Мишел Бачелет: Ёшлар келажакка катта ҳавас билан қарамоқда

10:34 13 Август 2020 Сиёсат
295 0

Биз барпо этаётган келажакка ёшлар катта қизиқиш ва манфаатдорлик билан қарамоқда, деб таъкидлади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд онлайн форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази хабарида келтирилишича, «Мен Халқаро ёшлар куни илк бор нишонланганига 20 йил тўлган санада ушбу анжуманнинг виртуал иштирокчиси бўлиб турганимдан жуда мамнунман. Коронавирус пандемияси ва иқлим ўзгариши – ана шу иккита ўзаро боғлиқ фалокат барқарор ривожланиш йўлидаги олға қадамларимизни сусайтириш билан таҳдид солаётган ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кўплаб муҳим мақсадларимизни хавф-хатарга қўяётган ҳозирги даврда навқирон инсонларнинг барча фаолият соҳаларида ва ижтимоий ҳаёт йўналишларида янада кенг иштирок этишини кучайтириш учун иш олиб боришимиз ҳаётий муҳим ҳисобланади», деб қайд этган М.Бачелет.

Айнан ёшлар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг фикрича, умумжаҳон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи барқарор ривожланишга эришиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг олдинги марраларидадир. «Бутун дунёдаги ҳукуматлар ёшларга хос бундай фаолликнинг қадр-қимматини тан олишлари ва уларнинг афзалликларидан тўла фойдаланишга интилишлари лозим», деб таъкидлади у.

Мишел Бачелет, шунингдек, COVID-19 пандемияси бугунги ёшларга вайронкор таъсир кўрсатишининг кўплаб аломатлари мавжудлигига эътиборни қаратди. Таълим, касбга тайёрлаш тизими ва меҳнат бозорига жиддий зиён етказилган. Бу муаммоларга ечим топиш учун тенгсизлик ва тараққиёт тақчиллигига барҳам бериш ҳамда бу муаммоларнинг олдини олишга қаратилган самарали чоралар орқали COVID-19 пандемиясига муносиб жавоб қайтариш тақозо этилади. Айни чоғда, аксарият мамлакатларда навқирон инсонлар ўз жамиятларида пандемияга қарши курашиш учун тиббиёт ва ижтимоий соҳалар ходимлари билан бирлашиб иш олиб бораётганлари таъкидланди.

«Мазкур Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми – минтақанинг барча навқирон инсонлари учун ўз тажрибаларини ўртоқлашишга қулай имконият бўлса, ҳукуматлар вакиллари учун ана шу ёшларни тинглаш имкониятидир. Бу барча иштирокчилар учун барқарор ривожланишга эришишда ёшларнинг ролини ошириш йўлларини излаш, бунда сиёсат ёшларнинг эҳтиёжлари ва овозларини ҳисобга олишини таъминлаш имконияти ҳамдир. Мен теран, очиқ ва самарали мунозаралар учун шундай шароитни тақдим этгани учун ҳукумат вакилларига миннатдорчилик билдираман", деб таъкидлади ўз мурожаатида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари.

«Биз инсон ҳуқуқлари, айниқса, навқирон авлод ҳуқуқлари кундалик воқеликка айланишига эришмоғимиз учун ҳали олдимизда олис йўл турибди», деб ҳисоблайди ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле. "Ушбу ҳуқуқларни ҳаётга жорий этиш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш – ЮНEСКОнинг келажак авлодга содиқлиги замирида айни шу ҳақиқатлар мужассам. Бу, биринчидан, таълим олиш орқали ёшларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятини назарда тутади.

“ЮНEСКО, сизга маълумки, ушбу ҳуқуқни, айниқса, аҳолининг заиф қатламлари - ёшлар, қизлар, аёллар, қочоқларнинг бу борадаги ҳуқуқини рағбатлантиришнинг қатъий тарафдоридир", деб қайд этди Одри Азуле бугун Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида.

Унинг фикрича, навқирон инсонлар эртанги дунёда - рақамли истиқболлар ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш муаммолари ҳаддан ташқари долзарблик касб этадиган дунёда эркин олға юришлари учун уларни мақбул воситалар билан таъминлаш зарур. ЮНEСКО ушбу соҳаларда ёшларнинг зарур кўникмаларини ошириш борасида изчил иш олиб бормоқда. Шунингдек, ёшлар шунчаки томошабинларига эмас, балки фаол иштирокчиларга айланишлари учун бу борадаги сиёсатни ишлаб чиқишда ёшларнинг иштироки кенг қўллаб-қувватланмоқда.

«Парламентлараро иттифоқ каби, менинг ўзим ҳам навқирон йигит ва қизларнинг шиддат-шижоатига астойдил ишонаман», деди Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг. Маълумки, Парламентлараро иттифоқ глобал парламент ташкилоти бўлиб, 179 та миллий парламент унга аъзодир.

«Шуни фахр билан айта оламанки, ёшларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этиши бизнинг стратегик устувор мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Бугун биз инсоният тарихидаги ҳал қилувчи дамларда учрашиб турибмиз. Бу дамлар хотирамизда ҳам, шунингдек биздан кейинги кўплаб авлодлар сабоқ оладиган мактаб дарсликларида ҳам сақланиб қолади. Бизнинг мазкур виртуал шаклдаги учрашувимиз — ғайриодатий давримиздан гувоҳлик бериб турибди», деб таъкидлади Парламентлараро иттифоқ раҳбари.

Унинг қайд этишича, «жаҳон ҳамжамияти кутилмаган муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилаётган ҳозирги даврда дунёнинг кўпроқ инновациялар, кўпроқ шиддат-шижоат ва кўпроқ ғояларга эҳтиёжи кучлидир. Ёшларда айни шу омилларнинг барчаси мавжуд. Шу маънода, айтмоқчиманки, ёшларнинг сиёсатда иштирок этиши - бу нафақат амалга оширилиши зарур бўлган ҳуқуқ, айни чоғда, бизнинг ялпи келажагимизга тикадиган сармоямиз ҳамдир».

Парламентлараро иттифоқнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти ҳақида сўз борганда, шуни таъкидлаш жоизки, Парламентлараро иттифоқ «ёш депутатларнинг раҳбарлик лавозимларига сайланишига, шунингдек парламент таркибидаги ёшлар фракциялари ва қўмиталари каби ёшлар фаолияти билан боғлиқ механизмлар татбиқ этилишига кўмаклашади».

Табиийки, анжуманга "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусини танлаган халқаро форум иштирокчилари Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини ҳам муҳокама қилдилар. Мазкур халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида илгари сурилган.

Самарқанд форуми давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қайд этганидек, бундай Конвенциянинг зарурати бугунги кун воқеликлари ва талаблари, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар билан ўзаро боғлиқ ва ҳамоҳангдир.

Биринчидан, ёшларнинг ҳозирги авлоди дунё тарихи бўйича олиб қараганда энг кўп сонлиси ҳисобланади, аммо уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Иккинчидан, ёш авлод ижтимоий субъект сифатида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама — ёшларни ривожлантиришга йўналтирилган муайян ресурсларни ажратиш, давлат ёшлар сиёсатининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ замонавий инфратузилмасини яратиш каби қўллаб-қувватловига муҳтож.

Учинчидан, аҳолининг ёшлар қатлами учун ёш чегарасининг халқаро мезонларини ишлаб чиқиш ва буни ёшлар ҳуқуқлари ҳамда уларни таъминлаш бўйича давлат мажбуриятлари ўрнатилган халқаро ҳужжатда белгилаш муҳим аҳамиятга эга бўлгани ҳолда, ҳозиргача бундай ҳужжат мавжуд эмас.

Тўртинчидан, бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда БМТнинг «Ёшлар — 2030» ёшлар стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Лекин ҳамон белгиланган аниқ мақсадлар ва мезон кўрсаткичлари бўйича ёшларнинг ривожланиш истиқболларини намоён этувчи замонавий халқаро модель яратилмаган.

Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига табригида «бугунги Форум иштирокчилари ҳам ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлайдилар, ҳужжат лойиҳасини ўз амалий таклифлари билан бойитадилар», деб ишонч билдирилгани бежиз эмас.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.

Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби бир қатор халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?