Мендан ҳам аҳволи оғирлар олсин — қўл-оёғи ишламай қолган қашқадарёлик аёл ногиронлик нафақасини рад этди

19:06 29 Сентябр 2021 Жамият
925 0

Фото: "Халқ сўзи"

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Қайнар қишлоғида яшовчи, уч фарзанднинг онаси Дилафрўз Остонованинг бехосдан қўл-оёғи ишламай қолди. Уч ой тўшакда михланиб ётган аёл ундан ҳол-аҳвол сўраб келганларга «Агар оёққа туриб кетсам, фақат эл учун хизмат қиламан, кексаларнинг дуосини оламан», дейишни канда қилмасди. Унда яшашга иштиёқ, ҳаётга интилиш жуда кучли ва соғайиб кетишига дилдан ишонарди.

Худди шундай бўлди ҳам. Умуртқа поғонасида ўтказилган мураккаб операциядан сўнг у илк бор қадам ташлаганида ҳўнграб юборди. «Наҳотки мен ҳам бошқалардай юра бошласам?!» дер эди қувониб.

Дилафрўз касалхонадан даволаниб чиқаётган пайтда шифокорлар ногиронлик нафақасига чиқиши учун тайёрланган ҳужжатларни қўлига тутқазади. Аммо у бу ҳужжатларни олишни рад этади. «Мендан ҳам аҳволи оғирлар, тўшакда ётганлар олсин нафақани, мен соғломман», дейди қатъият билан.

Бинобарин, тўрт мучаси бутун бўлса ҳам, «Касалман!» дея ёрдамга муҳтожлигини рўкач қилиб, ногиронлик нафақасини олиш учун идорама-идора юрган фуқаролар йўқ эмас. Боқимандалик кайфиятидан қутула олмаётган бундай тоифа инсонларга Дилафрўзни ибрат қилиб кўрсатсак арзийди.

— Кўнглим сезарди, барибир оёққа туришимга ишонардим, — дейди Дилафрўз. — Нега энди мен ногирон бўлишим керак?! Хуллас, тадбиркорликни бошлаб юбордим. Турмуш ўртоғим билан ҳар куни тонгда нон ёпиб, қишлоғимиз аҳли дастурхонига тортиқ қиляпмиз. Соат 3:00 да туриб хамир қораман, турмуш ўртоғим эса тандир ёқади. Кунига 1-2 қоп ундан нон ёпамиз. Кейин маҳаллага ишга шошаман.

Дарвоқе, Дилафрўздаги ғайрат, шижоат ва иштиёқни кўрган қишлоқ аҳли уни Қайнар МФЙ раисининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси вазифасига ишга таклиф этишди. Эл хизматида бўлиш ниятида юрган Дилафрўз бу таклифни қабул қилди.

Машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган, ўзининг метиндай иродаси ва ҳаётга иштиёқи билан намуна бўлаётган шундай инсонлар борлиги учун ҳам юртимизда файзу барака бор.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер