Мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш — муҳим масала

17:24 01 Декабрь 2021 Жамият
583 0

Президентимиз Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг ўн бешинчи саммитида иштирок этди. Унда ўзаро кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, «яшил иқтисодиёт» ва туризм соҳаларида ривожлантириш масалалари йиғилиш кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.

Давлатимиз раҳбари асосий муҳим йўналиш сифатида минтақамиздаги мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратишга алоҳида эътибор қаратди. Минтақалараро замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ҳамда транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш муҳим эканини таъкидлади.

Албатта, мазкур режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларимизнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилган ушбу йўналиш, яъни транспорт соҳасини рақамлаштириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш транспорт хизматларидан фойдаланувчилар учун жулда катта қулайликлар яратади.

Жумладан, юк жўнатиш билан боғлиқ ҳужжатлар айланмасини электрон шаклда олиб борилиши бу мижозларга сифатли хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ. Мижозларга кўрсатилган хизматлар натижасида келгусида транспорт соҳасини янада ривожлантиришга эришилади. Шунингдек, халқаро юк ва йўловчиларни ташиш бўйича ташиш шартларини енгиллаштириш билан бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларни янада яхшилашга эришилади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Мамлакат иқтисодиёти ривожланиши, ялпи ички маҳсулот ҳажмида транспорт хизматлари алоҳида ўрин эгаллайди.

Шундай экан транспорт хизматларини яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга ошириляпти. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти мамлакатимиз иқтисодий ривожида энг муҳим бўғини ҳисобланади. Юк ва йўловчи ташишни шакллантириш, темир йўлдан фойдаланиш харажатларини оптималлаштириш, поезд ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — халқаро шартномалар доирасида хорижий шериклар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Бу борада Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида қайд этилганидек, пандемия даври мобайнида жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар кўрилгани ҳамда бугунги кунга қадар дунё бўйича 500 миллион иш ўрни йўқотилган. Бундан ташқари, 2020 йил Давлат дастурига мувофиқ янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳада ислоҳотлар қатъи давом эттирилган.

Пандемия даври транспорт соҳасига ҳам анча салбий таъсир кўрсатди. Жумладан, юк ва йўловчи ташиш ҳажмининг пасайиши темир йўл корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келди.

Ўзбекистон темир йўллари трансминтақавий транспортида 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, бу соҳада 94,5 млн. тонна юк ва 23,4 млн. йўловчилар ташилган, темир йўлларнинг эксплуатацион узунлиги 6950 км. дан ортиқни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар транспорт коридорларининг энг муҳим бўғини сифатида халқаро темир йўллар ташуви тизимида муносиб ўрин эгалламоқда, десак, муболаға бўлмайди.

Нилуфар БОБОХОНОВА,

Тошкент давлат транспорт университети

«Бухгалтерия ҳисоби» кафедраси мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер