Муаммоларни ҳал этишнинг янгича тизими

21:02 04 Август 2021 Жамият
508 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи” 

Халқни рози қилиш — энг олий саодат. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ана шундай эзгу мақсадларга қаратилган. 
Қарши шаҳар 2-сектори ўз фаолиятини “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ташкил этаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда. Хусусан, секторга бириктирилган маҳаллаларни комплекс ривожлантириш юзасидан “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. 

Асосий эътибор “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратиляпти. Биргина, “аёллар дафтари”га 541 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, шундан барчасига турли йўналишларда амалий ёрдамлар кўрсатилди. 315 нафари ишсиз аёлга ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 166 нафарининг бандлиги таъминланди. 45 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 14 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 79 нафар хотин-қизларга тикув машинаси, 28 нафарига пишириш печи берилди. Икки нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. 110 нафари касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинди. 37 нафар хотин-қизга 531 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Қолаверса, “Шоҳбекат” МФЙда яшовчи 11 нафар фуқаронинг, “Нахшаб” МФЙда яшовчи 5 нафар фуқаронинг яшаш хонадони учун ордер берилди.
Қирққа яқин тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ушбу йўналишларда амалий ёрдам берилди.
Яна бир муҳим йўналиш, яъни “темир дафтар” бўйича 2-секторда 1 613 та эҳтиёжманд оила рўйхати шакллантирилган. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида жами уч маротаба 354 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Эҳтиёжмандларнинг аксариятига 1 млрд. 142 млн. 465 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Эҳтиёжманд оила аъзоларининг 1 570 нафарини бандлиги таъминланди. 

Натижада эҳтиёжманд 1548 та (96 фоиз) оила эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқарилди. 
“Ёшлар дафтари”га киритилганлар ҳам доимий эътиборда. Жумладан, 273 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 128 нафари ўқитилди, 80 нафари ўзини ўзи банд қилинди. Яна юзлаб ёшларга кредитлар ажратилди.
Бу ҳаммаси эмас. Қарши шаҳар 2-сектор ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, “Karakalpak sement” МЧЖ томонидан “Цемент қоплари ишлаб чиқаришни” ташкил этиш лойиҳасини умумий қиймати 54 млрд. 761 млн. сўмни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 61 та янги иш ўрини яратилади.

“Aziya metal garant” МЧЖ томонидан “Темир буюмлари ишлаб чиқариш” лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида юзта янги иш ўринлари яратилди.
Айни пайтда “Innovation glass technology” МЧЖ, шунингдек, “1-son kompleks loyiha qurilish va montaj” ХK томонидан акфа ва МДФ эшик, ромлар  ишлаб чиқаришни ташкил этиш чоралари кўрилдики, бу яна кўплаб иш ўринлари очилишига туртки бераётир.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган секторлар фаолияти, хусусан, иккинчи сектор томонидан амалга оширилаётган ишлар одамларни рози қилишдек хайрли мақсадларни кўзлаган. Бугун ана шундай ниятларга эришиляпти, десак, муболаға бўлмайди. 

“Халқ сўзи”.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар. 


 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?