«Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ғолиблари рағбатлантирилди

22:36 24 Декабрь 2021 Жамият
1253 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда парламент аъзолари, Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари, ёзувчи ҳамда журналистлар, олимлар, шунингдек, ҳудудий студиялардан онлайн алоқа тизими орқали маҳаллий ҳокимлар, ўқитувчилар, ота-оналар, мактаблар директорлари ҳамда касаба уюшмалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда таълим масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир.

Айни шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар моҳиятига бағишланган «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказишга қарор қилди.

Умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган ушбу танловдан кўзланган мақсад ёшларда сўнгги йилларда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, ижодий, танқидий ҳамда ностандарт фикрлаш, нотиқлик, ўз қарашини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир.

Эътиборлиси, янгича форматдаги «Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ўтган беш йилда таълим соҳасида амалга оширилган тарихий ўзгаришлар бугун ўз самарасини бера бошлаганини яққол кўрсатиб берди. Буни ўғил-қизларимизнинг халқаро фан олимпиадалари ҳамда танловларида юксак натижаларни қўлга киритаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур танлов жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойлари давомида 4 босқичда ўтказилди. Унда 9 минг 872 та мактабда таълим-тарбия олаётган 600 минг нафарга яқин ўқувчи иштирок этди. Танловда қатнашган ўғил-қизлар орасида ўзбек тилидан ташқари рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қирғиз ҳамда қозоқ тилларида ҳам иншо ёзган ўқувчилар борлиги шу азиз Ватанимизга миллатидан қатъи назар ҳар бир боланинг меҳри беқиёс эканидан далолат.

Танловнинг мамлакатимиз туманлари ва шаҳарлари миқёсида ўтказилган 2-босқичида 600 минг нафарга яқин ўқувчи орасидан тегишли мезонлар асосида саралаб олинган 9 минг 894 нафар ўқувчи, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган 3-босқичида 207 нафар ўқувчи иштирок этди. Ўқувчилар танловнинг қуйи босқичларида «Янги Ўзбекистон — менинг нигоҳимда», «Янги Ўзбекистон — янги имкониятлар» ҳамда «Менинг Президентим» мавзуларида ижодий салоҳиятларини намоён этди.

Ижодий ишлар танловининг республика босқичи эса жорий йилнинг 21 — 24 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди.

Дастурга кўра, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 45 нафар ўқувчи ва 14 нафар кузатувчи тантанали равишда кутиб олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Чинобод Плаза» санаторийсига жойлаштирилди. У ерда иштирокчилар учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

Танлов дастури доирасида ўқувчиларнинг мамлакатимиз парламенти аъзолари ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек, замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлари ташкил этилди.

Танловнинг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида «Менинг Президентим» мавзусида иншо ёзишди. Уларнинг ижодий ишларини баҳолашда иншонинг режа ҳамда мақсадлари, ислоҳотларнинг моҳиятини тўлиқ очиб берилгани, сиёсий атамалардан ўринли ва тўғри фойдаланилгани, сўз бойлиги ҳамда ифода қурилиши, ҳуснихат ва иншо услуби адабий тил талабларига мослиги ҳамда саводхонлиги, имло ёки ишораларнинг бехатолиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Барча ижодий ишлар, яъни иншолар нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан холисона баҳоланди.

Натижаларга кўра, танловнинг республика босқичи қатнашчилари орасидан 1-, 2-, ва 3-ўрин соҳиблари, шунингдек, 12 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Хусусан, ҳакамлар ҳайъати қарори билан 3-ўринга икки нафар ғолиб —Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Марварид Рустамова ҳамда Бухоро вилояти Жондор туманидаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасмина Тўраева муносиб кўрилди. Улар 3-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда уларнинг 2 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилади.

Худди шундай, танловнинг республика босқичида 2-ўринга ҳам икки нафар иштирокчи муносиб, деб топилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги 13-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулферуз Сарибаева ва Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Чинигул Исматиллаева 2-ўринни эгаллаб, 2-даражали диплом билан тақдирланди. Шунингдек, танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда уларнинг 3 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма ўзларига мукофот сифатида тақдим этилади.

«Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови республика босқичининг мутлақ ғолиби, яъни 1-ўрин соҳиби Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Раъно Абдуҳамидова бўлди. У 1-даражали диплом билан тақдирланди. Танлов Низомига кўра, олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилинган тақдирда унинг 4 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Агарда давлат гранти асосида ўқишга кирса, ўша сумма мукофот сифатида тақдим этилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ғолиб ўқувчиларнинг устозлари ҳам рағбатлантирилди. Хусусан, 3-ўринни эгаллаган ўқувчилар устозлари 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳибларининг устозлари 20 миллион сўм, 1-ўрин соҳибининг устози 30 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Ғолиб ўқувчилар таҳсил олаётган умумтаълим мактабларининг раҳбарлари ҳам ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилиб, уларга совға тариқасида ноутбуклар тақдим этилди. Худди шу совға танловнинг республика босқичи иштирокчиларининг барчасига тақдим қилинди.

Шунингдек, тантанали тадбирда танлов номинациялари ғолиблари ҳам мукофотланди. Хусусан, «Ёшларга оид давлат сиёсати ёритилган энг яхши иншо», «Ҳудудлардаги ислоҳотлар кенг ёритилган иншо», «Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кенг ёритилган иншо», «Гендер тенглик масаласи кенг ёритилган иншо», «Маънавий-маърифий мавзудаги энг яхши иншо», «Ўзбекистондаги янги тараққиётни кенг ёритган иншо», «Дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон мавқеи кенг ёритилган иншо», «Инновацион ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари кенг ёритилган иншо», «Ватан ҳақида энг самимий дил изҳорлари битилган иншо», «Толерантлик ва илғор ғоялар кенг талқин этилган иншо» номинациялари бўйича ғолиб бўлган ўқувчиларга замонавий смартфонлар топширилди.

Умуман олганда, мутлақо янги форматда ташкил этилган «Менинг Президентим» ижодий ишлар танлови ўқувчи-ёшлар истеъдодини юзага чиқариш, Ватанимиз келажаги ҳамда истиқболига дахлдорлик туйғусини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутди, десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ўз юрти бахту саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўшиб турган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайди.

Раҳим ШEРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер