«Микрокредитбанк»: тадбиркорларнинг ишончли ҳамкори

14:13 20 Октябр 2020 Иқтисодиёт
310 0

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиёт таянчи, аҳоли даромадини таъминловчи муҳим восита ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ушбу тармоққа жиддий эътибор қаратилиб, уларнинг эркин ишлашлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга катта аҳамият берилмоқда. Бу борадаги ишлар, айниқса, кейинги йилларда янада жадаллашди. Бинобарин, тадбиркорларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли шартларда кредитлар ажратиш амалга оширилаётган ишларнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда, табиийки, молия муассасалари ҳам муносиб иштирок этишга интилмоқда. Ўз хизмат ва сармоялари билан аҳоли орасига чуқур кириб боришга ҳаракат қилмоқда. Яқинда пойтахтимизда «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган мавзусида матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

Ҳужжат ҳам, муддат ҳам қисқармоқда

«Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки — юртимиздаги жадал ривожланиб бораётган, аҳолига барча турдаги банк хизматларини тақдим этиб келаётган молия муассасаларидан бири. Банк томонидан карантин шароитига қарамасдан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида одамларнинг банк кредитларидан фойдаланишини соддалаштириш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш орқали уларнинг турмуш даражасини ошириш мақсадида бир қанча янги кредит турлари ва хизматлар амалиётга жорий этилди. Пировардида, шу давр ичида 108 594 нафар жисмоний шахсга жами 1 триллион 338 млрд. сўм кредитлар ажратилди. Шундан 131,0 млрд. сўми автокредит, 190,5 млрд. сўми истеъмол кредити, 357,6 млрд.сўми микроқарз, 10,7 млрд. сўми овердрафт, 40,0 млрд. сўми онлайн микроқарз, 2,7 млрд. сўми таълим кредити ҳамда 53,0 млрд. сўми ипотека кредити сифатида тақдим этилган.

Банк томонидан кредит ажратишнинг янги — «Андеррайтинг тизими» ишга туширилгани ҳам айни муддао бўлди. Чунки бу орқали фарқи кредит ажратиш босқичи аввалги 5 босқичдан 2 тага, ҳужжатлар сони 15 тадан 3 тага, кредитни кўриб чиқиш муддати 10 кундан 1 кунга қисқартирилишига эришилди. Ушбу кредит тури бўйича 2873 та мижозга 20,5 млрд. сўм кредит ажратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жисмоний шахсларга ажратилган кредитларнинг портфелдаги қолдиғи 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 223 минг нафар мижозда 2 277,0 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 782,1 млрд. сўмга ёки 37 026 нафарга ошган.

Бундан ташқари, 2020 йил давомида 5 та янги чакана кредитлар бўйича маҳсулотлар (онлайн-микроқарз 3 ойлик, онлайн истеъмол, автомобиль ойнаси тусини ўзгартириш учун, мигрантлар учун, ички туризм ва ташқи туризм) жорий қилинди.

Мисол учун, банкнинг "MKB Mobile” мобил иловаси орқали мижоз ўз мобил телефони орқали 1 ойдан 3 ой муддатгача фойдаланишни назарда тутувчи онлайн-микроқарз жорий қилиниши натижасида 2020 йил 9 ойи давомида 40,0 млрд. сўм кредит ажратилди. 2019 йил мос даврида 8,8 млрд.сўм берилган эди.

Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун фуқароларга микроқарзлар ажратилиши бошланди ҳамда уларнинг 161 нафарига 322,0 млн. сўм миқроқарзлар ажратилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида аҳолига (жисмоний шахсларга) кредитнинг тўлов мажбуриятларини юмшатиш ва енгиллаштириш мақсадида жами 173 786 нафар қарз олувчиларнинг 377,3 млрд. сўмлик график қарздорликлари 6 ой муддатгача узайтирилди.

Шунингдек, “MKB-mobile” иловаси орқали ҳеч қандай ҳужжатларсиз банкка келмасдан электрон тарзда онлайн-истеъмол кредити жорий қилинди.

Чакана кредитларни ажратиш учун аҳолини қийнаётган савол ва муаммоларини ўрганган ҳолда чакана кредит хизматлари кўрсатиш жараёнини соддалаштириш, янги масофавий банк хизмат турларини жорий қилиш, хорижий банклар тажрибаси асосида аниқ режа ва вазифалар ишлаб чиқиш, ахборот технологияларини қўллаш орқали банк хизматлари ҳамда «модулли» кредитлаш асосида янги кредит турларини фаол жорий қилиш, банкнинг “mikrokreditbank.uz” сайти орқали микроқарз, истеъмол ва автокредитларга онлайн тарзда кредит олиш учун аризаларни онлайн жўнатишлари ва бу бўйича қарор хулосасини олишлари учун тегишли тегишли чоралар кўрилаётгани бу борадаги ишлар янада жадаллашишидан далолатдир.

Ишбилармонлар сафи янада кенгаяди

2020 йилнинг 9 ой давомида барча йўналишларда тадбиркорлик субъектларига 3,5 трлн. сўм кредит ажратилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилги (1,4 трлн. сўм) кўрсаткичга нисбатан 2,1 трлн. сўмга ёки 250,0 фоизга ошди.

«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида 33 497 та аҳоли ва тадбиркорлик субъектига 879,1 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига кўмаклашиш давлат жамғармасидан 21,8 млрд. сўмлик кредит линияси жалб қилиниб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахсларга 18,3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. 848 нафар тадбиркор аёлга 21,0 млрд. сўм миқдорида кредитлар берилди.

Бундан ташқари, мазкур ишлар давоми сифатида йил охирига қадар ижтимоий дастурлар доирасида 252,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган.

Булар тўққиз ой давомида бажарилган ишлар. Аммо банк жамоаси бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Зеро, олдинда қилинажак ишлар кўп. Истиқболли лойиҳалар бисёр. Шундан келиб чиқиб, банк жамоаси томонидан йил якунига қадар Президентимизнинг қуёнчилик соҳасини ривожлантириш бўйича янги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва қуёнлар сонини республика бўйича 5 млн. бошга етказиш етказиш, мазкур соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва кластерлар иш фаолиятини тизимли ташкил қилиш;

-барча маблағлар ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига жами 4 059 млрд. сўм кредит ажратиш ва 19 000 та янги ўринлари ташкил этиш;

-2020 йил давомида амалга ошириши белгиланган 105 та лойиҳага 477,5 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратиш ва лойиҳани ишга тушириш чораларини кўриш;

-кичик бизнес субъектларига «Онлайн скоринг» тизими орқали кредит ажратишни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш ва уларнинг салмоғини ошириб бориш;

- банкнинг намунали филиалларда андеррайтерлар хизматидан фойдаланган ҳолда (Кредит комиссиялари қарорисиз) кредитлар ажратишни жорий қилиш ва самарадорлигини баҳолаган ҳолда барча филиалларда ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 17 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш тўғрисида»ги мажлис баёнига мувофиқ, «Микрокредитбанк» АТБ республикамизда қуёнчиликни ривожлантиришга масъул этиб бириктирилган. Мазкур топшириққа асосан, жорий йилда 235 та қуёнчиликка ихтисослаштирилган хўжалик ташкил қилинди, қуёнчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш учун жами 1 400 та мижозларга 130,8 млрд.сўм, миқдорда кредитлар ажратилди.

Президентимизнинг жорий йил май-июнь ойларида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифи давомида ушбу вилоятларда қуёнлар сонини 1 млн. бошга, республика бўйича 5 млн. бошга етказиш топшириғи берилган эди. Шундан келиб чиқиб, 189 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланиб, уларга 311 млрд. сўм кредитлар берилади. Эътиборлиси, ушбу йўналишда амалий ишларга киришилган. Хусусан, наслли қуёнларни кўпайтириш мақсадида Россиянинг «Агро Спес Сервис» компанияси билан 5000 бош ҳамда «ВEСТА» МЧЖ корхонаси билан 38 минг бош зотдор қуён олиб келиш бўйича шартномалар имзоланди. Шу асосда ҳозир оссия 10 минг бошдан ортиқ зотдор қуёнлар Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида жойлашган «Эко раббит» МЧЖ олиб келинди ва қуёнчилик хўжаликларига кўпайтириш учун етказиб берилмоқда.

Шунингдек Наманган вилояти Тўрақўрғон ва Фарғона вилоятининг Фарғона туманидаги қуёнчилик фаолиятини ривожлантириш мақсадида малакали мутахассисларни тайёрлашга ихтисослаштирилган ўқув маркази ташкил этилиб, тўлиқ жиҳозланди. Айни пайтда бу ерда қуёнчилик билан шуғулланиш истагида бўлганлар ўқитилиб, тегишли сертификатлар берилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, бугун «Микрокредитбанк» АТБ томонидан халқимиз ва иқтисодиётимиз учун фойдали бўлган кўплаб лойиҳаларга қўл урилмоқда. Демак, яқин вақт ичида мамлакатимизда тадбиркорлар сафи янада кўпаяди. Жойларда янги иш ўринлари яратилади. Одамларнинг даромади ортади, турмушига файз ва барака киради. Зеро, бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад ҳам шу.

Банк ахборот хизмати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?