МДҲ Парламентлараро Ассамблеянинг кузги сессияси якунлари муҳокама қилинди

13:29 19 Ноябрь 2022 Сиёсат
258 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида жорий йилнинг 27-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг (ПА) кузги сессияси якунлари муҳокама қилинди.

МДҲ ПА кузги сессиясининг (сайёр) Ассамблея фаолиятида биринчи марта Санкт-Петербургдаги қароргоҳидан ташқарида, яъни мамлакатимизда ўтказилиши, аввало, Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг, қолаверса, парламент дипломатиясининг ютуғи сифатида ҳалқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Унда кўрилган масалалар, келишувлар, парламентлараро ўзаро мулоқот тарафларнинг манфаатларини ҳисобга олиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Қайд этилганидек, Ассамблеянинг асосий фаолият йўналиши намунавий қонун ижодкорлиги ҳисобланиб, ҳамдўстлик мамлакатлари парламентлари аъзоларининг МДҲ ПА майдонидаги ўзаро ҳамкорлиги туфайли жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишда келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга эришилмоқда.

МДҲ ПА аъзо мамлакатлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган модель қонунларни қабул қилиш иштирокчи давлатлар учун мажбурий эмас. Улар миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка имплементация қилиниши мумкин.

МДҲ ПА фаолиятининг 30 йил давомида аъзо мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилиш, қарорлар қабул қилиш учун самарали майдон вазифасини ўтади ва у кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришнинг халқаро миқёсда тан олинган институти ҳисобланади.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган кузги сессия доирасида парламентлар аъзолари томонидан сайлов, референдум ва уларни кузатиш тўғрисидаги кўплаб намунавий қонунлар, шунингдек, хавфсизлик, фан ва таълим, интеллектуал фаолият, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларга оид 40 дан ортиқ намунавий ҳужжатлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, сенаторлар МДҲ мамлакатларининг ёш парламентлари аъзолари Ёшлар парламентлараро ассамблеяси мажлисига тўпланиши ҳам ўзига хос аҳамиятга эга эканлигига тўхталдилар.

Унда, хусусан, мамлакатимиз парламентининг иккала палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари томонидан илгари сурилган ёшлар ўртасидаги ишсизликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш орқали ҳал этиш ҳамда ишламайдиган ва таълимга жалб этилмаган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш каби ташаббуслар иштирокчи давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

МДҲ ПА ҳузурида Экология ва табиатдан фойдаланиш бўйича Эксперт кенгашини тузиш бўйича ташаббус қўллаб-қувватланди.

Таъкидланганидек, кескинлик ва ноаниқлик кучайиб бораётган, ўзаро мулоқот ва ишонч етишмаётган, халқаро муносабатларда ноаниқлик кучаяётган шароитда айнан парламент ва халқ дипломатияси давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни йўлга қўйишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

“Халқ сўзи”,
Фото: Акмал Муҳаммадов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер