Марказий сайлов комиссияси ҳамда “Халқ сўзи” ўртасида икки томонлама меморандум имзоланди

19:48 27 Август 2021 Жамият
534 0

Бугун Марказий сайлов комиссияси ҳамда “Халқ сўзи” — “Народное слово”, “Янги Ўзбекистон” — “Правда Востока”, “Ҳуррият” газеталари, “Human.uz”, “Qalampir.uz”, “Bugun.uz”, “Nova24.uz” интернет нашрлари, “Bright Uzbekistan” ахборот портали ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди.

Таъкидланганидек, ушбу келишув жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларни, шунингдек, тайёргарлик ишларининг боришини кенг, шаффоф ва тезкор ёритишда Марказий сайлов комиссияси ва оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йил 14 апрель куни қабул қилинган ва ижроси изчиллик билан таъминланаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнларининг барча босқичини оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб боришга доир муҳим вазифалар белгиланган, — дейди Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низомхўжаев. — Шундан келиб чиқиб, меморандумларда Сайлов кодекси ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларини сайловчилар ўртасида кенг тушунтириш бўйича ишларни самарали ташкил қилиш, шунингдек сайлов жараёнининг очиқлиги, ошкоралиги ва транспарентлигини таъминлаш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳақида жамоатчиликни тезкорлик билан хабардор қилишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Имзоланган меморандумларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, сиёсий партиялар ва номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига оид мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларида тенг ҳажмда эфир вақти ҳамда нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Мазкур ҳужжатлар сайловчилар ва сайлов ташкилотчиларининг миллий сайлов институтларига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда уларда Ватан ҳамда халқ тақдирига дахлдорлик туғусини мустаҳкамлашга қаратилган кўламли ишларни қамраб олгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 14 июль куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “ЗўрТВ” телерадикомпанияси, “Uzreport” ҳамда “Дунё” ахборот агентликлари ўртасида Президент сайловларини ёритиш бўйича икки томонлама меморандумлар имзоланган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, 814 нафар ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилган бўлиб, уларнинг 766 нафари маҳаллий ва 48 нафари хорижий ОАВ вакиллари ҳисобланади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?