Меҳнат қилган элда азиз

17:56 25 Август 2021 Жамият
411 0

Муҳтарам Президентимизнинг энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни тақдирлаш ҳақидаги фармонини ўқиб, беихтиёр халқимизнинг ана шу ибораси ҳаёлимдан ўтди.

Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак эътирофга сазовор бўлганлар сафида машҳур адабиётшунос, атоқли адиб ва таржимон Иброҳим Ғафуровнинг борлиги бу дилбар, донишманд инсоннинг бир мухиб-мухлиси сифатида кўксимни тоғдек кўтариб юборди. Иброҳим ака катта ҳарфлар билан ёзишга арзигулек зиёли инсон, серқирра ижодкор. У кишининг «Ҳаё халоскор» китоби доимий ҳамроҳим, иш столим устида туради. Муножот Йўлчиева... Қандай ажойиб ҳофиза! Ўзбекистон эфир тўлқинларида Муножатхон қўшиқлари янгарамаган кун ёки унинг мумтоз ашулалари кириб бормаган бирор хонадон бормикан? Заҳматкаш, фидокор синглимизга ҳам «Ўзбекистон қаҳрамони» деган юксак шараф жуда-жуда муносиб, арзийди! Ўзбекистон Халқ артисти деган юксак мукофотга сазовор санъаткорлар орасида мақом ансамбилининг эл ардоғидаги хушхон ҳофизлари, қўшиқларини жондан суядиганим, ёш, шижоатли ҳофизлар Элмурод Аҳмедов, Фурқатбек Ашралиевларнинг борлиги уларнинг ашулалари каби ёқимли. Ўзбек опера санъатини жаҳон саҳналарида янгратиб, ҳаммани ҳайрат-ҳаяжонга солаётган Женисбек Пиязовга ҳам «Халқ артисти» унвони берилганлиги нур устига нур.

Мукофотланганлар орасида матбуотда ва ёки телевилениеда ҳадеб кўринавермасада, ҳормай-толмай ижод қилаётган фидойи ёзувчи ва шоирларнинг борлиги, улар ўзларини кўз-кўз қилавермасаларда халқимиз эътиборида эканликларидан, Президентимиз уларни билишлари, меҳнатларини қадрлашларидан, Янги Ўзбекистонимизда ҳар бир меҳнаткаш инсон юртбоши назар-нигоҳида эканлигидан ҳаяжонга тушдим. Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги кичик бир қишлоқда эл қатори яшаб, индамайгина ижод қилиб, ўз қиссалари, романлари билан эл олқишини олаётган ёзувчи дўстимиз Алишер Ибодинов, ажойиб камтарин шоира, публицист Муҳтарама Улуғоваларнинг «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлгани, сирдарёлик журналист Алиқул Хонимқуловнинг эса «Дўстлик» ордени олгани... ҳақ сўзни айтиб чарчамайдиган, зукко адабиётшунос Зуҳриддин Исомутдинов ва дилбар шоира Зулфия Мўминова, қорақалпоғистонлик ёзувчи Муратбай Низановларнинг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига мушарраф бўлганликлари бунга ёрқин мисол бўла олади.

Ўз умрини халққа хизмат қилишга бағишлаб, ҳаётда ёрқин из қолдирган инсонларни, уларнинг меҳнатларини халқимиз унутмайди. Жуманиёз Жабборов, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев, Омон Мухтор, Шавкат Раҳмон, Омон Матжон, Неъмат Аминов, Муҳаммад Раҳмон сингари марҳум шоир ва адиблар, Мирза Азизов, Дилбар Икромова, Фатхулла Масудов, Маҳмуджон Тожибоев, Отажон Худойшукуров, Ҳусан Шарипов, Дилнура Қодиржонова, Ортиқ Отажонов, Камолиддин Раҳимов каби кўплаб марҳум санъаткорларнинг «Фидкорона хизматлари учун», «Меҳнат шуҳрати» орденлари билан тақдирланганликлари айни халқимиз кўнглидаги иш бўлган.

Мукофотланган азиз юртдошларимни, уларнинг оила аъзоларини чин қалбимдан табриклайман! Меҳнат қилган элда азиз бўлган шундай юртда яшаётганимиздан ҳазор бор шукурлар бўлсин!

Ортиқали НОМОЗОВ, меҳнат фахрийси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?