Миллий ва умуминсоний қадриятлар намойиши

Фото: Халқ сўзи
Наврўз байрамининг халқимиз ҳаёти, айниқса, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни жуда катта. Зеро, унинг замирида халқимизнинг улкан тарихи, соф миллий қадриятлари, урф-одатлари, маросимлари, удум ва анъаналари мужассам.
Бу Қарши шаҳрида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида ўтказилган вилоятнинг асосий Наврўз сайлида яна бир бор намоён бўлди.
Қарийб 30 гектарлик боғда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари, маҳаллалар, миллий маданият марказлари, фольклор-этнографик дасталари, ҳунармандлар, касб-ҳунар, ижод мактаблари, спорт муассасалари жамоалари миллий анъаналар, миллий либослар ва таомлар ҳамда ёшларнинг ижод ва спортда қўлга киритаётган ютуқлари кўргазмасини ташкил этишди.
— Сайил таассуротлари катта, — дейди Қарши шаҳридан Муҳайё Бердиева. — Айниқса, фарзандларим роса яйрашди. Кулоллар, темирчилар, гиламдўзларнинг иш жараёни, момоларимизнинг қадимий урчуқда ип йигиришини роса қизиқиб томоша қилишди. Вилоятимиздаги турли маҳаллалар, турли миллат вакиллари ҳозирлаган қадимий деҳқончилик асбоб-ускуналари, буюмлар, сўзана ва шу каби миллий матоларимиз ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик.
Шу билан бир қаторда, сайилгоҳда ташкил этилган миллий ўйинлар, фольклор санъатининг ноёб намуналари, кексаю ёш қалбидан чуқур жой олган қадимий урф-одатлар, эзгу инсоний туйғулар тараннум этилган куй-қўшиқлар, ўлан, лапар ва достонлар ижроси барчага янада ўзгача хушнудлик бағишлади.
Байрамнинг расмий қисми истироҳат боғи ҳудудидаги амфитеатрда бўлиб ўтди. Уни Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов табрик сўзи билан очиб берди.
Санъаткорлар ижросидаги дилбар наволар, жозибали рақслар, бадиий саҳна чиқишлари барчага хуш кайфият, шодонлик улашди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Ўзбекистон Президенти ва Сингапур Президенти музокара ўтказдилар
- 2024 йилдан янги уй сотиб олганларга ҚҚСнинг ярми қайтариб берилади
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
- Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг