«Мен учун энг қувончли кун бу - ота-онамнинг бир-бири билан уришмаган куни» ёхуд янги авлод дарсликлари ҳақида ўйлар

Фото: Халқ сўзи
Азалдан шундай, янгилик борки, ҳамиша ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. Кимлардир уни тўғри талқин қилса, яна кимлардир аксинча…
Очиғи, сўнгги йилларда янгидан яратилаётган дарсликлар кўпчилик ҳамкасбларим сингари менга ҳам дастлаб маъқул бўлмади. Аниқроғи, улардаги янгиликларни ҳазм қила олмадим чоғи. Лекин нима бўлганда ҳам, машғулотларни янги дарсликлар асосида белгиланган тартибда ўта бошладим. Ўқувчиларимнинг дарсларга қизиқишлари кундан-кунга ортиб бораётганини кўриб, ҳайратим ошиб бораётгани ҳам бор гап.
Бир куни «Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури» лойиҳасида асосида яратилган Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслигидаги «Бирга яхшида» мавзусида берилган уйга вазифаларни текшираётганимда ўқувчиларимдан бирининг ёзганлари юрагимни тирнаб ўтди. Унда «Мен учун энг қувончли кун бу - ота-онамнинг бир-бири билан уришмаган куни» деб ёзилган эди. Вазифа шарти эса «Қувончли кун “ мавзусида оилангиз даврасида ўтказилган бир кунни тасвирлаб, камида 4-5 та гапдан иборат матн тузинг» эди.
Қизалоқнинг ёзганларини охиригача ўқишга, тўғриси, бардошим етмади. Кейин ўйладим, бу матнга қандай баҳо қўяман? Эътиборсизлигим учун кечир дейманми? Хаёлимда ҳар хил ўйлару, қарама-қарши фикрлар туғён қиларди.
Эртаси куни қизалоқнинг ота-онаси билан суҳбатлашдим. Муаммоларни биргаликда ҳал қилишга келишиб олдик. Ўша кундан буён Янги Ўзбекистоннинг янги таълимига миннатдорлик ҳисси уйғонди, дарсликнинг теран моҳият-мақсадини тушуниб етдимки, боланинг тайёр матндаги машқдан эга, кесимни ажратиши ёки от нима, сифат нима эканини топиши муҳим эмас, боланинг мустақил фикрлай олиши, ўз сўзига эга бўлиши муҳим экан.
Шу воқеа сабаб бўлиб, одатдаги ҳар бир дарсдан мўъжиза қидирадиган, ўқувчиларимнинг фикрларини ҳурмат қиладиган бўлдим. Синфимда ўзгаришлар катта. «Қандай ўзгаришлар?» дейсизми? Ўқувчиларим ўзлари синфхонамизда кутубхона яратишди ва унга мудира ҳам тайинлашди. Бу ишга эса Она тили ва ўқиш саводхонлиги дарслигидаги «Кутубхоначи қиз» матни сабаб бўлди. Мени қувонтиргани, бу ғоя болажонларимнинг ўзларидан чиққанидир. Тўғри, аввал ҳам бошланғич синф хоналарида эртак китоблар бўлган, лекин кутубхоначи бўлмаган.
Ўқувчиларим танлаган кутубхоначи ўқувчимнинг айтишича, ҳозир кутубхонада 60 га яқин китоб бор. Китобларни ўқишга бериш тартиби ҳам мактаб кутубхонасиникидан қолишмайди, улардан фойдаланувчи ҳар бир ўқувчи учун алоҳида дафтар тутилган. Болаларнинг ўқиган китобларини топшириш жараёнини кўриб, ҳайратим яна ҳам ошди, Гап шундаки, кутубхоначи ўқувчи китобларни шунчаки қабул қилиб олмасдан, ичидаги воқеаларни ўқиган ёки ўқимаганини саволлар орқали текшириб олаётган эди.
Ижтимоий тармоқларда кузатаётганим дарсликдаги хатолар ҳақидаги фикрларга келсак, ҳақиқатан ҳам дарсликлар орфографик ва техник қусурлардан холи эмас, мен ҳам шу хусусда муаллифларга боғланганимда, улар ҳозирда бу китоблар тажриба-синовда эканлигини ва хатолар устида тегишли мутахассислар ишлаётганини айтишди. Ҳаттоки, муаллифларнинг ўзлари тренингларга келиб устозларга амалий ёрдам бераётгани гувоҳи бўлдим.
Юқорида айтганимдек, ҳар қандай янгилик ҳам даставвал ғайритабиий туюлиши мумкин. Лекин унинг самараси амалиётда билинади. Шундай экан, янги дарсликларнинг фақат хатоларини муҳокама қилмасдан, уларнинг болалар учун бераётган фойдаси ҳақида ҳам бироз ўйлаб кўрсак, фойдадан холи бўлмас эди.
Лобар РЎЗИМУҲАММEДОВА,
Сирдарё вилояти Гулистон тумани 7-мактабнинг олий тоифали
бошланғич синф ўқитувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
- ЖССТ янги ҳалокатли пандемияга тайёрланишга чақирди
- Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзор туманига ташрифидан фоторепортаж
- Тараққиётнинг янги босқичида
- Сиандаги мусулмонлар маҳалласи (Фоторепортаж)
- Гендер тенгликни таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг