Марказий Осиёда ягона ва ноёб лойиҳа йилига 12 минг тонна шиша тола ишлаб чиқариш имконини беради

18:53 10 Октябр 2022 Жамият
461 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкент шаҳридаги «Олмазор» кичик саноат зонасида фаолият бошлаган “Falk Porsche Fiberglass” корхонасида Марказий Осиёда ягона ва ноёб лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида йилига 12 минг тонна шиша тола ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, шиша тола ва ундан тайёрланган маҳсулотлардан қурилиш, электротехника саноати, автомобилсозлик, кемасозлик, авиация ва иқтисодиётнинг бошқа муҳим тармоқларида кенг фойдаланилади.

— Бундай йўналишда тадбиркорлик субъектлари дунёнинг энг ривожланган АҚШ, Германия, Франция, Англия, Хитой каби саноқли давлатларида ташкил этилган, холос, — дейди корхона раҳбари Улуғбек Исмоилов. — Лойиҳа доирасида 20 миллион АҚШ доллари ҳажмида хорижий инвестиция жалб этилиб, 400 дан ортиқ иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Ҳозирда илк босқич доирасида 100 дан зиёд иш ўрни яратилди ва маҳсулот асосан Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.

Корхонада кейинги босқичдаги ишлар изчил давом эттирилиб, Тошкент вилоятининг Ангрен, Олмалиқ, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган хўжалик субъектлари билан каолин, оҳактош сингари асосий хом ашё маҳсулотларини олиш бўйича шартномалар имзоланди.

Шиша тола тайёр бўлгунча бешта технологик жараёндан ўтади. У соч толасидан бир неча баробар ингичка, лекин пўлат ва темирдан мустаҳкам. Шу боис ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Айни пайтда жаҳон бозорида йилига 2-3 миллион тонна шиша толага эҳтиёж бор ва бу эҳтиёж ҳар йили 5 фоизга ортиб бормоқда.

Мазкур лойиҳа мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми ошиши ва валюта маблағларини тежаш (илгари бу маҳсулот катта маблағ эвазига хориждан импорт қилинган) имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?