«Мисдан ясалган истеҳком» ёхуд Бухоронинг мудофаа деворлари

14:53 23 Январь 2023 Жамият
582 0

Фото: Халқ сўзи

Тарихингдир минг асрлар...

 

Қадимда шаҳарларнинг мудофаа деворлари билан ўраб олиниши, табиийки, душмандан ҳимояланиш, хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим саналган. Шунингдек, улар қалъа - қўрғонларнинг қудратини намоён этган.

Бухоро воҳасида бугунги кунда учта мудофаа деворлари қолдиғи сақланган бўлиб, кўпчилик уларни ажратишда аксарият ҳолларда чалкашликларга учрайди. Биринчиси бутун воҳани ўраб олган Кампирак ёки Кампир девор бўлиб, узунлиги 330 километрни ташкил этади. Иккинчисининг узунлиги 12 километр. У кўҳна кентнинг 555 гектарлик эски шаҳар қисмини ўраб турган. Учинчиси эса шаҳар ичидаги шаҳар номи билан машҳур Арки олийнинг 800 метрга чўзилган девор қолдиқларидир.

Қизилқум саҳролари орқали ўтган воҳа девори бугунги кунгача сақланмаган, фақатгина Қизилтепа туманида айрим вайрона қисмларини кўриш мумкин. Иккинчиси нисбатан яхши сақланган. Бироқ унинг ҳам атиги 10-15 фоизи ҳозирда қад ростлаб турибди.

Бухоро шаҳар девори тарихий тараққиёт даврлари натижасида кенгайиб борган. Академик Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг маълумот беришича, Бухорода ўтказилган археологик экспедиция натижасида моддий маданият излари орасида 15,5 метр ҳамда 18,5 метр чуқурликда ковлаб очилган қадимги икки мудофаа деворлари қолдиқлари топилган. Шундан биринчи мудофаа девори 2,5-3, иккинчиси 2-2,5 метр баландликда сақланган. Мир Араб мадрасасининг яқинида олиб борилган қазишмалар чоғида 4,5 метр чуқурликда шаҳарнинг қадимги мудофаа деворлари қолдиқлари қайд этилган. Девор пахса ҳамда хом ғиштдан бўлиб, 5-6 метр баландликда сақланган. Ушбу мудофаа иншооти V-VI асрларда қад кўтарган. У бир неча бор таъмирланиб, қайта-қайта тиклангани исботланган. Шу сабабдан илк ўрта асрларга келиб унинг кенглиги 17 метргача етган.

Бухоро девори кўплаб ҳукмдорлар томонидан қайта қурилиб, таъмирланган. Хусусан, Аҳмад ибн Холид, Масъуд Қилич Тамғочхон, Хоразмшоҳ Муҳаммад ибн Султон Такаш даврларида девор янгидан қурилиб, таъмир этилган. Аммо Сомонийлар ҳукмдори Исмоил Сомоний «То тирик эканман, Бухоро вилоятининг девори мен бўламан», деб, бу сермашаққат юмушдан элни халос қилган. Муҳаммад Наршахийнинг ёзиб қолдиришича, у бу вазифани тўла адо этган, душманларнинг Бухоро устидан зафар қучишларига йўл қўймаган.

Ўрта асрларда Бухоро шаҳрининг мудофаа деворлари мустаҳкам қурилганлиги туфайли «Мисдан қуюлган шаҳар», «Мисдан ясалган истеҳком», «Мис шаҳар» маъноларини англатувчи «Мадинат ус-суфрия» атамаси берилган. Бундан ташқари шаҳарнинг «қалъа», «қўрғон» маъноларини билдирувчи «Нумижкат», «Бумискат» номлари ҳам унинг мустаҳкам шаҳар бўлганига ишорадир.

Шаҳар девори XVI асрда кенгайтирилганидан сўнг ўзгартирилмаган. Фақат таъмирлаб турилган, холос. Лой сувоқли пахса деворнинг ўртача баландлиги 5-10 метр атрофида бўлиб, қалинлиги пойдеворида 5-6 метрни, юқори қисмида 1,5-2 метрни ташкил этган. Ҳар 100 метр масофада ярим айлана шаклида жами 116 та бурж ҳосил қилинган бўлиб, бу орқали мудофаа қудрати оширилган. Тож шаклидаги тишли декор қисмларидан иборат деворнинг юқори қисми «дандона» деб номланган. «Дагона» деб аталувчи соқчилар йўлаги эса думалоқ мудофаа майдонлари ва шинаклар билан таъминланган. Девор бўйлаб шаҳарнинг 11 дарвозаси жойлашган бўлиб, шаҳарга кириш-чиқиш назорат қилинган ва мустаҳкам қўриқланган. Ярим айлана цилиндрсимон шаклдаги қўш минорали дарвозалар шом намозидан кейин ёпилиб, бомдод намозидан сўнг очилган. Девор атрофи бўйлаб шаҳарни қўриқлаш хизмати фаолият кўрсатган. Ҳар бир дарвозани ўнга яқин сарбоз ва уларнинг раҳбари ўнбоши бошқарган. Тунда 8-10 соат давомида дарвозалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. Дарвозалар қулфлангач, калитларни шаҳар қўриқлаш хизмати миршабхонага жўнатган. Сўнгра шогирдпешалар орқали «Мириғазаб» деб аталувчи бош маҳкамага юборилган. Ҳар эрталаб соат 6-7 атрофида дарвозалар очилиб, соқчиларнинг навбатчилик хизмати алмашиб турган. Ана шундай муҳим тарихий аҳамиятга эга дарвозаларнинг ҳаммаси 1940 йилгача сақланган бўлиб, кейинчалик турли баҳоналар билан бирин-кетиб бузиб ташланган. Ҳозир фақат Талипоч ва Қоракўл дарвозалари асл ҳолича сақланиб қолган.

Мудофаа девори бухороликларнинг яшаш ҳудуди этимологияси шаклланиши, хусусан, шаҳар ичкариси ёки ташқарисида истиқомат қилишини белгилашда муҳим ўрин тутган. Жўйбори дарун ва Жўйбори берун, Дилкушойи дарун ва Дилкушойи берун ҳудудлари бунга мисол бўла олади. Бухороликлар шаҳар деворини «қалъа» деб ҳам аташганини маълум. Шу сабаб кунжи қалъа (қалъанинг бурчаги), нуги қалъа (қалъанинг учи), миёни қалъа (қалъанинг ўртаси), таги қалъа (қалъанинг олди) каби шаҳарнинг топографик жой номлари секин-аста шаклланган ва ҳозиргача ҳам ишлатилиб келинади.

Бугун Бухоро очиқ осмон остидаги музей шаҳар сифатида қадрланади. Аслида бундай шараф минг йиллик обидаларни мустаҳкам девор ила ўраб олган қадим қалъага нисбатан айтилган. Аслида шаҳар девор билан бирга яхлит композицияни ташкил этади. Сайёҳлар ҳам айни шундай ўрта асрлар типини сақлаб қолган қадимий шаҳар томошасига ошиқадилар. Шундай экан, биз ҳам тарихда мустаҳкамлиги сабаб мис ва бронзага қиёсланган, ҳозирда эса олтинга баробар кўҳна кент деворини кўз қорачиғидек асрашимиз, сақлаб қолишимиз даркор. Токи, кун келиб бир кун «Аттанг», деб қолмайлик.

Зеро, деворлар шаҳарнинг ўтмиш тарихи, умумий ҳудуди, унинг топографияси, топоними, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, ҳарбий салоҳияти, этнолокал маълумотларни билишда муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, сайёҳлик йўналишига мудофаа иншоотлари томошасини ҳам киритиш мақсадга мувофиқдир.

Шавкат БОБОЖОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Тарих институти таянч докторанти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер