Муаззам шаҳарда байрам тадбирлари бугундан бошланди

19:16 15 Октябр 2022 Жамият
581 0

Фото: Халқ сўзи

Мана 27 йилдирки, 18 октябрь — Самарқанд шаҳри куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Бу йил ҳам муаззам шаҳарда мазкур байрамга ўзгача тайёргарлик кўрилмоқда. Тадбирлар кўлами ҳам кенг ва ранг-баранг. Тўйга – тўёна, деганларидек, сана олдидан қатор янги объектлар фойдаланишга топшириляпти.

Бугун Самарқанд шаҳридаги барча спорт мактабларида ҳаваскор ва профессионал спортчилар ўртасида спорт мусобақалари бошланди. Спортнинг бир неча турлари бўйича старт берилган мусобақалар ғолиблари 18 октябрь куни тақдирланади.

Бундан ташқари шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш мақсадида «Табиат саховати» арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ҳам иш бошлади.

Байрам дастурига кўра, 15-24 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрининг «Қорасув» маскани, Фарҳод шаҳарчаси, Алишер Навоий ҳамда «Ёшлик» истироҳат боғида, «Нурафшон» санъат саройида маданий тадбирлар, концертлар дастурлари бўлиб ўтади.

Асосий тадбирлар Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ва Алишер Навоий номи билан аталувчи кўчада бўлиб ўтади. Мазкур кўчада тўртта рамзий дарвоза ўрнатилиб, гуллар ва қушлар, Шарқ ширинликлари ва бошқа бир қатор фестиваллар, ярмаркалар ҳамда кўргазмалар ташкил қилинади. “Made in Uzbekistan” саноат ярмаркасида Самарқанд шаҳрида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш этилади.

18 октябрь куни Самарқанднинг ўзига хос «ташриф қоғози» – Регистон майдонида тунги чироқлар шоусини ўтказиш ҳамда тарихий обидалар ва музейларга кириш тўловларсиз амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Университет хиёбонида шаҳардаги барча олий таълим муассасалари ҳамда миллий маданий марказлар томонидан кўргазмали ва маданий чиқишлар, концерт дастурлари тақдим этилади. «Мўъжиза» амфитеатрида ўтадиган гала-концерт олдидан Самарқанд шаҳри кунига бағишланган танлов, мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ғолибларини тақдирлаш кўзда тутилган.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?