«Миллий тикланиш»нинг учта таклифи ҳам инобатга олинди

18:03 30 Ноябрь 2020 Сиёсат
299 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисидаги»ги қонун лойиҳасига берган учта таклифи ҳам амалда ўз ифодасини топди. Фракциянинг бугун бўлиб ўтган йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.

Фракция томонидан ушбу қонун лойиҳасига биринчи ўқишда партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда учта таклиф илгари сурилган эди.

Булар Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган «Эл-юрт умиди» фонди учун бюджетдан ажратиладиган маблағни ошириш, мактабгача таълим тизимида хизмат қилаётган педагогларнинг мавқеини кўтариш ва уларнинг иш ҳақларини кўпайтириш ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосида барча мактабларда ошхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва бу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорларга имтиёзлар бериш таклифлари эди.

Фракция йиғилишида бу таклифларнинг барчаси инобатга олингани таъкидланди. Хусусан, «Эл-юрт умиди» фонди учун келаси йили ажратиладиган маблағ икки баробарга оширилади. Яъни, жамғармага 2021 йил бюджетидан ҳукумат таклиф қилганидек 30 млрд.сўм эмас, 62.5 млрд.сўм ажратилади. Мактабгача таълим ташкилотларида келажагимиз пойдевори шаклланаётгани эътиборга олиниб, педагогларнинг маоши 2021 йилда 20 фоизгача оширилади.

Шунингдек, келаси йилда Давлат бюджетидан таълим объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун қарийб 1,8 трлн.сўм ажратиш белгиланган ва бунда мактабларда замонавий шарт-шароитга эга бўлган ошхона ва спорт залларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилгани маълум қилинди. Йиғилишда ушбу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорларга мактаб ошхоналарини 10 йилгача ноль фоизда ижарага бериш ҳам кўзда тутилгани таъкидланди.

– Президентимиз уйғониш даврининг остонаси мактабдан бошланишини кўп бора таъкидлаётгани бежиз эмас, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров. – Мамлакатимизда таълим-тарбия, илм-фан соҳасидаги ислоҳотларга катта эътибор қаратилаётгани Ўзбекистоннинг бугуни эмас, эртанги фаровон келажагини таъминлаш мақсади билан боғлиқ. Шу маънода, фракциямизнинг 2021 йилги давлат бюджетида ўз аксини топган учта таклифи ҳам айнан фаровон келажагимиз билан боғлиқдир.

Йиғилишда депутатлар Давлат бюджети ижросига доир маълумотлар вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тақдирда масъул раҳбарларга жарима қўллаш таклиф қилинаётгани бюджет шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидладилар.

Шундан сўнг, депутатлар «2021 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида нашриётлар сони 140 тадан, китоб дўконлари эса 450 тадан ошди.

– Аммо 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган 544-сонли Қонунинг 4-моддасига асосан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб босма маҳсулотлар, оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари учун қўшилган қиймат солиғи жорий қилинди ва бу матбаа маҳсулотлари, жумладан, китоб савдоси ҳажмининг тушиб кетишига сабаб бўлди, – деди фракция аъзоси Нодирбек Тилаволдиев. – Партия фракцияси томонидан айнан китобхонлик билан боғлиқ хизматлар учун жорий қилинган ҚҚСни бекор қилиш таклифи илгари сурилган эди ва бу масала ҳамон ҳал қилинмади.

Молия вазирлиги вакили бу масалага жавоб берар экан, соҳа вакиллари билан бўлган учрашувларда матбаа маҳсулотлари нархининг ошишига ҚҚС эмас, асосан қоғоз нархининг кескин кўтарилаётгани сабаб бўлаётгани маълум қилингани, бу масалада «Миллий тикланиш» партияси билан алоҳида учрашув ташкил қилиш зарурлигини билдирди.

Маълумотларга қараганда, 31 та давлатда ҚҚС умуман қўлланилмайди ва яна 30 дан ортиқ давлатда китоблар учун махсус жорий этилган ҚҚС ставкаси амалдаги ставкалардан кам этиб белгиланган. 17 та давлатда эса китоблар учун ҚҚС ставкаси амалдаги ставкалар билан бир хил этиб белгиланган.

Йиғилишда депутатлар кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилиб, тегишли қарорлар қабул қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?