«Меҳр дафтари»га кимлар киритилади?

16:01 18 Август 2021 Жамият
537 0

«Меҳр дафтари» тизими ҳақида маълумот берсангиз, бу дафтарга кимлар киритилади? Ушбу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева жавоб берди.

«Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги Болалар уйлари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида «Меҳр дафтари» тизими жорий этилиши белгиланган.

«Меҳр дафтари» тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Меҳрибонлик» уйлари ва бошқа ўқув-тарбия муассасалари тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш ишларига масъул этиб белгиланди.

Вазирлик шу тоифадаги қизларнинг ижтимоий ҳолати доимий ўрганиб боради ва уларни «Меҳр дафтари»га киритиб, қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилиш, кейинги ҳаётларида ўз ўринларини топишларига ҳар томонлама кўмак беради.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Миллий гвардиянинг масъул мутахассислари, «Маҳалла ва оила» илмий- тадқиқот институти олимлари билан биргаликда ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича «Меҳр дафтари» анкета сўровнома лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, «Меҳр дафтари»ни юритиш орқали ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича Янги тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу лойиҳалар белгиланган тартибда тегишли вазирлик, идоралар ва раҳбарият билан келишилгандан сўнг амалиётга жорий этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?