Масофавий электрон декларациялаш — ҳам божхоначига ҳам тадбиркорга қулай янги тизим

14:41 07 Сентябр 2022 Жамият
299 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларида босқичма-босқич божхона юк декларациясини расмийлаштириш жараёни мулоқотсиз масофавий электрон тизимга ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 28 апрелидан Самарқанд вилоят божхона бошқармаси маъмурий биносида «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости фаолияти йўлга қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу масофавий божхона пости орқали бугунги кунга қадар «яшил» йўлакда 13089 дона, «сариқ» йўлакда 15701 дона ва «қизил» йўлакда 10309 дона божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

—  «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости фаолияти йўлга қўйилиши, энг аввало, тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолиятига замин яратди, — дейди вилоят божхона бошқармаси «Масофавий электрон декларациялаш» божхона пости бошлиғи Ғолиб Мавлонов. — Бу тизим тадбиркорнинг вақтини тежайди, экспорт ва импорт операцияларини бир неча дақиқаларда амалга оширишга имкон яратади ҳамда божхона соҳасини коррупциядан ҳоли тизимга айлантиришга хизмат қилади. Бугунги кунда ушбу божхона постида 22 нафар ходим вилоятимиз тадбиркорлик субъектлари томонидан тўлдирилаётган божхона юк декларацияларини назоратдан ўтказади. Бир кунда ўртача 300 донага яқин божхона юк декларацияси кўриб чиқилади.

Ушбу постни ташкил этишдан мақсад тадбиркорлик субъектларига олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган маҳсулотларни тезкор, жаҳон стандартларига мос тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитини яратишдан иборат. Тақдим этилган ҳужжатлар тоифасига қараб белгиланган вақт оралиғида божхона юк декларациясини масофавий электрон расмийлаштириш имконини бермоқда.

Яна бир эътиборли томони шундаки, мазкур божхона пости томонидан 2022 йилнинг 28 апрелидан бугунги кунга қадар 923,7 миллиард сўм божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилди.

Самарқанд шаҳридаги “Saxari” масъулияти чекланган жамияти мазкур тизим қулайликларидан бевосита фойдаланиб, маълум имтиёзлар орқали фаолият самарадорлигига эришаётган тадбиркорлик субъектларидан бири. Корхона 2021 йилда иш бошлаган бўлиб, унга 2021-2022 йиллар давомида Эрон, Хитой ва Туркия давлатларидан қиймати 2 396,67 минг АҚШ доллари бўлган 445,93 тонна асбоб-ускуналар олиб келинган. Ушбу импорт қилинган товарларга нисбатан божхона тўловларидан 2 миллиард 454 миллион сўм имтиёз қўлланилган.

— Корхонамиз музлаткич ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, кунига 200 дона, йилига эса 60 минг дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга, — дейди “Saxari” масъулияти чекланган жамияти бўлим бошлиғи Халилулло Муҳиддинов. — Ҳозирда 120 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган корхонамизда 3 турдаги музлаткичлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар ички ва ташқи бозорга етказиб бериляпти. Жумладан, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон каби давлатларга маҳсулот экспортини амалга оширяпмиз. Жорий йил бошидан хорижга 49 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорт қилинди. Бунда божхона тизимидаги ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постини ташкил қилинганлиги божхона юк декларацияларини тез ва осон расмийлаштириш имконини беряпти. Бу бизнинг вақтимизни беҳудага сарфламай, самарали фаолият юритишимизга хизмат қилмоқда.

Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда харидорларнинг талабларидан келиб чиқиб, корхонада яқин кунларда ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш кўзда тутилган. Натижада ишчилар сони 200 кишига етказилади.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер