Мен ватанли бўлдим, ўксик қалбим қувончга тўлди

10:30 10 Июнь 2019 Жамият
842 0

Уйининг тўрида савлат тўкиб ўтирган бобо, қадоқ қўлларини дуога очади: Илоҳим, юртимизга кўз тегмасин. Хонадонимизга осойишталик, дастурхонимизга қут-барака келтирсин.

Мана шу мўътабар калом ҳар куни миллионлаб ўзбек хонадонларида жаранглайди. Соат миллари айланади. Вақт эса бир жойда тўхтаб қолмайди. Ҳаёт давом этмоқда. Одам боласи ўз умрининг мазмунига ошиқ. Баъзида ортига ўгирилиб, қилган энг эзгу ишларини хотирлайди ва мағрур бошини кўтаради. Бу фақат буюк қалб эгаларига хос кечинмадир. Ишдан ҳориб қайтаётган йигитни ватан ичра мўъжаз ватан бўлмиш уйида шўх-шодон, қийқириб ўйнаб юрган болалари қарши олади. Қучоғига отилиб, чарчоғини олади. Унинг яшаш ва яратиш иштиёқини орттиради.

Бугун Самарқанд вилоят хокимлиги ташаббуси билан, Самарқанд шаҳридаги «Шукрона» маҳалласида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда 37 нафар ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож фуқароларга 2 сотихли ҳовлидан иборат 37 та коттеж фойдаланишга топширилди. Мазкур уй соҳибларининг асосийлари кўп йиллардан бери уй-жойга навбатда турган, ижарама-ижара қийналиб яшаб келган одамлардир.

Тадбирни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов очиб берди ва мамлакатимизда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган эътиборга муҳтож фуқароларга ҳукуматимиз томонидан катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлигини таъкидлаб, янги уй-жойга эга бўлган фуқароларни табриклаб, бу эзгу ишлар ҳали яна давом эттирилишини айтиб ўтди.

-Уч фарзандим, олти нафар набирам бор. Бир ўғлим ногирон. Йигирма йил ижарама-ижара яшаб келдим,-дейди шу маҳалла фуқароси Раҳима Юсупова қувончдан кўзлари порлаб. Менга текин уй беришди. Ватанли бўлдим. Президентимизнинг биз каби ўксик оилаларга кўрсатаётган ғамхўрлигидан бошим осмонга этди. Вилоят раҳбарларига ҳам чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Орзу қилардим. Кутмаган эдим ахир, бундай уйнинг соҳибига айланишни. Ахир ўзингиз ўйланг, ижарачи ҳар ойда эшигингизни тақиллатиб турса...

Кўзни қувнатадиган 37 та уй-жойларнинг 34 таси Самарқанд шаҳри, 1 таси Самарқанд тумани, 1 таси Тайлоқ тумани ва яна биттаси Ургут тумани фуқароларига топширилди. Уй-жой билан таъминланганларнинг ижтимоий келиб чиқишига кўра, 18 нафари 1-гуруҳ, 4 нафари 2-гуруҳ ногиронлари бўлса, 1 нафари чин етим ва қолган 12 нафари эса кам таъминланган ва уй-жойга ўта эҳтиёжманд фуқаролардир.

Мазкур уй-жойларнинг танлаб берилишида шаҳар ҳокимлиги бош-қош бўлгани, тузилган комиссия иштирокида ҳар бир фуқаронинг яшаш шароити синчиклаб ўрганилганлиги тадбирда эътироф этилди. Энг муҳтож фуқароларнинг 35 тасига вилоят маҳалла хайрия жамғармаси томонидан 25 миллион сўмдан пул кўчириб берилган бўлса, 2 таси вилоят касаба уюшмаси томонидан молиялаштирилди. Бундан ташқари бу уйларнинг қурилишига вилоятдаги ҳомий ва қурилиш ташкилотлари ҳам катта ҳисса қўшишди.

Тадбир тўйга айланиб кетди. Халқимиз суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тантанали маросимга ўзгача завқ ва шукуҳ бағишлади.

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи“

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?