«Матбуот ва ахборот эркинлиги бобида Ўзбекистон ҳамон энг салбий баҳо олмоқда» сарлавҳали мақолага расмий муносабат билдирилди 

12:21 21 Октябр 2020 Жамият
215 0

«Матбуот ва ахборот эркинлиги бобида Ўзбекистон ҳамон энг салбий баҳо олмоқда» сарлавҳали мақолага Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг расмий муносабат билдирди.

"2020 йилнинг 19 октябрь куни «Amerika ovozi» нашрида «Матбуот ва ахборот эркинлиги бобида Ўзбекистон ҳамон энг салбий баҳо олмоқда» номли мақола эълон қилинган.

Мақолада «Адабиёт» газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Каримов газетани ҳеч қайси босмахонада чиқара олмаётгани ҳамда бу борада агентликка мурожаат қилгани, бироқ «босим кўринишидаги турли тавсиялар берилгани» ҳақида айтган.

Мақолада қайд этилганидек, «Адабиёт» газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Каримов Агентликнинг раҳбар ва масъул ходимлари билан учрашиш масаласида мурожаат қилган. Унинг мурожаатига асосан Лицензиялаш ва назорат ҳамда Босма ва электрон ОАВ бўлимлари раҳбарлари 2020 йил 9 октябрь куни Б.Каримовни Агентликка таклиф қилган ҳолда, у билан юзма-юз учрашган.

Учрашувда Б.Каримов «Адабиёт» газетасини чоп этиш бўйича матбаа корхоналарига кўрсатма-хати чиқаришни сўраган. Масъул ходимлар Агентлик бундай мазмундаги хат чиқаришга, матбаа корхоналарининг ички молиявий-хўжалик фаолиятига аралашишга ваколатли эмаслиги, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир ОАВ ўзининг иқтисодий имкониятидан келиб чиқиб, эркин ва мустақил тарзда, матбаа корхоналари билан тегишли шартнома асосида чоп этиши лозимлиги тушунтирилди.

Суҳбат давомида Б.Каримовдан айнан қайси босмахона қайси идорадан «Адабиёт» газетасини чоп этмаслик тўғрисида топшириқ олгани ҳақида сўралганда, у бирор-бир аниқ маълумот ёки далил тақдим этмади (суҳбат жараёни баёнлаштирилган). Агарда у ОАВ ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, тегишли тартибда судга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.

АОКА ахборот соҳасига оид амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фаолият кўрсатаётган ҳар бир оммавий ахборот воситасини ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга ўз ваколати доирасида тайёрлигини маълум қиламиз" дейилади АОКА хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?