«Мен сизларсиз яшай олмайман»

12:00 07 Май 2021 Жамият
579 0

Иллюстратив фото

...Ўшанда 1941 йилнинг ёзи эди. "Уруш бораётган жойлардан болаларни келтиришибди", деган хабарни эшитган ғиждувонлик Умид Турдиев туман марказига йўл олди.

Болалигини уруш ўғирлаган, кўзларидан ҳали-ҳануз қўрқув аломати сўнмаган, оч-юпун гўдакларни кўриб кўнгли алланечук бўлиб кетди. Улардан бирини бағрига босди. Бу 11 ёшли эстон боласи Леонард Лаук эди.

Умид Леонардни етаклаб қишлоғи Янгирабод сари отланди. Хонадон бекаси Муяссархон гўдакка «Болажоним», деб қучоғини очди. Лео оиланинг эркатой фарзандига айланди. Қишлоқ мактабида ўқиди. Дўстлар орттирди...

Орадан чамаси қирқ йил ўтди. Ўша кезларда Ғиждувонда раҳматли Эркин Латипов бошлиқ «Қизил изтопарлар» клуби фаолият кўрсатарди. Шу клуб аъзолари Турдиевлар хонадонига Леонарднинг ота-онаси уни қидираётгани ҳақидаги хабарни етказдилар.

Қишлоқда дув-дув гап бўлди. Леонард она-юртига йўл олди. Ота- онаси, қариндош-уруғлари билан дийдорлашди.Туғилган уйида икки ойча яшади. Кейин эса кўз ўнгидан Ўзбекистон, Муяссархон ая, Умид ота, ўз жигаридай бўлиб кетган укалари кетмай қолди. Ҳаловатини йўқотди. Ота-онасидан минг карра узр сўраб, яқинларини лолу ҳайрон қолдириб, Ғиждувонга қайтди. Кела солиб Муяссархон аяга, уйидагиларга «Мен сизларсиз яшай олмайман», деди.

Юрт соғинчи, она меҳру муҳаббатининг қудрати бундан зиёд бўлиши мумкинми?!

Қишлоқда оддий монтёр бўлиб ишлаган, қўни-қўшнилардан «Мен хизмат ҳақи олмайман. Чунки сизлардан, серқуёш бу юртдан бир умр қарздорман» дея қўли кўксида бўлган Леонард ака бундан беш йил муқаддам қазо қилди. Уни васиятига кўра Муяссар аянинг қабри ёнида дафн этишди...

Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида диёримизга рус, украин,поляк, эстон, белорус каби кўплаб миллат вакиллари эвакуация қилинган. Улар орасида болалар ҳам беҳад кўп бўлган. Масалан, биргина Бухородаги болалар уйларида даҳшатли уруш бораётган ҳудудлардан келтирилган салкам тўрт минг нафар ўғил-қиз тарбияланган. Юзлаб гўдаклар эса худди Леонардга ўхшаб бағрикенг, бир майизни қирқ бўлишиб ейдиган ўзбек хонадонларидан паноҳ топишган.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?