» полигони ҳудудида Мудофаа вазирлигининг моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази янгидан барпо этилган.

Мазкур марказда айни кунгача 160 нафар тактик бўғиндаги командир ҳамда 23 нафар куч тузилмалар офицери илк бор махсус ўқув курсда таҳсил олган. Натижада командирлар ўз бўйсунувчиларини жанговар ва махсус вазифаларни бажариш вақтида бевосита самарали бошқариш малакаси оширишга эришилган.

Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази, «Каттақўрғон», «Термиз», «Ангрен» ва «Сазаган» полигонлари халқаро талабларга мос равишда янги кўринишда таъмирланди. Уларнинг ўқув-моддий базалари замонавий воситалар билан жиҳозланган.

Аҳамиятлиси, ҳар йили такрорланиб ўтказиладиган машғулотларга чек қўйилган. Ҳафтанинг кетма-кет 4 куни фақат жанговар тайёргарликка ажратилиб, машғулотлар сифати ва сони оширилган.

Яна бир жиҳат. Ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 октябрдаги ПҚ-4870 қарори орқали вазирлик таркибида янги олий ҳарбий таълим муассасаси – Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил қилинган. Унда ҳарбий интернатура, клиник ординатура, магистратура ва докторантура даражасидаги мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Қолаверса, Қуролли Кучлар Академиясида Ички ишлар вазирлигининг иккита – «Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг тактик қўмондонлиги» ва «Аниқловчи ва қўриқловчи электрон тизимларни ташкил этиш ва фойдаланиш бўйича муҳандислик қўмондонлиги» бакалавриат йўналишларида офицерларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси асоси ҳисобланган «Сафарбарлик» электрон маълумотлар базаси барпо этилган.

Мазкур тизимни самарали фаолият юритиши учун Республикамизнинг 14 та Мудофаа ишлари бошқармаси ва 201 та Мудофаа ишлари бўлимига 228 км оптик толали алоқа кабеллар ётқизилиб, замонавий ахборот-коммуникация қурилмалари ҳамда технологиялари билан жиҳозланишига эришилган.

Натижада «Сафарбарлик» электрон маълумотлар базаси Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» ва «Хорижга чиқиш паспорти» ахборот тизимлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграция қилинган.

Сўнгги йилларда қўшинларни янги қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилиши натижасида штатда мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 % янгиланган.

Мажлисда 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида бажарилиши лозим бўлган айрим топшириқларнинг ижроси тўлақонли бажарилмаганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, юртимизда сўнги ойларда эпидемиологик вазият кузатилгани сабабли мамлакатимизда мавжуд айрим ҳарбий шаҳарча ва полигонлардаги объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари тўлиқ якунига етказилмаган.

Бундан ташқари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида вилоят, туман ва шаҳарлар кесимида ҳудудий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ёшларнинг тоифаларидан келиб чиқиб, мақсадли ва манзилли тадбирларни амалга ошириш ишлари суст олиб борилган.

Шунингдек, бугунги кунда олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнлари бир нечта босқичда олиб борилиб, ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Мудофаа вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?