Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси очилди

23:22 22 Сентябр 2022 Жамият
800 0

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари мутасаддилари, олимлар, фан арбоблари, маҳалла фаоллари, шунингдек,  Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Монголия касаба уюшмалари миллий марказлари раҳбарлари, Миср Араб Республикасининг Коммунал ва газ ташкилотлари касаба уюшмалари делегацияси вакиллари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Фанлар академияси Математика институти директори Шавкат Аюпов, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ва бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда барча соҳалар қатори, олий таълим тизимида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг 2021 йил 23 августдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур академия, асосан, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ малакали кадрларни тайёрлаб бериши билан ғоятда аҳамиятлидир. Қолаверса, иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, соҳага оид муаммоларни илмий ҳамда амалий жиҳатдан ҳал этиш ҳам унинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.

— Таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётларни яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий қилиш ҳам асосий мақсадларимиздан бири, — дейди Касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори Сайфулла Аҳмедов. — Биласизми, мазкур таълим муассасасининг ташкил этилиши жараёнида, аввало, меҳнат бозори пухта ўрганилди ва меҳнат ҳамда ижтимоий муносабатлар соҳаси учун қандай кадрларга эҳтиёж юқори экани таҳлил этилди. Бу эса кўзланган мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутади.

Таъкидланганидек, академияда ўқиш истагида бўлган 1200 нафарга яқин талабгорлар ҳужжат топширган. Улардан 250 нафарга яқини ўқишга қабул қилинди. Бугунги кунда академиянинг педагогик таркиби шакллантирилган. Бу ерда меҳнат ва ижтимоий муносабатларнинг етти йўналиши бўйича мутахассис тайёрлашга илмий асосланган ва марказлашган ҳолда эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Академия меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли мутахассисларга, шунингдек, илмий-амалий тадқиқотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Россия, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Италия (Халқаро меҳнат ташкилоти ҳузуридаги Турин ўқув маркази), бошқа институтлар, тегишли миллий ва халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирилган.

Ҳамкорлик, шунингдек, ушбу соҳаларда бошқа давлатлар билан тажриба алмашиш ўқув фаолиятини, комплекс ўқув лойиҳаларини, маслаҳат хизматларини, ўқув материалларини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

Қувонарлиси, таълим муассасасида талабаларга барча имкониятлар яратилган. Таълим янги технологиялар асосида жиҳозланган аудиторияларда олиб борилади. Ташриф буюрувчиларда, айниқса, электрон кутубхона, физика ва кимё фанлари бўйича лабораториялар, спорт комплекси, ётоқхона, ошхона ва буфетлардаги имкониятлар катта таассурот қолдирди.

Таълим жараёнининг автоматлаштирилган “Платформа” мажмуаси ҳам жорий этилганлиги эса кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бундан ташқари, талабалар учун ўқув биносида wi-fi (бепул интернет), кутубхонанинг ўқув ва электрон заллари мавжуд бўлиб, электрон кутубхонадан масофавий ҳолда фойдаланиш мумкин. Асосий машғулотлардан сўнг талабаларнинг фанлар бўйича мустақил шуғулланишлари учун компьютер синфлари, лабораториялар ва махсус хоналар мавжуд.

Қисқаси, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида очилган мазкур академия меҳнат ва ижтимоий муносабатлар, ҳамюртларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича юқори салоҳиятли кадрларни тайёрлаш бўйича амалий ишларни янги босқичга олиб чиқади.

 

 

 

Раҳим Шерқулов / «Халқ сўзи»
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер