«Масофавий таълим шароитида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик» мавзусида халқаро вебинар ўтказилади

19:11 13 Август 2020 Жамият
1051 0

Яқинда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Жаҳон банки ва Россия таълим академиясининг Таълим стратегияларини ривожлантириш институти мутасаддиларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инспекция матбуот хизмати хабар берди.

Видеоконференция форматида ўтказилган тадбирда масофавий таълим шароитида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон илк маротаба таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларига иштирок этиш бўйича тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу тадқиқотларга тайёргарлик кўриш учун 6000 нафардан ортиқ педагогларнинг малакасини ошириш вазифаси белгилаб берилган.

Муҳокамалар давомида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Жаҳон банки ва Россия таълим академиясининг Таълим стратегияларини ривожлантириш институти вакилларига ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар учун миннатдорчилик билдирар экан, юртимизда PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотлари тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишлар истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди. Пандемия туфайли мураккаб шароитга қарамасдан, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш долзарб масала эканлигини инобатга олган ҳолда ҳамкорлик алоқаларининг кейинги босқичлари борасида фикр алмашилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, Жаҳон банкининг READ дастури доирасида 2019 йил давомида PISA ва PIRLS бўйича семинарлар Москва, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил этилган. Хусусан, Россия пойтахтида ўтказилган ўқувларда 20 нафар мутахассислар тажриба орттирган бўлса, Тошкент ва Самарқандда ўтказилган машғулотлар давомида мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари, ўқитувчилардан иборат жами 2800 нафар педагогларнинг малакаси оширилган эди. Шунингдек, юртимизда ўтказилган семинарларда 3 асосий йўналиш: «Математик саводхонлик», «Табиий фанлар бўйича саводхонлик» ҳамда «Ўқиш саводхонлиги» бўйича 260 нафар тренерлар ўқитувчилар тайёрланган эди. Ўтган вақт мобайнида ушбу тренер ўқитувчилар томонидан ҳудудлардаги умумтаълим муассасалари ходимлари ва ўқитувчилари учун каскад усулида ўқувлар ташкил этиш орқали халқаро тадқиқотларга тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилиб келмоқдалар.

Учрашув давомида олиб борилган муҳокамалар натижасида кўп йиллик тажрибага эга россиялик экспертлар иштирокида жорий йилнинг 24-25 август кунлари Таълим инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, Россия таълим академиясининг Таълимни ривожлантириш стратегиялари институти ҳамда Жаҳон банкининг READ дастури билан ҳамкорликда «Масофавий таълим шароитида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик» мавзусида халқаро вебинар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўз навбатида Жаҳон банки ва Россия таълим академиясининг Таълим стратегияларини ривожлантириш институти вакиллари мазкур тадбирни аввалги семинарларнинг мантиқий давоми сифатида юқори савияда ташкил этиш бўйича қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилишди.

Кўп йиллар давомида PISA бўйича Россиянинг миллий координатори сифатида фаолият олиб борган, Россия таълим академиясининг Таълим стратегияларини ривожлантириш институти Таълим сифатини баҳолаш маркази раҳбари Галина Ковалева Россия мазкур тадқиқотларда 2000 йилдан бери иштирок этиб келаётганини таъкидлар экан, шундай деди:

– Маълумки, таълим сифати баҳолаш бўйича тадқиқотлар концепциялари маълум муддатларда ўзгариб туради. Тадқиқотларнинг нафақат концептуал рамкаси балки ўзгариш тенденцияларни ҳам кузатиб бориш зарур. Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўришда педагогларнинг малакасини ошириш ҳамда ўқув методик қўлланмалар билан таъминлаш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам ушбу вебинар масофавий таълим шароитида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича педагоглар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилишига ишончим комил.

Тадбир давомида халқаро вебинарни қай тартибда ташкил этиш, унга пухта тайёргарлик кўриш, хусусан мавзуларни чуқурроқ ўрганиш учун тадбирни самарали ва мазмунли ўтказиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Якунда халқаро вебинар дастурини ишлаб чиқиш ва келишиш, иштирокчилар сони, таркиби ҳамда маърузачилар тақдимотлари мавзуларини аниқ белгилаб олишга келишилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер