Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини мустаҳкамлаш йўлида

10:53 09 Июль 2021 Жамият
125 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунларидан Марказий Осиё давлатлари билан амалий, ўзаро манфаатли ва яхши қўшничилик муносабатларни шакллантириш, минтақада хавфсизликни таъминлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: «Евроосиёнинг «юраги»да жойлашган Марказий Осиё Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприкдир».

Биламизки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтади.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва бошқа ташкилот раҳбарлари иштирок этиши назарда тутилган.

Конференция ўтказилишидан асосий мақсад, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлар манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат ва тарихий алоқаларни тиклаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, пировардида мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришдир.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари азалдан ягона макон сифатида уйғун ривожланиб келган, барча соҳаларда яқин ҳамкорлик қилган.

Марказий Осиё давлатлар мустақилликка эришганидан сўнг минтақада турли интеграция лойиҳалар яратилган. Улар сирасига Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти, Марказий Осиё иттифоқи ташкил этилишини киритиш мумкин. Минтақа халқларининг тарихий илдизлари, маданияти, дин ва тил уйғунлиги, шунингдек, умум инсоний қадриятларга содиқлик пайдо бўлаётган муаммоларга биргаликда жавоб бериш, уларга самарали ечим топиш йўлларини излаш ва тараққиёт йўлида биргаликда интилиш учун замин яратмоқда.

Айтиш керакки, мамлакатимиз ташқи сиёсатида Жанубий Осиё ҳамиша устувор йўналиш бўлиб келмоқда. Аммо яқин-яқингача биз Жанубий Осиёга нисбатан асосан Афғонистон омили орқали, яъни хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашиб келганмиз. Бунинг натижасида икки томонлама муносабатлар етарли даражада йўлга қўйилмади ва мавжуд имкониятлардан фойдаланилмади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда халқаро муносабатлар соҳасида мазкур давлатлар билан ҳам муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик кучайди.

Ўз навбатида, хавфсизлик масалаларини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, Афғонистондаги нотинчлик,террористик гуруҳларнинг фаолияти бу борадаги эзгу мақсадларимизга тўғаноқ бўлиши табиий. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишдан доимо манфаатдор ва бу юртда тинчликни мустаҳкамлаш, турли тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшишга интилиб келмоқда.

Энди 2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган конференция хусусида тўхталиб ўтсак:

Тадбир дастуридан минтақаларимиз ўртасида транспорт-транзит ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим масалалар ўрин олган ва ушбу нуфузли халқаро анжуман минтақаларимиз ўртасида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш, ҳамкорликнинг янги қирраларини очиш, тинчлик ва тараққиёт йўлидан дадил одимлашимизда ўз самараларини беради.

Давлатимиз раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек: «Бизнинг бош мақсадимиз-умумий ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат». Айни пайтда энг долзарб ва ўткир муаммолардан бири – қўшни Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб олдимизда турган мақсадларга эришишнинг иложи йўқ, чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан минтақамизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Афғонистоннинг тинчлиги — Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва тараққиёти кафолати ҳисобланади.

Ўзбекистон доимо Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солишнинг қатъий тарафдори. Мамлакатимиз қўшни давлатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда ва шу билан бирга, Афғон муаммосига бағишланган деярли барча халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда.

Транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларни жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим вазифалардан биридир. Минтақа давлатлар ўзининг сиёсий иқтисодий ва бошқа вазифаларни амалга оширишга тўлақонли кўмак бера оладиган транспорт тизимини шакллантиришга интилмоқда.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф қилди.

Сир эмаски, давлатимизда океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкон йўқ. Океанга чиқиш учун энг яқин йўл, бу Афғонистон орқалидир.

Президентимиз таъкидлаганидек: «Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Трансафғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки қадамларни ташладик. Бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши бутун минтақамизда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлашга беқиёс хизмат қилади».

Давлатимиз минтақада иқтисодий транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграцияни таъминлаш жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида Мозори-Шариф — Кобул — Пешовардан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Бу темир йўлнинг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа қитъаси ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташиш муддати ҳамда сарф-харажатларини камайтиради, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлайди, минглаб янги иш ўринлари яратилади, минтақанинг транзит салоҳиятини тубдан оширишга хизмат қилади.

Асосан форумдан кутилаётган натижа, минтақавий ва глобал даражада Афғонистон ҳукумати билан «Толибон» ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларини илгари сурмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш зарурияти хусусида умумий нуқтаи назар баён этилиши назарда тутилган.

Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган халқаро учрашув, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, унинг изчил ривожланиши учун шароит яратиш йўлидаги муҳим босқич бўлиб, Афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва уни минтақа ва умуман бутун дунёдаги бунёдкорлик жараёнига жалб этишга хизмат қилиши ҳисобланади ва форумнинг муваффақияти минтақа давлатларининг тинчлик тараққиёти учун кенг имкониятлар эшигини очган ҳолда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан умумий муаммоларни ҳал этишга қодирлигини намоён қилиши даркор.

Гарчи, бугунги кунда ҳар бир давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда турли ташқи сиёсий ва иқтисодий устувор йўналишларни мустақил равишда танлаган бўлсада, минтақа давлатларининг барчасини кўп асрлик савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт ва энергетика коммуникацияларининг ривожланаётган тармоғи, шунингдек, хавфсизликка таҳдид ва хатарларни бартараф этишга интилиш истаги бирлаштиради. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасида янада қулай ва самарали ҳамкорлик учун зарур шарт-шароитлар мавжуд.

Э. Аметова,
Тошкент Давлат Транспорт Университети
Магистратура бўлими бошлиғи, доцент, PhD.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?