“Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”
Архив сурат
21 февраль — Халқаро она тили куни
1999 йили ЮНEСКОнинг Бош анжумани томонидан эълон қилинган Халқаро она тили куни 2000 йил 21 февралидан бошлаб ҳар йили мунтазам нишонлаб келинмоқда. Ушбу сана дунё халқларини лисоний ва маданий тараққиёт ҳамда кўп тиллиликни таъминлашда бирлашишга, жипслашишга ундайди.
Чунки глобаллашган бугунги замонда жаҳонда қанчадан-қанча миллатларнинг тили, маданияти, қадриятлари унутилиб, ҳатто йўқолиб кетмоқда. Бу эса ўша миллатнинг таназзулига, бошқа халқларга сингиб кетишига олиб келяпти. Жадид бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Ҳақиқатан ҳам, жадид маърифатпарварларини ўйлантирган муҳим муаммолардан бири тил масаласи эди. Чунки миллатнинг ўзлиги унинг сўзлигидадир. Ўз тилига бўлган меҳру муҳаббат орқали ўзга тилларни ўрганиш лозимлигини эътироф этган жадид боболаримиз она юртнинг тараққиёти, дунёга юз тутиши учун бу зарур эканини англаб етганлари аниқ.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Икки эмас, тўрт тил лозим” деб ёзаркан, ҳар бир халқнинг маърифати ва тадрижи — ривожланиши она тили ва ўзга миллат тилларни билиш билан боғлиқлигини таъкидлайди.
Турк дунёсининг буюк маърифатпарвар ижодкори Исмоилбек Гаспирали “Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур”, дегани бежиз эмас. У туркий дунёнинг келажаги, тараққиёти ҳақида қайғуриб, ҳар бир миллат ўз она тилини асраб-авайлаши, келгуси авлодларга безавол етказиши зарурлигини уқтиради.
Жадид маърифатпарварларининг қайси бири тил масаласида фикр билдирмасин, аввало, уларнинг қарашлари замирида “Ўз она тилингни қадрла, янада ривожлантир”, деган хитоб ётади.
Хусусан, Исъҳоқхон тўра Ибратнинг ушбу мулоҳазалари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилларни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир”.
Бу мулоҳазалардан шу нарса англашиладики, она тилни билиш унда шунчаки гапириш дегани эмас, балки унда яшаш, нафас олиш дегани. Чунки ҳар бир тилнинг ўзига хос сафоси, ҳавоси, бошқача айтганда, халқ табиати ва тийнатига хосу мос бўлган тагдор гаплари, қочиримлари, коса тагида ним косалари бор. Буни фақат ҳис этиш керак. Бунинг учун эса она тилини севиш керак.
Исъҳоқхон тўра Ибратнинг юқорида келтирганимиз “ватаний иш” иборасини “ватаний ишқ” дея талқин қилиш ҳам мумкин. Зеро, ватанпарварлик она тилига ҳурмат-эҳтиромдан бошланади.
Афсуски, юртдошларимиз орасида тилга бўлган эътибор ҳануз кўнгилдагидек эмас. Тил ҳимояси — эл ҳимояси, юрт ғояси эканини унутиб қўямиз баъзида. Миллий лисонимизнинг жонкуярлари унинг ўрни ва рутбаси ҳақида гапирса, миллатчига чиқарамиз, ваҳоланки, улар миллатпарварлардир. Қани боболаримиз шиор қилган “Тилда, фикрда, ишда бирлик”, ҳамжиҳатлик, якдиллик?!
Жаҳолат бу зулматдир, унга қарши кураш маёғи эса маърифат. Маърифатнинг яроғи эса тилдир. Демак, таълимнинг ҳам, мулоқотнинг ҳам калити — тил. Тил бамисоли дудама ханжарга ўхшайди. Икки томонлама кескир пичоқ. Унинг бир томонида адолат турса, иккинчи томонида, адоват бор. У тузади ҳам, бузади ҳам. Ободлик ва барбодлик, омонлик ва ёмонлик, олқиш ва қарғиш, бунёдкорлик ва бузғунчилик тил воситасида рўй беради. Ким ундан қандай мақсадда фойдаланса, шунга хизмат қилаверади. Мамлакат тараққиёти, Ватан равнақи учун хизмат қиладиган тил, нутқ, сўз доим шарафлидир.
Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт надир?» мақоласида “Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат (тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғон бир гулдир”, дея таъриф бера туриб, “Адабиёт яшаса — миллат яшар”, дейди. Шубҳасизки, адабиётнинг пойдевори, таг замини бу таъсирчан тил, сеҳрли нутқдир.
Чўлпон бадиий адабиётнинг таъсирини, ҳар бир инсоннинг бадиий-эстетик дидини ўстиришга хизмат қилишини теран идрок этиб, шуларни қайд этади: “Ҳар синф, халқнинг ўзига махсус оҳанги, ўзига таъсир қиладурғон зори бўлур... баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туруб, оҳ тортуб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, “Вой бечора” деюрмукин, деб ўз қайғусини бировга айтмакка тилар. Тўп-тўғри айтганда у қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда албатта таъсир қилар”.
Дарҳақиқат, Чўлпон жамиятнинг икки устуни бўлган адабиёт ва маънавиятнинг теран томири ҳам таъсирчан тил ҳамда соҳир нутқ билан чамбарчас боғлиқлигини яхши ҳис этган.
“Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлук. Адиблар етишдирайлук, “адабиёт кечалари” ясайлук. Руҳ, ҳис-туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук”, дея зорланади у.
Мана, жаҳолатга қарши маърифат даъвати, жамиятнинг жони ва руҳи бўлган тилга, сўз санъатига эътибор. Давлатимиз раҳбарининг маънавиятга берган илк таърифини бир эсланг: “Маънавият энг таъсирчан, қудратли қуролимиз”.
Жадидлар ғоялари Президентимиз қайд этганидек, янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳанг эканини тил масаласига муносабатда ҳам теран англаш мумкин.
Юртимизда кейинги йилларда давлат тилини асраб-авайлаш мақсадида қонун, бир нечта қарор ва фармонлар қабул қилинди. Қонун билан 21 октябрь мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланди. Бошқа миллатларнинг ўз она тилини ўрганиши, бойитиши, ушбу забонда таълим олиши учун барча шарт-шароит яратилмоқда.
Бинобарин, адабиётнинг пойдевори, маънавият ва маърифатнинг мезони, тарғибот ва ташвиқотнинг қуроли бу тилдир. Она тилимизга бўлган эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозимлигини асло унутмаслик керак.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
профессор, “Нотиқлик санъати академияси” НТМ раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Даврон Кабуловнинг отаси «ўғрилик» бўйича судланиб, қарийб 345 млн сўм жаримага тортилгани маълум бўлди
- Исроил ва Эрон низоси янги босқичга чиқди
- Сен етим эмассан: Одамийлик тимсолига айланган оила
- Президент янги қарор имзолади
- Президентнинг янги қарори эълон қилинди
- Ўзбекистоннинг Покистондаги янги элчиси тайинланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг