Марказий Осиё ёшларини бирлаштирган анжуман

15:43 20 Май 2022 Жамият
456 0

Фото: Халқ сўзи

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги ASTRUM IT академияси мезбонлик қилган Марказий Осиё давлатлари ёшлар форуми минтақа ҳаётида муҳим тадбирлардан бири бўлиши таъкидланмоқда. Ушбу халқаро анжуман ғояси муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди. Шу асосда Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли йўриқномалари ҳам ишлаб чиқилди. Бугун бошланган форум Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрган иқтидорли ёшлар вакилларини бир сафга жамлади.

Форум ўсиб келаётган ёш авлоднинг порлоқ келажаги йўлида режалаштирилган ижтимоий лойиҳа ва дастурларни муваффақиятли амалга ошириш, минтақадаги интеллектуал салоҳиятга эга ёшларни эзгулик йўлида бирлаштириш, илм-фанни жадал ривожлантириш, ахборот технологиялари ютуқларидан муносиб фойдаланиш борасида жуда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларни шакллантириш, ташаббускор йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар илгари сураётган ижтимоий лойиҳаларни самарали амалга оширишда ҳам бу тадбир муҳим қадам бўлди.

— Ушбу форумга Марказий Осиё минтақасидаги ёшлар сиёсатига масъул давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, халқаро даражадаги ёш шахматчилар, гроссмейстерлар, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасининг етук билимдонлари ташриф буюрди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ислом Охунов. — Анжуман иштирокчилари минтақа давлатларида ёшлар сиёсати борасида Ўзбекистон тажрибасидан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлашди. Айниқса, ахборот технологиялари, атроф-муҳит муҳофазаси, спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида эътироф этилди.

— Форумда минтақа ёшларининг иқтидор ва салоҳияти тўла-тўкис намоён бўлмоқда. IT технологияларини пухта ўзлаштириш, жамиятда ундан унумли фойдаланиш борасидаги жўяли ғоя ва таклифлар ишлаб чиқилди. Ёшларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар билан ҳамкорликни янада изчил йўлга қўйиш, минтақа ёшларининг ахборот технологиялари борасидаги тажрибаларини ўрганиш, ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳалар менда жуда катта таассурот қолдирди. Бизда ҳам ёшларни хусусий тадбиркорликка жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг оилавий корхонамиз негизида ташкил этилган тадбиркорлигимиз автомобилларга техник хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган. Бу ерда олган маълумотларим, ўрганган тажрибаларим оилавий бизнесимизни ривожлантиришда катта аҳамият касб этади, — дейди Туркманистоннинг Лебап вилояти Керки туманидан ташриф буюрган Зубайда Хўжамова.

— Тадбирда қирғизистонлик талаба-ёшларнинг «Яшил иқтисодиёт» жамоатчилик бирлашмаси номидан иштирок этмоқдаман. Минтақада экологик муаммолар вужудга келиб, иқтисодий бўҳронлар хавфи туғилаётган бир пайтда бундай тадбирларнинг ўтказилиши ғоятда муҳим, — дейди қирғизистонлик ёшлар вакили Севотаслав Люхин. — Бу ердаги дўстлашувлар, илгари сурилган ижтимоий лойиҳалар, соҳалар йўналишидаги тажрибалар яқин келажакда минтақа ҳаётида муҳим бурилиш бўлишига аминман. Айниқса, атроф-муҳит муҳофазаси, табиат неъматларини келажак авлодга зиён-заҳматсиз етказиш масаласи ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бу борада бутун Марказий Осиё давлатларида илм-фан асосидаги янги ютуқлар оммалашишига аминман. Ўзбекистонда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг дастлабки натижалари бизни мамнун этди. Иқлим мувозанати ўзгариб, дарё ва кўлларимиздаги сув захиралари камайиб бораётган, қишлоқ хўжалик экин майдонларини суғориш жараёнларида танқислик яққол сезилаётган бугунги кунда бундай ташаббус ва тажриба нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа давлатлари учун ҳам катта аҳамиятга эга. Юзага келадиган табиий офатлар, қурғоқчиликлар, иқлимдаги кескин ўзгаришлар «Яшил макон» каби лойиҳаларнинг муваффақиятли келажаги билан бартараф этилиши мумкин.

Халқаро форумнинг биринчи иш куни қизғин баҳс-мунозаралар, тажриба ва ташаббусларга бой бўлди. Икки томонлама учрашувлар ва меморандум имзолаш маросимлари бўлиб ўтди. ASTRUM IT академиясида «Марказий Осиё ёшлар боғи»нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Маълумот учун. Жорий йилнинг 21-23 май кунлари Андижон вилоятида Ўзбекистон-Қирғизистон ёшлар форуми, Фарғона вилоятида эса Ўзбекистон-Тожикистон ёшлар форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер