Мирзиёев, Цзиньпин, Эрдоған билан музокаралар. Путиннинг Самарқандда бўладиган ШҲТ саммити доирасидаги учрашувлари маълум қилинди

22:46 13 Сентябр 2022 Дунё
732 0

Фото: Коммерсантъ

Россия президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқандда бўлиб ўтадиган йиғилишида нутқ сўзлайди ва кўплаб икки томонлама учрашувлар ўтказади. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

«Президентимиз ШҲТ мажлисида ҳам тор доирада, ҳам кенгайтирилган таркибда нутқ сўзлайди. У ташкилот олдида турган вазифалар ҳақида ўз қарашларини батафсил баён қилади ва ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш бўйича айрим чора-тадбирларни таклиф қилади», деди Ушаков журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, саммит доирасида Россия Федерацияси Президентининг кўплаб икки томонлама учрашувлари режалаштирилган. Хусусан, у Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон президенти Иброҳим Раиси, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан мулоқот қилади.

«Хитой раҳбари билан учрашувдан сўнг президентимиз Си ​​Цзиньпин ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсух иштирокида анъанавий уч томонлама Россия — Хитой — Мўғулистон учрашуви бўлиб ўтади», деди Ушаков.

«Мавжуд назорат-ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва янгиларини яратиш, Мўғулистон ҳудуди орқали Россиядан Хитойга «Союз Восток» газ қувурини қуриш бўйича қадамларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, юқумли касалликларга қарши курашиш, туризм қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишдан томонлар жиддий манфаатдор», деди у.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланади

Россия раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказади.

«Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланади. Мирзиёевга Александр Невский ордени топшириш маросими бўлиб ўтади», дейди Путиннинг ёрдамчиси.

Шунингдек, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан ҳам музокаралар ўтказишни режалаштирган.

Си Цзиньпин билан нималар муҳокама қилинади?

15 сентябрь куни Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Украинадаги вазиятни батафсил муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

«Мазкур халқаро вазиятнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ушбу учрашувнинг ўзи алоҳида аҳамиятга эга», деди Ушаков ва Самарқандда айнан Россия — Хитой алоқасига катта эътибор қаратишини қўшимча қилди.

«Хитой Украина инқирозига мувозанатли ёндашиб, Россияни махсус ҳарбий операция ўтказишга мажбур қилган сабабларни тушунишини аниқ эълон қилади ва бу масала, албатта, бўлажак мулоқот чоғида батафсил муҳокама қилинади», дейди Ушаков.

Эрдоған билан учрашувнинг кун тартиби

16 сентябрь куни Путин туркиялик ҳамкасби Эрдоған билан «дон келишуви»ни амалга ошириш, шунингдек, Украина, Сурия ва Кавказдаги вазиятни муҳокама қилади.

«Давлат раҳбарлар, шунингдек, бир қатор халқаро мавзуларни – июль ойида Истанбулда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш («дон келишуви»), Украина ва Донбассдаги вазият, шунингдек, ҳамкорликни мувофиқлаштириш масалаларини батафсил кўриб чиқиши кутилмоқда. Сурия ва Кавказда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам шулар сирасига киради», деди Ушаков.

Унинг қўшимча қилишича, бўлажак музокаралар чоғида иқтисодий масалалар катта ўрин эгаллайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер