Миллий маҳсулотларимизни халқаро меъёрлар даражасига олиб чиқиш — устувор вазифа

18:15 17 Июнь 2020 Иқтисодиёт
1379 0

Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг шу кунига қадар, давлат фондидаги умумий стандартлар 34585 тани ташкил этади. Шундан, халқаро стандартлар 7955 та(23 %)дан иборат. Бу ҳақда пойтахтимизда ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Ўтган ярим йил мобайнида қабул қилинган халқаро стандартлар – 530 та. Бунинг 315 таси халқаро стандартлар (ISO, EN, IEC), 90 таси хорижий стандартлар (ГОСТ P, DIN), 87 таси давлатларо стандартлар (ГОСТ), 38 таси давлат стандартлари(Oʼz DSt)дир.

Таъкидлаш керакки, ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш учун тўловларни махсус жамғарма ҳисобидан тўлаб берилиши ҳисобига бепул экспертиза қилиш йўлга қўйилган.

2020 йил январь — май ойларида тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган 199 млн. сўмлик 268 та ташкилот стандартлари ва уларга ўзгартиришларни экспертиза қилиш бепул амалга оширилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб қувватлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида, 300 та ташкилот стандартлари (Тs) ўрнига ягона талабларни белгиловчи унификацияланган 10 та Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти ишлаб чиқилди, ҳозирги кунда 609 ташкилот стандарти ўрнига 39 та Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти ишлаб чиқилмоқда.

Маҳаллий саноат корхоналарида Америка материаллари синовлари стандартлари ташкилотининг (АSTM) 12 мингдан зиёд стандартларидан фойдаланишига имконият яратилди. Ҳозирги кунда Европа Иттифоқи стандартларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича Европа стандартлаштириш ташкилоти билан музокаралар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг (ИСО), Халқаро электротехника комиссиясининг (МEК), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодиёт Комиссиясининг (ЕEК ООН), давлатлараро (ГОСТ) стандартларини, ҳамда хорижий мамлакатларнинг (Россия, Франция, Германия) миллий стандартларини қўллаш имкониятлари яратилган.

Шу билан бирга, музқаймоқ маҳсулотларига белгиланган яроқлилик муддатларини узайтириш мақсадида Oʼz DSt 961:2010 «Ўзбекистон давлат стандарти. Музқаймоқ. Техникавий шартлар» давлат стандартига, Oʼz DSt 2985:2015 «Товуқ ёки курка териси қўшилган ярим дудланган колбаса маҳсулотлари. Техникавий шартлар» ва Oʼz DSt 2986:2015 «Товуқ ёки курка териси қўшилган, пиширилган, сосиска ва сарделка колбаса маҳсулотлари. Техникавий шартлар» давлат стандартига маҳсулотларни яроқлилик муддатини оширишга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритилди. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган маҳсулотларни рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошишига олиб келади.

Пандемия даврида халқаро стандартлар асосида тиббиёт ниқоблари ва ҳимоя кийимларига тегишли давлат стандартлари қабул қилиниб амалиётга киритилди. Шунингдек, 72 та тадбиркорлик субъектларига тиббиёт ниқоблари, ҳимоя кийимлари, антисептик воситалар, дезинфекция воситаларига тегишли стандартлар бепул таъминланди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер