Меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий ҳимоя – устувор мақсадимиз

18:34 11 Ноябрь 2022 Жамият
603 0

Фото: Халқ сўзи

Туманимиз иқтисодиётида аграр соҳанинг улуши 60 фоиздан ошади. Айни пайтда тизимда 12 мингдан ортиқ ишчи-хизматчи фаолият кўрсатаётир. Уларга муносиб меҳнат шароити яратиш, дам олишини ташкил этиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси борасидаги ишларни изчил йўлга қўйганмиз. Масалан, меҳнаткашлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойида 21 кишини сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланма билан таъминладик. Икки нафар боқувчисини йўқотган аёл бепул дам олиб қайтди. 35 та кам таъминланган оилага 7 миллион сўм, умуман, ижтимоий ҳимоя йўналишида 25 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари ёзнинг юқори ҳароратли кунларида 200 нафардан ортиқ касаба уюшма аъзосининг вилоятнинг сўлим масканларига бепул саёҳати уюштирилди.

Фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳақида гап борар экан, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини тўла рўёбга чиқариш, хусусан, кафолатланган иш жойи билан таъминлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлаш ўринлидир. Хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари бу борада бизга яқиндан ёрдам кўрсатишаётир. Бундан икки йил аввал ташкил этилган “Runam tex” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхонаси директори Маҳфуза Гумушнинг ташаббускорлиги кўпчиликка ибрат. Кейинги пайтларда МЧЖга 200 га яқин киши ишга жойлашди. Уларнинг 150 нафарга яқини ижтимоий дафтарлар рўйхатида турган аёллар ва ёшлардир. М. Гумуш янги иш ўринлари яратиш бўйича касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган республика танлови совриндори бўлди ва 30 миллион сўмлик пул мукофотини қўлга киритди. Яна бир ҳамкоримиз - 1-сонли касб-ҳунар мактаби директори Гулнора Содиқованинг саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. Унинг интилишлари билан мактабни тугаллаган 148 нафар ёш касби ва қизиқишига мос иш жойини топди.

Ишчи-хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масаласида тарғибот тадбирларини изчил олиб борамиз. Жойларда ташкил этилаётган семинар ва суҳбатларда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳақида батафсил тушунча бериляпти. Эндиликда касаба уюшма фаоллари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.

Бир сўз билан айтганда, туман Кенгашимиз ва бошланғич ташкилотларнинг астойдил ҳаракати билан «Касаба уюшмалари – меҳнаткашларнинг чинакам ҳимоячиси ва мададкори» тамойилининг ҳаётбахшлиги таъминланмоқда.

 

Ақида ҒОЙИББОЕВА,

агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Тўрақўрғон туман Кенгаши раиси,

Наманган вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер