Мисрнинг «Ал-Хабар ал-ёум» газетасида Ўзбекистон мавзусида туркум материаллар чоп этилмоқда

12:48 09 Август 2020 Сиёсат
307 0

 Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар мамлакат ички ва ташқи сиёсатида янги даврни бошлаб берди. Бу, ўз навбатида, яқин ва қўшни, шу жумладан тенг шериклик ҳамда ўзаро ишонч руҳида ҳамкорлик истагида бўлган мамлакатларни Ўзбекистон билан фаол мулоқотни йўлга қўйишга ундамоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган янгиланиш ва ислоҳотлар самараси халқаро оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлиб келмоқда.

Хусусан, Мисрнинг «Ал-Хабар ал-ёум» (Кун хабари) газетаси ўз саҳифаларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасидаги янги марралар, инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган халқаро форум ҳамда «Тошкент – Қоҳира» йўналиши бўйича амалга оширилиши белгиланган парвоз жадвали ҳақида туркум материаллар чоп этди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

“Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилди” сарлавҳали материал нашр томонидан ўз ўқувчиларга ҳавола қилинган мамлакатимиз ҳақида асосий хабарлардан бири сифатида қайд этилади.

Мақолада Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Жаҳон банки иштирокида «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши натижалари таҳлил қилинган.

Жумладан, материалда шундай дейилади: «Мажлисда Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар миқдордаги кредитни жалб қилиш лойиҳалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президентининг кўрсатмаларига биноан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 10 та илмий-тадқиқот институти ва 4 та марказ фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш учун 87 миллион доллар ажратилади. Кўчатлар етказиб бериш ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш учун 70 миллион доллар, қишлоқ хўжалигида рақамли ишларни олиб бориш учун эса 10 миллион доллар ажратилади».

Нашр минтақалардаги кооператив жамиятлар ва ишлаб чиқариш мажмуаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, бунинг учун 200 миллион доллар, халқаро молия институтларидан Фарғона водийси учун 54 миллион доллар, Хоразм вилоятига 100 миллион доллар маблағ ажратилганини келтиради.

«Ўзбекистон турли вилоятларда боғдорчилик майдонларини кенгайтириш режалаштирган. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги учун агрологистика марказлари ва мажмуаларини ташкил этиш учун 65 миллион доллар миқдорда маблағ ажратиш тўғрисида кўрсатма берди», дейилади «Ал-Хабар ал-ёум» хабарида.

Муаллиф Фотима Бадавийнинг навбатдаги мақоласи жорий йилнинг 12-13 август кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича форумга бағишланди.

Ушбу форум Ўзбекистон ҳукумати томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъуллигида ташкил этилмоқда.

Мисрлик журналист ушбу форумнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши тасодиф эмаслигини қайд этиб, 2018 йилнинг ноябрь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича форумнинг ҳам ушбу шаҳарда ўтказилгани, унинг якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилингани ҳақида хабар беради.

Халқаро форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи расмийлари, дипломатик корпус аъзолари, инсон ҳуқуқлари масалаларига ихтисослашган халқаро, минтақавий ва миллий институтлар вакиллари, экспертлар, олимлар ва жами 300 нафардан ортиқ инсон иштирок этиши кутилмоқда.

Миср газетаси пандемия шароитида Ўзбекистон ҳукумати томонидан фуқароларни ватанга қайтариш мақсадида ташкил этилаётган чартер рейслар жадвали, улардаги ўзгаришлар ҳақида ҳам мунтазам ахборот тарқатиб келмоқда. Бу галги қисқа хабарда эса «Тошкент – Қоҳира» ҳамда «Тошкент – Пекин – Тошкент» йўналишлари бўйича парвозларнинг вақтига ўзгартириш киритилгани ҳақида маълумот берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?