Масъулиятсиз ходим суд томонидан жазоланди

15:36 27 Ноябрь 2020 Жамият
158 0

Жамиятимизда ходимларнинг ишга масъулиятсизлиги оқибатида ташкилот ҳисобига зарар етказилиб, қарздорлик ботқоғига ботираётган бепарво кимсалар ҳам учраб турибди. Бундай хўжакўрсинга меҳнат қилаётган интизомсиз ходимлар сабабли ташкилот олдига қўйган вазифалари орқага сурилиб кетаверади. Худди шундай ҳолатлардан бири Учқудуқ туман иқтисодий суди иш юритувида бўлган мавжуд ишни ўрганиш вақтида аниқланди.

Даъвогар «Н» ҳамда жавобгар «Т» ташкилотлари ўртасида 2018 йилда шартнома тузилган бўлиб, даъвогар томонидан шартнома шартларига мувофиқ иссиқлик таъминоти етказиб берилишига қарамасдан жавобгар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмасдан келинган.

Суд мавжуд иш ҳужжатларини ўрганиш жараёнида 2020 йил ҳолатига жавобгар томонидан 155.656.231 сўм қарздорлик вужудга келишига йўл қўйилганлигини аниқлади. Қайд этилган ҳолатларга жавобгарнинг бош ҳисобчиси Б.Турдиевнинг (исми ўзгартирилган) ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик ва бепарволик билан қараши оқибатида шартнома интизоми бузилишига, яъни бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш, шартнома шартларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик натижасида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказилишига сабаб бўлган.

Ўзининг бу ҳаракатлари билан жавобгарнинг бош ҳисобчиси Б.Турдиев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1751, 1761-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.

Ушбу ҳолат суд томонидан эътиборсиз қолдирилмасдан, бундай ҳолатлар келажакда қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида бош ҳисобчи Б.Турдиевга нисбатан маъмурий жавобгарлик иши қўзғатилиб, МЖтКнинг 1751, 1761-моддаларида билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, яъни 223.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир меҳнат муносабатларида бўлган шахснинг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши жамиятдаги тартиб-интизомни таъминлашга хизмат қилади.

Гавҳар Юсупова,
Учқудуқ туман иқтисодий суди ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?