Меҳрдан кўнгиллар шодон

22:22 03 Декабрь 2021 Жамият
338 0

3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Навоий вилоятидаги таълим муассасалари, маҳаллалар ва идора ҳамда ташкилотларда байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Қизилтепа туманидаги 36-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернатида ҳам ўтказилди.

Вилоят 2-сектори ташаббуси билан уюштирилган ушбу тадбирда прокуратура органлари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, муассаса ўқувчилари, ногиронлиги бўлган болалар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган юртимизда мамлакатимизда инсонпарварлик ғояларига йўғрилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ташкил қилинаётган меҳр-саховат тадбирлари ҳам бунинг ёрқин намунаси экани эътироф этилди.

— Бугунги тадбирда имконияти чекланган фарзандларимиз соғлом болалар каби ўзларини тенг ҳуқуқли эканликларини яна бир бор ҳис этишди, — дейди 36-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати тарбиячиси Нилуфар Исмоилова. Кўрсатилган эътибор ва меҳрдан уларнинг қувончи чексиз. Бундай тадбирлар уларга руҳ беради, шижоат бағишлайди. Уларнинг қувончини эса ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Зеро, улар ҳам бахтли яшашга ҳақли.

Байрам тадбири якунида имконияти чекланган фуқаролар ҳамда мактаб ўқувчиларига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбир концерт дастурига уланиб кетди. Мактаб ўқувчилари ўзларининг қўшиқ ва рақслари, саҳна чиқишлари билан байрамона кайфият улашди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган шўх куй-қўшиқлар ҳам даврага янада файз бағишлади.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?