Миллатнинг янгиланиш фалсафаси

20:50 10 Сентябр 2021 Жамият
229 0

Ҳар бир давр ўзига хос сиёсий вазияти, илғор ғоя ва фикрлари билан ижтимоий ҳаёт ривожига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида айнан ана шундай тараққиёт қонуниятларининг мазмуни, кўзланган мақсад-вазифаларнинг моҳиятини очиб беришга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Сиёсий фанлар доктори, профессор Тўлқин АЛИМАРДОНОВ билан суҳбатимиз ўтиш даврининг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланди.

— Бизга маълумки, ислоҳотлар ғоя сифатида одамлар онгу шуурида, қачонки, мафкурага айлансагина, амалий фаолият турига кўчиб ўтади. Яъни, ижтимоий тараққиёт қонуниятларининг ўзи жамиятни, инсонни янгиланишига мажбур қилади. Шу сабабдан ҳар қандай ислоҳотлар давр ва макон ўзгаришларининг моҳиятига ҳамоҳанг ривожланмасдан, янгиланмасдан туриб тараққиёт топмайди. Мазкур масалага қандай қарайсиз...

 Бу жуда нозик масала, чунки давлат янги ғояларни илгари сурсаю, фуқаролар уни идрок этолмаса ва амалда рўёбга чиқаришга интилмаса ёхуд фуқаролар янги ўзгаришларни хоҳласалару, лекин сиёсат уни таъминлаб беришга қурби етмаса, ижтимоий зиддиятларнинг вужудга келиши шу мутаносибликдан бошланади, — дейди Тўлқин Алимардонов. — Ушбу иккала омил уйғунлашсагина, унда янгиланиш ортга қайтмас миллий ҳаракатларга айланади. Бу жараён бир зумда вужудга келмайди. У адашиш, иккиланиш, тажриба ва баъзида муайян ижтимоий низолар орқали кечади. Шунинг учун табиий ривожланиш жараёнларини босиб ўтиш барча халқларга хосдир. Лекин, уни амалда таъминлашга эришиш ҳамма халқларга ҳам насиб этавермайди.

Янгиланиш ва ўзгаришлар ижтимоий, иқтисодий, маънавий, маданий, сиёсий соҳалар орқали амалга оширилиши, ҳар бир соҳанинг миқдорий, меъёрий, структуравий ҳолатининг алмашинуви натижасида сифат кўрсаткичларнинг вужудга келиши билан якунига етади. Лекин ҳар қандай ўзгаришлар ривожланишни таъминламаслиги мумкин.

— Назаримизда, мустабид тузумдан мерос қолган асоратларнинг тугамаганлиги янги муаммо ва вазифаларни олдимизга кўндаланг қўймоқда. Миллат, унинг ҳар бир фуқароси бугунги жамият тараққиёти чақириқларига уйғун янгиланмас экан, ривожланиш одимлари сиёсий ислоҳотлар билан рўёбга чиқиши оғир кечади. Қонуният эса, юксалиш сари йўналтирилмас экан, кечаги ўтмиш тарихнинг жараёнларини такрорлаб келаверади, деган фикрга нима дейсиз.

 2017 йилда давлатимиз раҳбари томонидан бошланган янгиланиш сиёсати бошқарув усулларини янги сифат ва талаблар даражасига кўтариш билан мамлакатни ҳаракатга келтирди. Узоқ йиллик турғунлик давридан кейин миллий уйғониш сари илк қадамлар ташланди... Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ўзига хос янги ёндашувнинг институт сифатидаги шаклланишида намоён бўлди. Мазкур институт халқнинг армонига айланиб келган дарду ва изтиробларига малҳам бўлди. Бинобарин, дастлабки босқичда 2017 йилда Халқ қабулхоналарига 1 млн. 500 минг мурожаат келган, шундан 1 млн.дан зиёди ижобий ечим топгани бу ижтимоий «яра»нинг нечоғли даражада катта эканидан далолат беради.

Давлат хизмати институтини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши таъсирчан кураш тизимини жорий этиш стратегик вазифаларнинг асосини ташкил қилди. Асосий мақсад — профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиб бериш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишга қаратилди. Бу жараёнлар бевосита ҳокимият бўғинларини ривожлантиришга оид масалаларни ҳал этишни тақозо қилди. Конституция ва бошқа қонунларга Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва давлат қўмиталари раислари номзодини Бош вазир тақдимига биноан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш ва Президент томонидан тасдиқлаш тартибини белгилаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Давлат маъмурий бошқарув структурасининг ўзгартирилиши фуқаролар учун билинмас ташкилий таъмирлашлар қаторига кирса-да, жамият равнақи учун унинг сиёсий-ижтимоий аҳамияти жуда катта. Биринчидан, Президент ўз ваколатларини ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият зиммасига юклаш баробарида марказлашган авторитар бошқарув унсурларини чеклайди. Иккинчидан, ижро ҳокимияти фаолияти мустақиллигини таъминлайди. Учинчидан, халқ вакиллари — депутатлар назоратини ўрнатиш билан улар фаолиятини жонлантиришнинг ҳуқуқий шарт-шароитлари юзага келади.

— Давлат ва жамият бошқаруви тизимларини такомиллаштирмасдан туриб, мамлакат ҳаётини модернизация қилиб бўлмайди. Бошқарувнинг шаффоф ва самарали механизмларининг жорий этилиши, у қанчалик мураккаб, баъзида айрим гуруҳ манфаатларига тескари келмасин, монополиядан ҳоли рақобат муҳитини шакллантирмасдан юксалиш сари юриб бўлмайди. Хўш, бу борада муаммо нимада?

 Муаммо, биринчидан, Президент томонидан қўйилаётган кенг кўламли вазифаларнинг катта босимини ҳазм қила олмаётган тизимнинг янгиланиш жараёни оғир кечаётганида, иккинчидан, шу вазифалар моҳиятини англайдиган электоратнинг оқсоқлигида, деб ҳисоблайман. Ўз даврида қатор фармонларнинг эълон қилиниши ҳам аслида бири-иккинчисига боғлиқ бўлган соҳаларни бирваракайига ривожлантириш, уларга янги импульс бериш, ижтимоий жараёнлар даъватидан ортда қолган эҳтиёжларни қондириш мақсадлари билан белгиланади. Бошқарувнинг ҳар бир соҳасида ташкил этувчи, етакловчи, ижро қилувчи қисмлар мавжуд бўлади. Бундан ташқари, ҳар қандай соҳага ичкаридан ва ташқаридан таъсир кўрсатувчи тизимлар мавжуд бўлади. Улар салоҳиятли, янгиланиш фалсафаси билан тўйинган раҳбар кадрларни танлаш орқали уйғунликка келади. Бошқарув тизими янгиланиб, уни жорий этувчи унсурларнинг мазкур талабларни суиистеъмол этилиши кутилган натижаларни бермайди. Шунинг учун бугунги бошқарув ижрочиларни эмас, «архитектор-муҳандис»ларни, ёрқин изланувчан креатив қиёфаларни талаб қилмоқда. Шу тариқа айтиш мумкинки, талаб ва эҳтиёжлар қонунияти бу фақат иқтисодий категория эмас – у жамиятнинг ривожланиш фалсафаси. Уни идрок этган раҳбарларгина даврнинг талабларига жавоб бера олади. Албатта, раҳбарларнинг барчаси ҳам эл-юрт ўртасида етарли обрў-эътиборга эга эмаслиги халқнинг ўринли танқидларига учраб турибди.

— Аммо, бугун тафаккур янгиланишлари билан боғлиқ бўлган тафовутларга қарамасдан, давр даъватларига кўра, янги тафаккурли амалдорларнинг қиёфаси вужудга келаётир. Одамлар билан мулоқот қуриш, эҳтиёжларига тезкор жавоб бериш замонавий услубиятга айланган биринчи етакчининг фаолият мезонлари қуйи раҳбарларнинг янги иш услубига айланиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Замонавий раҳбарлар энди ўзларининг яқинлашиб бўлмайдиган офисларида ўтирмаяпти, баъзида керак бўлса, ижтимоий тармоқларда фаол мулоқот қилиш маданиятини ҳам эгаллаб, муаммолар ҳақида гапиришдан чўчимаяпти.

— Сўнгги йиллардаги бундай ижобий ўзгаришлар ҳаммамизни қувонтиради. Вазирлар ва идора раҳбарлари ОАВ орқали ҳисоб беришмоқда. Ўз ҳудудлари истиқболларини аниқ тасаввур қилишмоқда, инвестиция, илғор инновацион лойиҳалар устида бош қотиришмоқда, жойларда камбағалликни бартараф этишга доир вазифалар ижроси борасида аҳоли ҳузурига боришмоқда, кескин вазиятларни жойларда ҳал қилиш чораларини кўришмоқда. Айниқса, туманларда тўртта секторнинг ўзаро мустаҳкам алоқада ишлаши давлатнинг асосий масалаларини жойларда, манзилли ҳал этишнинг янги шаклларини яратишга олиб келди. Бугунги кунга келиб раҳбар ва фуқаро ўртасида деярли масофа қолмаяпти.

Давлатимиз раҳбари миллий либерал мафкурага содиқ қолган ҳолда, ижтимоий йўналтирилган сиёсатни танлади, буни сўнгги йилларда қабул қилинган кўплаб қонунлар ва қарорлар тасдиқлаб турибди. Бинобарин, қонунлар жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришларни қўллаб-қуввватлаш, монополь тўсиқ ва чекланишларнинг олдини олиш, коррупцион иллатларга муросасиз курашиш, халқнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик ташаббусларини рағбатлантириш каби даврнинг руҳини ифода этаётганини эътироф этиш лозим. Қонунларнинг жамоатчилик муҳокамасидан ўтиш тажрибаси бугун керакли ва муҳим қонунлар яратилишига хизмат қилмоқда.

Бу ўзгаришлар «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётганлигидан далолат бермоқда.

— Пандемия инқирози ўз кўлами борасида 2008 йилги жаҳон молиявий иқтисодий инқирозидан бир неча баробар оғирроқ келганлиги олимлар томонидан эътироф этилмоқда. Айрим давлатларда пандемия ишлаб чиқариш соҳаларини фалаж ҳолатга олиб келди. Аҳолининг реал даромадлари тушиб кетди, жамиятда руҳий ва маънавий хасталик аломатлари тобора ўсиб, жиноятчилик ортиб кетмоқда, одамлар саросимага тушиб қолди. Ҳаттоки, ривожланган айрим давлатларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатишига ҳам қурби етмаяпти.

— Тўғри айтасиз. Бу борада Ўзбекистон раҳбариятининг тезкор ва изчиллик билан ташкил этган чора-тадбирлари ўзининг ижобий самарасини берди. Албатта, дастлабки кунлар аҳолини саросимага солгани ҳам тўғри гап. Иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатгани ҳам рост. Лекин халқ бу синовларда янада жипслашган, уюшқоқ ва иродали бўлиб чиқди. Ана шу оғир кунларда шифохонадан чиққан фуқароларнинг «Давлатим қўлини ва кучини ҳис қилдим» деган фикрлари янгиланиш ва ўзгаришлар фалсафасининг натижасидан далолат беради.

Пандемия шароитида халқимизнинг вазмин, босиқ мулоҳаза ва кучли иродавий фазилатлари давлат ва жамият манфаатларининг муштарак интилишларини намоён қилди. Аҳолининг реал даромади ва шунга мувофиқ ижтимоий ҳимояси, турмуш даражасининг тушиб кетмаслиги борасида амалий чора-тадбирлар белгиланди. Президент қўшимча сармояларни излаб топиш, оғир шароитда ноанъанавий муаммолар ечимини ҳал қилиш, жамоатчиликни сафарбар қилиш, халқаро хайрия жамғармалар инвестиция оқимини маҳорати билан Ўзбекистон манфаатларига бура олди. Очиғини айтганда, давлатнинг бундай халқчил сиёсати ва фуқаролари бўйича ғамхўрлигини унча-бунча давлатлар эплай ололмаётир.

— Албатта, оғир дамларда давлат раҳбарининг сиёсий иродаси. Темир интизоми ва ташаббускорлиги иш беради. Кўп йиллар мобайнида ортга ташлаб келинган жамиятнинг оғриқ камбағаллик нуқтаси Шавкат Мирзиёев томонидан биринчи бор тан олиниши унинг сиёсий иродасидан далолат беради.

 Агар олимона таҳлил қилсангиз, юртбошининг маънавий масъулияти, иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади иқтисод учун эмас, балки жамиятда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат экани равшан бўлмоқда. Мақсадларнинг амалий ифодаси Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш борасида кенг кўламли чора-тадбирларда ўз аксини топмоқда. Уйсиз, бошпанасиз, ногиронлар, ёлғиз қариялар, оналар, нораста гўдагу, вояга етмаган болалар ва ҳимоясини ташкил этиш учун шу аччиқ ҳақиқат юзига тик бориш аслида, етакчи учун жасорат. Ҳар бир тийини ҳисобда бўлган давлат учун миллионлаб эҳтиёжманд одамларни арзон уй-жой билан эртага эмас, бугун таъминлашнинг имкониятларини қидириб топиш, менимча, элпарварлик ифодаси. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши муайян давлат тизимига айлантирилди. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4-5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилгани, бу йилнинг ўзида 54 минг оилани янги уй-жойлар билан таъминлаш бўйича кенг кўламдаги қурилиш ишлари олиб борилаётгани мисолида яққол кўрамиз.

Дастурларга мувофиқ камбағалликни йўқотиш борасида аниқ манзилли режалар татбиқ этилмоқда. «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастурлари доирасида 252,7 мингдан ортиқ аҳоли тадбиркорликка жалб этилди. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» асосида давлатнинг ижтимоий ҳимояси халқчил ёндашувнинг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилди. «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик ёрдам тўловлари тўлаб берилди.2021 йилдан бошлаб иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ миқдорини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий қилинди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярмида 170 миллиард сўм, келгуси йилда 500 миллиард сўм маблағ 240 минг нафар ёшни ишга қабул қилган тадбиркорлар ихтиёрида қолади.Талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тизим асосида ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар ўғил-қизларимизга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи бюджетдан тўлаб бериладиган бўлди.

— Дарҳақиқат, ислоҳотлар кўлами кенгаймоқда. Йиллар мобайнида тўпланиб қолган айрим ички ва ташқи муаммоларимиз ҳал этилмоқда...

 Ўрни келди, муаммолардан баъзиларини санаб ўтсам. Мисол учун, 1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби тавсия этилиши, 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имкониятининг яратилиши янги сиёсатнинг инсонпарвар фалсафасини белгилайди. Келгуси йилдан 2005 йилгача мамлакатга келиб доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш кўзда тутилиши йиллар давомида аҳолининг армонига айланиб келаётган орзулари ушалишидир.

Яна шундай оғриқли нуқталардан бири, бу — Ўзбекистонда мажбурий меҳнат масаласи эди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тошкентни доимий танқид остига олиб келган. Ўқитувчилар, соғлиқни сақлаш ходимлари ва талабалар томонидан ихтиёрий мажбурий меҳнатдан фойдаланиш пахта далаларида, ҳам кўчаларни тозалаш ва ободонлаштириш ишларига мунтазам равишда жалб етилиб келинган. Aжабланарлиси шундаки, ўзбек пахтаси дунёдаги етакчи кийим ишлаб чиқарувчиларнинг қора рўйхатига киритилган эди. Аммо бу борадаги ижобий ўзгаришлар натижасида 2018 йил сентябрь ойида Қўшма Штатлар ўзбек пахтасини болалар меҳнати эвазига ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Айни пайтда, бу борада қабул қилинган қатор меъёрий ҳужжатлар тез орада ўз самарасини берди.

— Жамиятнинг янгиланиши фалсафаси ва ижобий ўзгаришлар таълимдан бошланади. Бу йиллар мобайнида бой берилган, ҳозирда англаб етилган, аммо ҳамон маърифатни излаётган халқнинг бирдан-бир нажот йўли. Таълим ва ёшлар тарбиясига доир давлат сиёсати ўзбекнинг янги авлодини вужудга келтиришга, унинг ахлоқий қиёфасини, миллий кодини яратишга қаратилган.

 Таълим – миллатнинг ривожи асоси, асосий пойдевори. Миллат тарихида биринчи марта таълимнинг узвий ва узлуксиз тизими ҳамда унинг ғоявий концепциясини яратишга эришилди. Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, унинг сифат-самарадорлигини ошириш, мактаб таълими ва олий таълим уйғунлигини таъминлаш борасида жиддий ҳуқуқий асослар яратилмоқда. Айниқса, лицей ва коллежларнинг олий таълим муассасаларига боғланиши ҳам илм-фан ва иқтидор уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади. Бундай ёндашув 3-4 йилда ижобий самарадорлигини бериши шубҳасиз. Чунки бу ёндашувларда халқаро тажрибаларда синалган изчил ва мантиқий қонуниятлар мавжуд. Бу қонуниятлар мамлакат тараққиётининг асоси сифатида илм-фан ва инновациялар билан боғланмоқда.

Инновацион лойиҳалар ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги соҳа ва ишчи ўринларнинг очилишига имкониятлар яратилди. Сўнгги тўрт йил ичида фаннинг жамиятдаги мавқеи, ҳақиқатан ҳам, ташкилий ва институционал нуқтаи назардан кескин тубдан янги ўзгаришларга олиб келди. Профессор-ўқитувчиларнинг моддий таъминоти анча яхшиланди. Илм-фанни рағбатлантириш мезонлари шакллантирилди, молиялаштириш кўлами сезиларли даражада ўсди. Охирги йилларда республикамизда очилган олий даргоҳлар сони ортди, филиаллар, сиртқи ва кечаги ўқув бўлимлари ташкил этилди, қабул квоталари 20 фоизга ортди. Бу, ўз навбатида, рақобат муҳитини вужудга келтирмоқда. Магистр ва бакалаврлар учун замонавий йўналишлар очилмоқда. Қатор институтлар Ўзбекистон Фанлар академиясига қайтарилди. Президент фармони билан 2030 йилгача фанни ривожлантириш Концепцияси қабул қилинди. 2021 йил Мурожаатномада ёшларни илм-фанга жалб қилиш учун яна янги имтиёзлар пайдо бўлди. Бу ижобий ўзгаришлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

— Миллат учун мураккаб ва масъулиятли дамларда жамият ривожини белгилаб беришга қодир «меъмор»ларнинг ҳамда янгиланиш ва юксалишга дахлдор ғояларнинг вужудга келишини даврнинг ўзи тақозо этади ва бундай қонуният тарихда ўз исботини топган. Бундай уйғунлик жамиятда ижтимоий тараққиётни англаш, сиёсий ислоҳотларни белгилаш, шунга мос йўл-йўриқ танлаш, унинг даъватларига мутаносиб ислоҳотларни белгилаш, энг муҳими муштарак миллий манфаатларни шакллантира олиш тараққиётнинг ортга қайтмас қонуниятларини вужудга келтиради.

— Фикрингизга қўшиламан. Мамлакатда стратегик янгиланишлар 2017 йилнинг бошида ташқи фаолиятимизнинг очиқлиги, шаффофлиги билан бошланди. Ташқи сиёсатда прагматик ёндашувни мезон қилиб, минтақавий интеграцион жараёнларга бўлган муносабат ўзгарди. Инсон ҳуқуқлари ва миллий манфаатларни ўзида мужассам этган дипломатияга урғу берилди. Расмий Тошкент ташаббуси билан қўшни Афғон Ислом Республикасининг барқарор ижтимоий-сиёсий ривожи ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари кун тартибига қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Европа иттифоқи давлатлари билан муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш имкониятларини кенгайтирди. Ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, унинг мақсад ва вазифалари ўзгарди. Хусусан, ислом дунёси билан муносабатлар қайта кўриб чиқилиб, турли соҳаларда инвестицион келишувларга эришилди. Туркий тилли давлатлар кенгашига қайтишимиз эса давлат раҳбарининг оқилона ва узоқни кўзлаб қилинган қарори бўлди. Айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Виза масалалари ҳал этилди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

Ватандан ташқарида фаолият юритаётган ҳамюртларимиз муаммоларини тан олиш, уларни тизимли ҳал қилишга бўлган уринишлар сўзсиз давлат раҳбарининг сиёсий иродаси билан боғлиқ. Хорижий консулхоналар сонининг ошиши ва ишлаш тизимининг тубдан ўзгариши ватандошларимиз томонидан ҳам эътироф қилинмоқда. Эндиликда хориждаги дипломатик ваколатхоналар «бажарилган» ишларнинг қуруқ ҳисоботини марказга тақдим этиш билан эмас, балки ўзига бириктирилган вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсатгичлари билан баҳоланади.

Экспертлар хулосасига кўра, ислоҳотчилик имижига Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг сиёсий тизимини ислоҳ қилиш ва очиқ ташқи сиёсат асосларини вужудга келтириш орқали эришди. Эркин-иқтисодий ҳудудларни очиш, солиқ имтиёзларини жорий қилиш ва мамлакатда бюрократия билан боғлиқ муаммоларни камайтириш орқали ҳукумат хорижий сармоядорларни жалб қилишда сиёсий етакчининг узоққа қаратилган мақсадларида намоён бўлди.

— Суҳбатимиз хотимасида хулосаларингизни билдирсангиз.

— Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ўз прагматизми ва сиёсий реализми билан муросасиз, аммо ички қонуниятларга боғланган, баъзан сиёсатчилар ҳазм қила олмайдиган, назарий қолипларга сиғмайдиган ўз таълимоти билан янгиланиш даври конценпциясини вужудга келтирди. Ташкил этилаётган бошқарувнинг янги тизимлари аслида жамият ва фуқароларнинг мавжуд ижтимоий шароитлари тақозоси юзасидан келиб чиқаётганлигини эътироф этиш лозим. Бинобарин, ҳар бир даврнинг эҳтиёжлари янги ёндашувларни талаб қилади. Давлат ислоҳотларида ана шу қонуниятларга амал қилиш ривожланишнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, унинг мустақил мурватларини ташкил этиш борасида ҳали-ҳамон ўз ечимини кутиб келаётган вазифалар кўп. Албатта, қисқа даврда ичида халқ ва мамлакат тақдири билан боғлиқ муаммоларнинг барчасини бирдан ҳал этиш мушкул иш. Аммо бунча масала ечимига жавоб излаш ва тинимсиз ҳаракатда бўлиш улкан саъй-ҳаракат, ташаббускорлик, билим ва тажрибани талаб қилади. Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздаги жадаллик билан юз бераётган ривожланишлар халқнинг маънавий-руҳий эҳтиёжига айланиб, ортга қайтмас ҳаракатга айланиб бормоқда. Асосийси, шу аснода одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда. Энди улар ҳамма нарсага кўр-кўрона ишонадиган, ким нима деса, орқасидан эргашиб кетаверадиган, ҳаётнинг пасту баланди, ишнинг фойдаю зарарини билмайдиган, олиб келса – ейдиганлар хилидан эмас. Аксинча, улар ҳар бир нарсани ақл тарозисида ўлчаб кўрадиган, ўзининг, юртининг манфаатлари уйғунлигини англаган ҳолда, давлат ва ҳокимият органлари билан шерикчилик қиладиган, уларнинг фаолиятини онгли равишда кузатиб борадиган, ўз ҳаётининг бунёдкори бўлган фуқаровий позициясига эга фуқароларга айланиб бормоқда. Шу маънода, мамлакатимиздаги ислоҳий вазифалар кўлами илмий-назарий ҳисоб-китоблари олинганда, бугун юз йиллик, кечаги бой берилган даврнинг вазифалари юкланаётганга ўхшайди.

Табиат бағрида табиий қайта тикланиш қонуниятлари мавжуд бўлгани каби, инсон ирциятида ҳам эврилиш, таназзул ва яна қайта тикланиш, юксалиш жараёнлари ҳам кечади. Давлат идоралари халқига хизмат қилса, ислоҳотлар ташаббускори халқ бўлса, янгиланаётган миллатнинг орзу-истаклари рўёбга чиқишига ишонамиз.

Бахтиёр ОМОНОВ

(«Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?