МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

14:38 14 Октябр 2022 Сиёсат
879 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтаётган саммит ишида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ делегациялар раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада эришилган натижалар юзасидан фикр алмашдилар, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён қилди.

Таъкидланганидек, жаҳондаги мураккаб вазият, кучайиб бораётган кескинлик ва стратегик мавҳумлик барқарор тараққиёт борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва МДҲ майдонидан максимал даражада самарали фойдаланишни тақозо этмоқда.

Ҳамдўстлик мамлакатларида изчил иқтисодий ўсишга эришиш муҳимлиги қайд этилди.

Мавжуд хатарларга қарамасдан, МДҲ доирасида барча йўналишлар бўйича ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга муваффақ бўлинаётгани мамнуният билан таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айланмаси ўтган йил якунига кўра 35 фоизга ошди, бу йил бошидан буён эса яна учдан бирга ўсди.

Машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биргина сўнгги ойларнинг ўзида МДҲ мамлакатларидаги шериклар билан 800 дан ортиқ янги корхона ишга туширилди.

Маданий алоқаларимиз жадал ривожланмоқда. Мунтазам равишда фестиваллар, концертлар, ярмаркалар, спорт ва бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ўзаро савдодаги тўсиқларни тезкор бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари нарх-навонинг сунъий ўсишига йўл қўймаслик ҳамда инфляцияни жиловлаш мақсадида МДҲ маконида озиқ-овқат маҳсулотлари тўсиқларсиз етказиб берилиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳимлигини қайд этди.

Мамлакатларимизнинг транспорт тизимига бўлган жиддий таҳдидларни инобатга олган ҳолда, янги логистика йўлакларини ҳамкорликда ривожлантириш ғоят муҳимдир. Бу ўринда гап «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» ҳамда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўлларини қуриш лойиҳалари ҳақида бормоқда. Улар МДҲни трансқитъавий транспорт ташишларнинг муҳим занжирига айлантиришга кўмаклашади.

МДҲ маконидаги ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири маданий-гуманитар соҳадир.

Ўзаро инновацион ҳамкорлик ва ёшлар масаласида муносабатларни кенгайтириш мақсадида Президентимиз келгуси йилда Ўзбекистонда МДҲ мамлакатлари ёш олимларининг «Ёшлар инновация тарафдори» шиори остидаги биринчи конгрессини ўтказишни таклиф қилди.

Ўзбекистон таълим, фан, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат борасидаги қўшма лойиҳалар ва дастурлар амалга оширилишида янада фаол кўмаклашиш ва иштирок этишга тайёрлиги таъкидланди.

2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрини МДҲнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниши тўғрисидаги қарор кўллаб-қувватланди. 2024 йилда маданият пойтахти номини олишга Самарқанд номзоди илгари сурилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ҳар йили шахмат бўйича Ҳамдўстлик очиқ кубогини ўтказишни таклиф қилди.

Сўзининг якунида Ўзбекистон етакчиси МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедевнинг ваколатлари навбатдаги муддатга узайтирилишини маъқуллади ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга 2023 йилда ташкилотга раислик фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Мажлисда етакчилар МДҲ доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш ва муҳим ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш юзасидан фикр алмашди. Давлат раҳбарлари кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилишда МДҲ Парламентлараро ассамблеяси салмоқли ўрин тутиши қайд этилди.

Саммит натижалари бўйича кўп томонлама ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер