Масъулиятсизлик жавобсиз қолмайди

20:35 26 Ноябрь 2021 Жамият
272 0

Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, бу борада ортиқча бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тизимли амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида кўплаб давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат хизматлари марказлари томонидан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони сезиларли даражада қисқартирилди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси маълумотига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда эришилаётган салмоқли натижалар билан бирга айрим ташкилотларда қонунбузилиш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Жумладан, белгиланган тартибда ўрганишлар давомида Самарқанд туман архитектура ва қурилиш бўлими масъул ходими А.Н.нинг фаолиятида шундай иллатлар кузатилди.

Мисол учун, жорий йилнинг 5 октябрь куни фуқаро М.Х. Самарқанд туман Давлат хизматлари маркази орқали якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш юзасидан сўров берган. Туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи сўровни ўрганиб чиқиш учун А.Н.га йўналтирган. Аммо бу масъул ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, сўров ижросини 9 кунга кечиктирган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги қарори билан тасдиқланган маъмурий регламентда ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатлари юзасидан келишиши ёки уни асосли рад этиши кераклиги кўрсатилган.

Бундан ташқари А.Н. хизмат фаолияти давомида 7 та объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган 18 та якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш хизматларини кўрсатишда маъмурий регламентда белгиланган тартиб ва муддатларни бузганлиги аниқланди.

Масъулиятсизлик, айниқса, бу бошқа инсонлар манфаатига, қонуний хоҳиш-истакларига дахл қилса, ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Худди шундай, масъул А.Н.га ҳам юқорида баён этилган барча ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жазо чораси қўлланилди.

Вилоятда айни йўналишдаги назорат тадбирлари давом этмоқда.

  Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?