Миллий парламентаризмнинг тараққиёт одимлари

17:40 04 Сентябр 2021 Сиёсат
1176 0

Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк сана — Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланмоқда. Ушбу тарихий сана замирида чуқур маъно бор.

Мустақиллик мамлакатимизда демократик миллий парламентнинг шаклланиши ва ривожланиши учун том маънода сиёсий-ҳуқуқий асос яратди. Истиқлолимизнинг илк йилларида — тарихан мураккаб, оғир ижтимоий-сиёсий ва таҳликали даврда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги суверенитети кафолатлари, замонавий давлатчилик тизимининг ҳуқуқий асосларини яратиш вазифаси, табиийки, парламентнинг гарданига тушган.

Дастлаб бир палатали парламент — Олий Кенгаш давлат бошқарувининг мутлақо янги органларини ташкил этишнинг, демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий негизи бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, ёш давлатнинг суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги ва бошқа бир қатор ўта муҳим қонунларни қабул қилди.

Олий Кенгаш ўрнига бир палатали парламент — Олий Мажлис шакллантирилди. Мазкур босқичда қонун ижодкорлиги депутатлар ишининг бош йўналишига айланди. Бу даврда қонун чиқарувчи олий орган мамлакатнинг демократик ва тараққиёт йўлидан мустақил ривожланиб боришининг ҳуқуқий негизини кенгайтирди ва мустаҳкамлади.

2002 йилнинг 27 январида ўтказилган умумхалқ референдуми якунлари асосида 2005 йилда мамлакатимизда икки палатали Олий Мажлис: доимий фаолият кўрсатадиган профессионал орган — Қонунчилик палатаси ҳамда ҳудудлар манфаатини ифода этадиган вакиллик органи — Сенатдан иборат парламент шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан бошлаб парламент фаолиятининг мутлақо янги даври бошланди, десак, муболаға бўлмайди.

Мурожаатнома парламентнинг мамлакат ҳаётидаги ролини чинакамига оширди. Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги муҳим устуворликлар ҳамда вазифалар бўйича ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида давлатимиз ва жамиятимизни ривожлантириш борасидаги энг асосий стратегик қарашларини, шунингдек, ҳаётимиздаги муҳим муаммоларга нисбатан шахсий муносабатини баён этди. Юртбошимиз давлат ва жамоат институтларини бошланган ислоҳотлар йўлини изчил давом эттиришга ундаган ҳолда, замонавий демократик давлатни барпо этиш борасида мамлакатимиз танлаб олган йўл муқобили бўлмаган аниқ ва ягона йўлимиз эканлигини алоҳида кўрсатиб ўтди.

Чиндан ҳам сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқларни, эришилган марраларни таҳлил қилар эканмиз, «Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл зафар қозонди», деб ишонч билан айта оламиз. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «очиқлик ва ошкоралик», «жамоатчилик назорати», «хусусий мулк дахлсизлиги» каби тушунчалар айнан Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти билан бирга инсонларнинг реал ҳаётига чуқур кириб, амалий аҳамият касб этиб бордики, бундан буён одамлар ўз тақдирини ушбу тушунчаларсиз тасаввур эта олмайди.

Мамлакатимиз етакчиси ўз вазифасини бажаришга киришган илк кунларданоқ хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ушбу соҳада давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги даражага кўтаришни энг устувор масала этиб белгилади. 2016 йил 5 октябрда «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон ва 42 та банддан иборат комплекс чора-тадбирлар дастури, ҳеч шубҳасиз, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашда тамал тоши бўлди.

Бу борада бошланган ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2021 йил 20 августда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказилган илк очиқ мулоқоти, унда илгари сурилган ташаббуслар, белгиланган устувор йўналишлар Қонунчилик палатаси олдига ҳам янгидан-янги вазифаларни қўйди.

Тадбиркорлар билан ўтказилган ушбу очиқ мулоқотда кўтарилган долзарб масалалар, билдирилган ташаббуслар Қонунчилик палатаси қонун ижодкорлиги жараёнига янада жиддий ёндашиб, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган масалалар ечимини қонунларда акс эттириш бўйича барча зарур чораларни белгилаб олди.

Бунда буён парламентда ҳам ишбилармонлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, халқ вакилларининг сайлов округларидаги учрашувлари давомида тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотларни янада кўпайтиришга алоҳида эътибор берилади.

Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш, Ҳукуматнинг давлат дастурлари бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини муҳокама қилиш, мансабдор шахсларнинг ахборотини эшитиш, шунингдек, қонун лойиҳаларини қабул қилишда тадбиркорларнинг манфаатлари устуворлигидан келиб чиқиб ёндашилади.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан вакиллик органлари ишига катта эътибор қаратилиб, депутатларни халқнинг ҳақиқий вакиллари, унинг хоҳиш-иродаси ва манфаатларининг том маънодаги ифодачиси сифатида эътироф этди.

Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш борасида муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу тарихий ҳужжат ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди.

«Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турибди. Уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этишимиз керак».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифасидир. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун ижодкорлиги фаолияти «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилга асосланди. Бу эса Қонунчилик палатасини ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айлантирмоқда. 2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари ҳам бутунлай янги йўналишда ташкил этилди, шунингдек, қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг демократик тартиб-қоидалари жорий этилди.

Жумладан, Қонунчилик палатасидаги ­сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойиҳалари бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиш ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиш лозимлиги белгилаб қўйилди.

Сиёсий хилмахиллик, кўппартиявийлик, масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш тамойилларига асосан ҳар бир қонун лойиҳаси ёки масала сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслик принципи амалда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

Натижада 2020 йилда Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилаётган пайтда 10 та қонун лойиҳаси фракцияларнинг қатъий позицияси туфайли мажлис кун тартибидан чиқарилиб, қайта ишлаш ва такомиллаштириш учун масъул қўмиталарга қайтарилди.

Ўтган даврда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти янада оширилди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.

Қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилганлиги мамлакатимиз халқаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тўлақонли бажарилишига эришиш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилашда муҳим ўрин тутмоқда.

Қонунларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси томонидан ҳам қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби қабул қилинди. Жумладан, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида «Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари» махсус рукни ташкил этилиб, сўнгги тўрт йилда жами 56 та қонун лойиҳаси аҳоли муҳокамаси учун жойлаштирилди.

Мазкур амалиёт, биринчи навбатда, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашга ҳамда ушбу қонунларнинг ҳаётга самарали жорий этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқиш талаб этилмайдиган қонунларни қабул қилишга бўлган эътибор кучайтирилди. Шунга асосан, «Давлат божи тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги ҳамда «Геодезия ва картография фаолияти тўғрисида»ги каби қатор қонунларда ҳавола шаклидаги нормалар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган қоидалар белгиланди.

Ўтган даврда сайловчилар, шу жумладан, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, депутатларнинг қонунлар сифатига, концепциясига нисбатан талаби кучайди. Натижада муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳалари жиддий мунозара ва баҳсларга сабаб бўлиб, овоз бериш якунларига кўра рад этилди. Жумладан, 2020 йилда 8 та қонун лойиҳаси рад этилиб, ташаббускор идорага қайтарилган бўлса, 2016 йилда ушбу кўрсаткич, бор-йўғи, 1 тани ташкил этган эди.

Сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги ­фаолияти кўлами ҳам, иш ҳажми ҳам олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлмоқда. Қонунчилик палатасининг кўриб чиқишидаги қонун лойиҳалари сони аввалги йиллардагига қараганда қарийб 3 баравар кўпайди, қонунларнинг ҳажми ҳам шунга монанд равишда бир неча баравар ошди. Жумладан, 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатасининг кўриб чиқишида 32 та қонун лойиҳаси бўлган бўлса, 2021 йилнинг мос даврида бу рақам 98 тани ташкил қилди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги беш йилда барча соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ислоҳотлар ўз навбатида соҳада янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишни тақозо қилмоқда. Бу эса масалани тезкорлик билан ҳал этишни талаб қилади. Шунга мувофиқ, ўтган даврда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либерал­лаштириш, ижтимоий тармоқни ривожлантириш борасидаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган, илгари мавжуд бўлмаган 50 дан зиёд қонунлар қабул қилинди.

Хусусан, «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ўтган даврда депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги фаолияти натижадорлиги янада ошиб, депутатлар ташаббуси билан киритилаётган қонун лойиҳаларининг салмоғи ортди. Хусусан, 2015 йилда депутатлар ташаббуси билан жами 8 та қонун лойиҳаси киритилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 19 тани ташкил этиб, 2 баравар ўсди. Ушбу рақамлар халқ вакилларининг сайловчилар томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларнинг ичига кириш, мунтазам таҳлил қилиш асносида уларга ҳуқуқий жиҳатдан ечим топишда янада ташаббускор бўлаётганлигини кўрсатади.

Қолаверса, сиёсий партиялар фракциялари жойлардаги муаммолардан доимий равишда хабардор бўлиб бораётганлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда уларнинг ечимини топиш имконини кенгайтирмоқда. Фикримиз тасдиғи сифатида айнан аҳоли томонидан кўтарилган масалалар асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинган «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, шунингдек транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартибини бекор қилишга қаратилган қонунларни келтириш мумкин.

Шу билан бирга, ўтган даврдаги қонун ижодкорлигининг таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутиб турган бир қатор масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда депутатлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларининг кўп қисми муайян қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларидир.

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракциялар аъзоларининг ташаббускорлиги ҳам талаб даражасида эмас. Ҳозирда айрим қонун лойиҳалари бир нечта фракция аъзолари томонидан биргаликда киритилмоқда. Бу эса, аниқ йўналиш, бир-биридан фарқли сайловолди дастурлари ва электоратга эга фракцияларнинг ўз электорати манфаатларини тўлақонли ифодалаш имконини бермаяпти. Шу нуқтаи назардан, «бир фракция — бир лойиҳа» тамойили асосида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш амалиётига ўтиш муҳим аҳамият касб этади.

Қонунчилик палатасига киритилган ҳар бир қонун лойиҳасининг муҳокамаси депутатлар томонидан билдирилган кўплаб саволлар, фикр-мулоҳазалар, таклиф ва эътирозлар натижасидаги кескин баҳс-мунозара ва тортишувлар асосида ўтказилиб, айрим ҳолларда қонун лойиҳалари масъул қўмитага қайтарилмоқда. Бундай муҳокамалар, асосан, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида бўлиб ўтмоқда. Бироқ қонун ло­йиҳаларининг муҳокамасига бағишланган фракция ва қўмиталар йиғилишларида ҳам бундай қизғин мунозаралар кузатилмаяпти.

Бундан ташқари, ҳали ҳам ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунларнинг салмоғи етарли даражада эмас. Ушбу муносабатлар, асосан, қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда.

Қонун лойиҳаларининг сифатини янада ошириш бўйича кўрилган чораларга қарамасдан, палатага келиб тушаётган айрим қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қайтадан тайёрланмоқда, халқ вакиллари лойиҳалардаги жузъий камчиликларни бартараф этишга кўп вақт сарфламоқда. Ваҳоланки, бундай масалаларни лойиҳа киритилгунга қадар ҳал этса бўлади. Бу каби ҳолатлар ушбу масалага қонун ташаббускорлари томонидан жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Қисқача айтганда, қонунларнинг мукаммаллигини таъминлаш, ҳуқуқий ҳужжатларда ҳаётий ҳамда халқчил тамойилларни акс эттириш бирламчи вазифамиз бўлмоғи лозим. Зеро, давлат ва жамият тараққиёти қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатига боғлиқдир.

“...депутатлар таъсирчан парламент назоратини олиб бориш орқали халқ ишончини оқлаши зарур».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугун ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, ислоҳотларнинг сифати ва самараси кўп жиҳатдан миллий парламентнинг иштироки даражасига боғлиқ.

Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегияси доирасида парламентимизда нафақат қонунлар ижроси, парламент ваколатларига киритилган йўналишларда Ҳукумат фаолиятини назорат қилиш, балки парламент бошқаруви шаклига асосланган республикалардаги каби Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш амалиёти жорий этилди.

Ўтган даврда Қонунчилик палатаси ўзининг асосий вазифасини, яъни қонун ижодкорлигини амалга ошириш билан бирга, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини олиб борди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ­ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти ­устидан парламент назоратини амалга ­ошириш бўйича парламентга зарур ваколатлар берилди.

Жумладан, 2019 йилдан бошлаб Ҳукуматнинг Давлат дастури ижроси бўйича парламент олдида ҳар чоракда ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган давр­да парламентда Вазирлар Маҳкамасининг давлат дастурларининг бажарилиши ҳолати юзасидан ҳисоботи 10 маротаба кўриб чиқилди. Бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қа­ратилган қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Парламент назоратининг ушбу янги шакли Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириш, давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан назоратни ку­чайтириш ҳамда депутатлар корпусининг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимиз раҳбарининг давлат ҳокимияти турли тармоқларининг ўзаро бир-бирини тийиб туриш ҳамда мувозанатини сақлаш механизмлари тизимида парламентнинг ролини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътирофга лойиқдир. Хусусан, Қонунчилик палатаси фаолиятига ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратининг муҳим тури — мунтазам равишда ўтказиладиган «Ҳукумат соати» институти жорий этилди. Ўтган даврда 27 маротаба «Ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда ҳукуматнинг жами 33 нафар аъзоси халқ вакилларининг жамиятдаги долзарб масалалар юзасидан саволларига атрофлича жавоб берди.

Ҳукумат аъзолигига номзодларни тасдиқлаш бўйича Президентимиз томонидан илгари сурилган тажриба парламентнинг назорат борасидаги ваколатларини янада кенгайтирди. Қолаверса, ушбу амалиёт ҳукумат томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда натижадорликни таъминлаш ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ­фуқароларнинг ҳаёт тарзига янада ­чуқур кириб боришига хизмат қилмоқда.

Яқингача парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида фақатгина Ҳукумат аъзолари, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг ахборотини эшитиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда парламент назорати объектлари доираси янада кенгайтирилиб, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ҳам парламент сўровини юбориш, ҳам уларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини парламент палаталарининг мажлисларида эшитиш тизими жорий қилинди.

Ўтган даврда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига парламент сўровини юбориш институтидан фойдаланиш натижадорлиги сезиларли равишда ошди. Агар 2015 йилда бор-йўғи 1 та парламент сўрови юборилган бўлса, 2020 йилда 14 та сўров жўнатилган. Ушбу рақамлар парламент сўровлари қонун ва қарорлар ижроси ҳамда ислоҳотлар самарадорлигини таъминловчи таъсирчан воситага айланганини кўрсатади.

Парламент назорати тадбирлари давомида тегишли соҳани ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда мансабдор шахслар ишига танқидий баҳо беришга урғу берилди. Бу эса ҳукумат аъзоларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга, пировардида, фуқароларнинг давлат органлари ­фаолиятидан розилигини таъминлашга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида парламентга берилган янги ваколатлар нафақат мамлакат ички ҳаёти, балки ташқи ­сиёсатига оид стратегик вазифаларни ҳал қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2020 йилдан Ўзбекистон Республикасини Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан Ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш амалиёти йўлга ­қўйилди.

Сўнгги йилларда парламент фаолиятида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар, айниқса, ҳисобдорликнинг бундай шаклларининг жорий этилиши ҳукуматнинг очиқлигини ва масъулиятини тубдан оширди. Қолаверса, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни ҳукумат олдига қўйишда айни муддао бўлди.

Шу билан бирга, парламент назоратининг барча шаклидан ҳамма вақт ҳам бирдек самарали фойдаланилмаяпти. Яъни парламент назорати шакллари ҳали етарлича ишга солинмаган ва фойдаланилмаган қирралари ҳам мавжуд. Жумладан, бугунги кунда юборилаётган депутат сўровларининг сони кўп бўлсада, ушбу сўровларда кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиш самарадорлиги пастлигича қолмоқда. Шунингдек, депутат сўровларини мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқиш муддатларининг бузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Шу боис хорижий давлатлар парламентларининг бу борадаги тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда депутат сўровини юбориш тартибини қайтадан кўриб чиқиш, ушбу институтдан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чораларини кўриш талаб этилади.

Умуман олганда, Қонунчилик палатасига парламент назоратини амалга ошириш бўйича берилган ваколатлардан самарали фойдаланиб, халқ фаровонлигини юксалтириш ва жонажон Ватанимизни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш устувор вазифамизга айланмоғи зарур. Ишонч билан айтиш мумкинки, депутатлар корпуси бу ишга тайёр ва ҳозирги шиддатли ўзгаришлар даврида Президентимиз томонидан илгари сурилган ҳаётий ташаббусларнинг амалга оширилишида фаол иштирок этишга қатъий бел боғлаган.

«Депутатлар муҳокамага киритилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича ўзининг ­мустаҳкам позициясини кўрсатган тақдирдагина, сайловчилар ишончини оқлай олади».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Парламентга бўлиб ўтган сўнгги сайловлар жараёнида фуқароларнинг сиёсий партиялар ғояларига қизиқиши, сайловолди баҳс-мунозараларидаги фаоллиги ва талабчанлигининг ортганлиги фракциялар фаолиятини такомиллаштиришга туртки бўлди.

Бугунги кунда парламент минбари чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар майдонига айланди. Бунда сиёсий пар­тиялар фракцияларининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси яққол намоён бўлмоқда.

Қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича фракциялараро рақобат кескин кучайди. Натижада 2017 — 2021 йилларда 25 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига ҳамда 31 та қонун лойиҳаси қайта ишланиши учун қўмиталарга қайтарилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини таъминлаш, банк фаолияти, лицензиялаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш, ис­теъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш фаолиятини тартибга солиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан фракциялараро муҳокамалар кескин тарзда ўтди.

Сиёсий партиялар манфаатини Қонунчилик палатасида ҳимоя қилиш ишини ташкил этиш, кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан фракциянинг ягона позициясини ишлаб чиқиш, фракция аъзолари фаолиятини мувофиқ­лаштириш мақсадида 2017 йилда Қонунчилик палатасидаги ҳар бир сиёсий партия фракциясининг ижрочи котиби, яқиндан бошлаб Қонунчилик палатаси депутатининг ёрдамчиси лавозимлари таъсис этилди. Бу эса фракциялар билан тегишли партиялар ўртасидаги алоқаларни янада жонлантирди.

Айни пайтда фракцияларнинг ўзи мансуб бўлган сиёсий партиялар билан узвий алоқасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сиёсий партиялар ҳамда жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларини фракциялар томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва тегишли масалалар хусусида хабардор қилиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бу амалиётга кўра, фракциялар томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари жойларда муҳокама қилиш учун тегишли партияларга юборилмоқда, сиёсий партиялар эса уларни жойлардаги партия ташкилотларига етказмоқда.

Қонун нормаларининг халқчиллигини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётини янада яхшилаш борасидаги самарадорлигини ошириш мақсадида фракцияларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳам янги амалиёт — «электорат билан маслаҳатлашувлар» институти жорий этилди. Натижада ўтган даврда палатага келиб тушган қатор қонун ло­йиҳалари фракциялар томонидан жамоатчилик иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказилиб, маромига етказилди. Ушбу амалиёт «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилнинг амалда татбиқ этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шу билан бирга, бугунги ислоҳотлар жараёни фракциялар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор масалаларга ҳам эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда. Жумладан, фракциялар ўз партияси электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳалари бўйича ташаббускорлиги етарли даражада эмас. Мисол учун, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Қонунчилик палатасига киритилган жами 69 та қонун лойиҳасининг бор-йўғи 8,6 фоизи фракциялар ташаббусига тўғри келади холос.

Қонунчилик палатасида бирор қонун лойиҳасини қабул қилишда ташаббускор бўлган фракция ушбу ҳуқуқий ҳужжатни амалиётга жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни йўлга қўйиши муҳим аҳамият касб этади.

Фракциялар электорат билан таъсирчан мулоқотни йўлга қўйиш орқали қабул қилинган қонунлар халқ томонидан қандай баҳоланганлигини, қайси қонунлар аҳолига наф келтираётганлигини, қайси ҳуқуқий ҳужжат эса ишламай турганлигини таҳлил қилиши зарур.

Парламент фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, халқ вакилларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлигини ошириш мақсадида фракцияларнинг ҳар чоракдаги фаолияти бўйича матбуот анжумани ташкил этиш борасидаги ишларини ҳам жонлантириш зарур бўлади. Бу, албатта, қабул қилинаётган қонунларнинг самарали ишлашини таъминлаш, қуйи палатада муҳокама этилаётган муҳим масалалардан жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ҳамда ролини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

«Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Давлат раҳбари томонидан таъкидланганидек, жамиятдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этишда мамлакатимиз ҳаётини янада эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик муҳитини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим роль ўйнайди.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги фаолиятида ҳам очиқлик ва шаффофлик бош мезонга айланди. Медиа маконининг талаб ва эҳтиёжларига мос тарзда «Facebook», «Telegram» ва «Instagram» каби ижтимоий тармоқлар ҳамда «YouTube» видеохостингида «Oliy Majlis Qonunchilik palatasi» номли расмий саҳифалар очилганлиги палата фаолиятига оид холис, ишончли ахборот тарқатилишини таъминламоқда.

Бугунги кунда Қонунчилик палатаси мажлисларини, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар йиғилишларини оммавий ахборот воситалари ҳамда қуйи палатанинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан, 2021 йилда ўтказилган «Ҳукумат соати» тадбирлари Қонунчилик палатасининг «YouTube»даги расмий саҳифаси орқали жонли тарзда кенг ёритилди.

Парламент фаолияти натижаларидан аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш масаласи Қонунчилик палатасининг эътибори марказида бўлди. Қуйи палата мажлислари, назорат-таҳлил тадбирлари ҳақидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида, расмий веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда кенг ёритишга устувор эътибор қаратилди.

Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини ҳар қачонгидан ҳам очиқ ва ошкора олиб бориш учун электрон портал ва мобил иловадан фойдаланиш имконини берувчи «Электрон парламент» тизимини яратиш борасида сезиларли ишларни амалга оширмоқда.

Хусусан, депутатларнинг сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, кўриб чиқилаётган ҳужжатларни муҳокама қилиш имкониятини берадиган «Қонун ижодкорлиги фаолияти тизими» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Депутатлар портали» синов тариқасида ишга туширилди. Ушбу хизматлар депутатларга сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар ва қабулга ёзилиш бўйича сўровларни электрон тарзда қабул қилиш ҳамда онлайн мулоқот олиб бориш имконини бермоқда.

Бугунги кунда ахборот майдонида Қонунчилик палатаси аъзоларининг фаоллиги сезиларли даражада ошди. Хусусан, депутатлар ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифаларини очиб, ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш баробарида, жамият ҳаётига оид долзарб масалалар бўйича жамоатчилик билан олиб борилаётган фаол мулоқотнинг ташаббускорига айланди.

«Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бош­қаларга ўрнак бўлиши лозим».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугун барча ислоҳот, ўзгариш ва янги лойиҳалар халқимизни рози қилиш, одамларнинг муаммоларини тинглаш ва уларга ўз вақтида ечим топиш, фуқароларнинг ишончини оқлаш ҳамда оғирини енгил қилишга қаратилган.

Жамиятдаги мавжуд камчиликларни аниқлаш, аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишда халқ вакиллари бўлган депутатларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлик касб этди. Хусусан, илгари депутатлар ўз сайловчилари билан йилда икки ёки уч марта мулоқот қилган бўлса, бугунги кунда бу борадаги ишлар мунтазамлик касб этиб, халқ ноиблари ҳар ойнинг охирги ҳафтасини ўз сайлов округида ўтказмоқда.

Сайлов округидаги вазиятдан мунтазам равишда хабардор бўлиб бориш мақсадида ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатди. Ушбу ҳамкорлик жойларда сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш, одамларнинг дарду ташвишларини тинглашида муҳим омил бўлмоқда.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар парламентга аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлиш, сайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имконини берди.

Бу борадаги ишларни ташкил этишда депутатлар нафақат фуқаролар томонидан билдирилаётган муаммо ва камчиликларни ўрганмоқда, балки ижтимоий ҳаётнинг муҳим жабҳаларидаги ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга халқнинг фикри ҳамда аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, инсонларнинг соғлиғини сақлаш, тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш масалаларига Қонунчилик палатаси масъул қилиб белгиланганлиги депутатларимиз ишига янгича муҳим йўналишни олиб кирди.

Бугунги кунда Қонунчилик палатасида тузилган Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси иштирокида ҳудудларда ўрганишлар ўтказилиб, соҳадаги мавжуд муаммолар аниқланмоқда ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Депутатлар томонидан тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги кенг қамровли фаолият алоҳида мавзу бўлиб, у доимо халқ вакилларининг диққат марказида туради.

Ҳозирги кунда парламент аъзолари қонун ижодкорлигини амалга ошириш билан бирга, ҳар ойда ҳудудларга чиқиб, муайян масала ва муаммоларни ўрганмоқда. Жумладан, ўтган даврда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби долзарб масалалар халқ вакилларининг доимий эътиборида бўлди.

Депутатлар томонидан «темир дафтар»га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш, «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» асосида ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, жойларда одил судловни амалга ошириш, деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш борасида бажарилаётган ишларнинг ҳолати атрофлича ўрганилди. Ушбу ўрганишлар якунлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Шу ўринда депутатлар сайлов округларидаги фаолиятининг натижадорлигини ошириш ва сайловчилар билан тизимли иш олиб бориш бўйича ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар ҳам мавжудлигини, халқ вакилларининг аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш борасидаги фаолиятига янги механизм ва самарали усулларни жорий қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтиш лозим.

Кейинги пайтларда сайловчилар қатор муаммоларни кўтариш билан бирга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асослантирилган таклифлар ҳам билдиришмоқда. Депутатлар корпуси ушбу таклифларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларни қонун лойиҳаларида акс эттириши, жойлардаги тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича қонун ташаббускорлигини янада кучайтириши зарур.

«Маҳаллий Кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Сўнгги йилларда парламентда ёшларнинг ўрнини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бугунги кунда Қонунчилик палатаси депутатларининг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача бўлганлардир.

Бугунги кунда қуйи палатадаги Ёшлар парламенти аъзолари қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига эртамиз эгаларини жалб этиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёш авлод орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини оширишда фаол қатнашмоқда.

Жумладан, ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатасига киритилган 19 та қонун лойиҳаси юзасидан Ёшлар парламенти томонидан навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид таклифлар тайёрланди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан 30 июнь — Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда пар­ламентда йигит-қизларнинг иштирокини ошириш, сиёсий етук ва фаол ёшларни миллий парламент ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этиш борасида қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Шундан келиб чиқиб, парламентда келажак ворисларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш бўйича яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган қатор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, энг аввало «Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!» деган ташаббусни амалга ошириш орқали ёшлар ва парламент ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.

Шунингдек, сиёсий етук ва фаол йигит-қизлар парламент аъзоларига бириктирилади, Қонунчилик палатаси ва Сенатдаги каби маҳаллий Кенгашларда ҳам ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади.

«Фракция ва ёшлар», «Депутат ва ёшлар»нинг тўғридан-тўғри мулоқотини ўтказиш орқали ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, фикрлари ва таклифларини ўрганиб бориш парламент аъзоларининг фаолиятида устувор вазифага айланади.

«Халқаро парламентлараро алоқаларни тизимли равишда ривожлантириб бориш бундан кейин ҳам депутатларнинг доимий эътибор марказида бўлиши зарур».

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугунги кунда парламент нафақат вакиллик, қонун ижодкорлиги, назорат фаолиятини амалга ошириш, балки Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсатни юритишда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, ўтган даврда Қонунчилик палатасининг халқаро парламентлараро алоқалари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда янги сифат босқичига кўтарилди.

Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли халқаро парламент ташкилотлари бўлган Парламентлараро Иттифоқда, ЕХҲТ Парламент Ассамблеясида, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясида ўзининг аъзолигини тиклади. Бу эса кенг доирадаги масалалар бўйича самарали ҳамкорлик борасида қўшимча имкониятлар эшигини очди.

Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалари географиясини кенгайтириш, жаҳон миқёсида мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентлараро гуруҳлар фаолиятини жонлантириш ҳамда бу борада таъсирчан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Ушбу янги институтнинг жорий қилиниши парламентнинг халқаро парламентлараро алоқаларини сезиларли даражада фаоллаштирди.

Хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятида Олий Мажлиснинг фаол иштирокини таъминлаш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг ташаббусларини илгари суриш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси тасдиқланди.

Ўтган даврда Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссияларининг ишларини фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш чораларининг кўрилиши натижасида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти кескин жонланди. Қонунчилик палатасида 2015 — 2019 йилларда 28 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият олиб борган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони қарийб икки баравар ошиб, 53 тага етди.

Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш, хорижий давлатлар парламентлари билан тажриба алмашинувини йўлга қўйиш орқали ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, ўтган даврда Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларидаги мажбуриятлари бажарилиши ҳамда халқаро йўналишда қабул қилинган «йўл хариталари» ижроси устидан парламент назорати кучайтирилди. Жумладан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентнинг ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, хорижий инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига оид тасдиқланган кўплаб «йўл хариталари» устидан самарали парламент мониторингини амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилди.

Сўнгги йилларда халқаро йўналишдаги қонун ижодкорлиги ҳам сифат жиҳатидан сезиларли даражада ўсди. Жумладан, 2010 — 2014 йилларда халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва халқаро ҳужжатларга қўшилишга қаратилган 20 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинган бўлса, 2015 — 2019 йилларда ушбу рақам икки баравар ошиб, 47 тани ташкил этди.

Кейинги йилларда миллий парламентимизнинг нуфузли халқаро парламентлараро бирлашмалардаги иштирокини янада кенгайтириш, бунда мамлакатимиз манфаатларини фаол илгари суриш ҳамда амалий натижадорлик нуқтаи назаридан ёндашиш муҳим масалалардан бирига айланмоқда.

Хулоса ўрнида айтганда, мустақиллик йилларида юртимизда олиб борилган ислоҳотлар бугунги тинч-осуда, фаровон ҳаётимизга тамал тоши бўлмоқда. Айниқса, кейинги беш йилда амалга оширилган шиддатли, кўламдор, таъсирчан ва натижадор ислоҳотлар мамлакатимизда парламентаризм тизимининг ривожи учун катта туртки бўлди.

Бугун мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашиб, демократик янгиланишлар ўзининг сифат жиҳатидан янги поғонасига кўтарилиб бормоқда. Энг муҳими, фуқароларимиз онг-тафаккурида кечаётган ўзгаришлар юртимизнинг қиёфасида инъикосини топмоқда. Бундай ўзгаришларнинг туб илдизи эса давлатимиз раҳбари илгари сурган Ҳаракатлар стратегиясида ва умуман, сўнгги беш йилда амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотлардан иборатдир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлат ҳокимияти тизимида парламентнинг ролини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар депутатлар корпусидан янада фаол бўлишни, ўз фаолиятига янгича руҳ ва мазмун-моҳият олиб киришни тақозо этмоқда. Шу йўсинда депутатлар корпуси ислоҳотларнинг том маънодаги ташаббускори ва мададкори бўлиш учун бор салоҳиятини ишга солган ҳолда, ўз фаолиятини такомиллаштириб бораверади.

Нурдинжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 
Қонунчилик палатаси Спикери

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?