Миллий телерадиокомпания фаолияти ёритилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Журналистлар ижодий уюшмаси
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тарихи, ривожланиш босқичлари ва бугунги кундаги фаолиятига оид учта китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фахрий журналистлар, шунингдек, мазкур соҳада тадқиқот олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
«Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси: замон билан ҳамқадам» китоб-альбоми ЎзМТРКнинг тарихи ва бугунги кундаги фаолиятига бағишланган бўлиб, асосан, тарихий фотосуратлар, аниқ факт ва рақамлар ёрдамида тизимдаги телерадиоканаллар ҳамда корхоналарнинг ривожланиш босқичлари, мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлари, фойдаланаётган замонавий технологиялари ҳақида сўзлайди.
"Телевидение менинг тақдиримда" номли илмий-оммабоп тўпламда ўзбек телерадио журналистикаси тарихи ва бугунига оид туркум мақолалар, шунингдек, эссе, очерк ва бадиалар жамланган. ЎзМТРК тизимида фаолият олиб борган устоз журналист ва режиссёрлар, тасвирчи ва продюссерлар, шунингдек, техник ходимларнинг гўзал хотиралари ўрин олган. Хусусан, телевидениеда ўзига хос режиссёрлик мактабини ярата олган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Маҳкам Маҳаммедов, Ўзбекистон телевидениесининг афсонаси, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Галена Мелникова, ўзига хос дикторлик мактабини яратган олий тоифали сухандон Насиба Ибрагимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, илк сиёсий шарҳловчилардан бири Турсун Қоратоев, «Бир ўлкаки...», «Ўзанини топар дарёлар», «Менинг ўлкам» каби кўрсатувлар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Бобожонов каби ўнлаб устоз ижодкорларнинг телерадиокомпания билан боғлиқ хотиралари бугунги авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўтайди. Шунингдек, журналистика йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабалар ва кенг китобхонлар учун мўлжалланган мазкур тўпламдан ёш ижодкорлар – журналист ва режиссёрларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари, эссе ва бадиалари ўрин олган.
«Радио ва телевидение» номли китобда телерадио журналистикасининг тадрижий тараққиёт босқичлари, жанр хусусиятлари ҳамда ўз даврида мазкур соҳага улкан ҳисса қўшган ва қўшаётган журналист, режиссёр, диктор-бошловчилар ҳаёти ва ижоди, шунингдек, бугунги кунда юртимизда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат телерадиоканаллар ҳақида сўз боради.
Сўз олганлар мазкур китобларнинг аҳамияти жуда юқори эканини эътироф этишди. Тақдимотда бугунги кунда кўпгина олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот марказлари, нодавлат теле ва радиoканаллар ходимлари, илмий муассасаларининг кўплаб мустақил изланувчилари ЎзМТРК билан доимий илмий ҳамкорлик қилиш истагини билдираётгани, кейинги йилларда нафақат компания ходимлари, балки турли илмий муассаса тадқиқотчи-олимлари томонидан кўплаб илмий-монографик асарлар нашр этилаётганлиги алоҳида қайд этилди. Келгусида ЎзМТРК фаолиятини илмий тадқиқ этишга йўналтирилган бундай ишлар кўламини янада кенгайтириш, соҳага доир фундаментал тадқиқотлар ҳажмини ошириш, рағбатлантириш, илмий тадқиқот натижаларидан олинган хулосаларни амалиётга кенг жорий этиш механизмини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон миллий телерадиокомпания ҳузурида «Радио ва телевидение» илмий-тадқиқот Кенгаши фаолияти ташкил этилаётгани тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Қайд этилишича, мазкур Кенгаш радио ва телевидение фаолиятини илмий тадқиқ этишга йўналтирилган тадқиқотларини янги босқичга олиб чиқишга кўмак бериш, олимларнинг ушбу соҳага оид илмий фаолият олиб боришлари учун кенг шарт-шароитлар яратиш каби мақсадларини қамраб олади.
Дилшод КАРИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Uzbekistan Airways ва Lufthansa Technik AG ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги
- "Зарафшон" газетасининг 110 йиллиги ҳамда "Самаркандский вестник" газетасининг 105 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди
- Сенат Раиси Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси милли Раиси Рустам Эмомали билан учрашди
- Каримов Эркин Қодировичнинг “Суғориладиган тупроқлар сифатини баҳолаш ишларини такомиллаштириш (Бухоро вилояти Вобкент тумани мисолида)” мавзусидаги илмий иш ҳимояси эълони
- АҚШ Адлия вазирлиги Илон Маскга қарши айблов эълон қилди
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг