Марказий Осиёдаги энг йирик қандолатчилик фабрикалардан бири Тошкентда иш бошлади (Фоторепортаж)

11:35 08 Октябр 2018 Иқтисодиёт
5546 0

Пойтахтимизда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "CRAFFERS" қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа ташаббускорларининг айтишича, у минтақамиздаги шоколад маҳсулотлари тайёрлайдиган энг йирик субъектлар сирасига киради.

Чиндан ҳам, масъулияти чекланган жамият шаклидаги мазкур корхона озиқ-овқат саноатимиздаги улкан инвестициявий лойиҳалардан биридир. Бунга биргина рақам — фабриканинг умумий майдони 20 гектарни эгаллагани мисолида яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Очиғи, ушбу корхона ўрни яқин-яқингача ташландиқ бир жой эди. Кўримсиз бўлиб қолган ҳудуд, таъбир жоиз бўлса, кун сайин чирой очаётган бош кентимиз ҳуснига унчалик мос тушмасди. Президентимизнинг 2017 йил 6 январдаги “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатидаги инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори унинг қиёфаси тубдан ўзгаришида катта туртки бўлди.

Гап шундаки, ушбу ҳужжат асосида ҳаётга татбиқ қилинаётган “Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун саноат комплексини ташкил этиш” лойиҳаси ижроси учун собиқ завод майдони танланди. Бироқ унинг омонат бўлиб турган бино-иншоотларидан фойдаланиш имконсиз эди. Мутахассисларининг хулосасига кўра, мавжуд иморатларни қайта реконструкция қилгандан кўра, янгидан барпо этиш афзал экан. Шу тариқа нураб бораётган бинолар бузилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Эътиборлиси, “Discover Invest” компаниясининг юқори тажрибали қурувчилари томонидан улкан ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари жуда қисқа муддатда сифатли адо этилди. Шундан сўнг Россиянинг “Моssa Engineering” компанияси мутахассислари меҳнати билан энг илғор технологик линиялар ўрнатилиб, замонавий ишлаб чиқариш субъекти вужудга келди.

Қўшма корхонанинг очилиши, айтиш мумкинки, байрамона тус олди. Шу муносабат ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда “Akfa Food Line” қўшма корхонаси директори Азизхон Амилов фабрика рамзий тугмасини босиб, ишлаб чиқаришга старт берилди.

35 минг квадрат метрдан иборат ишлаб чиқариш биноси. Бу ерга кирган киши ўзини бамисоли эртакларда мароқ билан тинглаганимиз ширинликлар оламига тушиб қолгандек ҳис этиши тайин. Ахир, кўз ўнгингизда ёшу қари суйиб истеъмол қиладиган тансиқ неъматлар бир зумда тайёрланиб, бежирим идишларда қадоқланмоқда.

Ишлаб чиқариш линияларидан бирининг лойиҳа менежери Зулхумор Романованинг айтишича, фабрика Германия, Дания, Швейцария, Австрия, Италия каби давлатларнинг дунёда етакчи ҳисобланган компанияларида ишлаб чиқарилган технологик линиялари билан жиҳозланди. Натижада нафақат шоколад ва шоколадли конфетлар, балки турли хил вафлилар, аэроцияланган, грильяж ҳамда печенье маҳсулотлари, тўлдирмали ва тўлдирмасиз карамеллар, вафлили крекерлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

— Ушбу гигант фабрика жуда тез фурсатларда қурилиб, фойдаланишга топширилгани мени ҳайратга солди, — дейди Германиянинг “Sollich” компанияси вакили Якуб Кемпен. — Бунда бизнинг компаниямиз ҳам иштирок этганидан, ҳамкорликни келгусида янада мустаҳкамлаш кўзда тутилганидан хурсандман. Жаҳон стандартлари асосида тайёрланаётган қандолат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари ниҳоятда юқори, муҳими, инсон саломатлиги учун ўта фойдали. Ишонч билан айтаманки, улар дунёнинг машҳур брендлари билан бемалол рақобатлаша олади.

Дарҳақиқат, айтайлик, вафлили крекерлар шу пайтгача атиги учта давлат — Венгрия, Австралия ва Канадада ишлаб чиқарилган бўлса, Ўзбекистон улар сафига тўртинчи бўлиб қўшилди. Австриянинг “HAAS” компаниясидан келтирилган технологик линиялар ёрдамида икки хил ва таъмдаги ана шундай маҳсулотлар тайёрланяпти. Табиий хом ашёлардан сўнгги технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган крекерлар қовурилган чипслардан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун маҳсулотларнинг катта қисмиэкспорт қилиниши кўзда тутилган.

Қадоқлаш линиялари ҳам Европанинг етакчи ишлаб чиқариш компаниялари маҳсулотларидир. Мазкур автоматик қадоқлаш ускуналарининг тезлиги, ҳатто, тезотар қуролларникидан ҳам ортиқ. Дақиқасига бир неча юзлаб маҳсулотни ўрамига жойлайди.

Тадбирда сўзга чиққанлар эътироф этганидек, ана шундай замонавий ишлаб чиқариш субъектининг ташкил этилиши учун 82 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди. Шунинг қарийб тенг ярми тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эканлиги диққатга сазовор.

Айни пайтда фабрикада 650 нафар киши меҳнат қилмоқда. Ҳадемай, жамоа сафи янада кенгайиб, 800 нафардан ортиши кутиляпти. Табиийки, шу аснода маҳсулотлар тури ва ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортиб, ички бозор рақобатдош ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдирилаверади. Саноатнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича мавжуд имкониятлар ишга солинади. Булардан кўзланган ягона мақсад шуки, Ўзбекистонни шоколад импорт қилувчи давлатлар сафидан уни экспорт қилувчи мамлакатлар қаторининг олдинги ўринларига олиб чиқишдир.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Суратлар муаллифи: Ҳаким Йўлдошев, Динара Чиркова "Халқ сўзи".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?