Мингдан зиёд кўприклар авария ҳолатида эканлиги аниқланди

16:03 25 Ноябрь 2021 Жамият
483 0

Архив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ўринбосари Жамшид Турсуновнинг «Таъмирталаб кўприкларни таъмирлаш ишларининг амалга оширилган ҳолати тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, юртимизда йўл-транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги беш йил давомида 653 та йирик кўприк ҳамда йўл ўтказгичларнинг қурилиши, 907 та кўприк ва йўл ўтказгичларнинг реконструкция қилиниши ҳамда таъмирланиши транспорт инфратузилмаси ривожига ижобий таъсирини кўрсатди. 

Йирик шаҳарларимизда хорижий мутахассислар билан бирга замонавий лойиҳалар асосида янги кўприкларни қуриш орқали транспорт оқимини бошқаришда ижобий натижаларга эришиляпти.

Шу билан бирга, автомобиль йўлларидаги мавжуд кўприклар, йўл ўтказгичлар, тоннеллар, транспорт ечимлари ва бошқа сунъий иншоотлар соз ҳолатда сақланиши, таъмирталаб кўприк иншоотларнинг тикланиши бўйича кечиктириб бўлмас аниқ чораларни кўриш мақсадида республикадаги мавжуд кўприк иншоотлари хатловдан ўтказилди. 

Натижада 2021 йил 1 март ҳолатига кўра, республикада 14 755 та кўприк иншооти мавжудлиги, шундан 3 324 таси идоравий мансуб ташкилотларга бириктирилмагани, 1 009 таси аварияолди ҳамда авария ҳолатида эканлиги, 5 930 та кўприк иншоотлари таъмирталаб аҳволдалиги аниқланди.

Инвентаризация натижаларидан келиб чиқиб, идоравий мансуб ташкилотларга бириктирилмаган кўприк иншоотларини тегишли вазирлик ва идораларга ҳамда маҳаллий ҳокимликларга бириктириш бўйича амалий чоралар белгиланган. 

Шунингдек, аварияолди ҳамда авария ҳолатида бўлган кўприкларни тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарорларига мувофиқ манзилли рўйхатлар шакллантирилиб, тасдиқланди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?