Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи

15:25 04 Ноябрь 2022 Жамият
319 0

Фото: Халқ сўзи

Куни кеча юртимизнинг қатор шаҳарларини қамраб олган ва уч кун давом этган «Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги» якунланди.

Ҳафталик доирасида «Марказий Осиё – ислом санъати ўчоғи» номли халқаро форумнинг иккинчи иш куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди. Унда қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришда Ўзбекистон ва хориж тажрибаси маҳаллий ҳамда хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари олимлари томонидан муҳокама қилинди. «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида форум доирасида ўтган анжуманда эса нодир манбаларни консервация ва реставрация қилиш, реестр тузиш ва рақамлаштириш масалалари бош мавзу бўлди.

— Конференция якунига кўра кўрилган масалалар ва тингланган маърузалар асосида илмий қийматга эга маълумотлар ҳамда тўпланган маҳаллий ва хорижий тажриба, шунингдек, нодир ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчиликка етказилди, — дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев. — Иштирокчилар маърузаларини илмий тўплам тарзида нашр этишга келишиб олинди.

Форумнинг якуний сессияси доирасида ҳафталикнинг ёпилиш маросими ўтказилди. Тадбир иштирокчилари мамнуният билан урғу берганидек, бундай халқаро миқёсидаги тадбирлар самараси ўлароқ, бугун Ўзбекистон ислом ва зиёрат туризми рейтингларида юқори поғонага кўтарилди, хорижий мусулмон мамлакатлардан келган сайёҳлар сони ортди ва халқаро жамиятда Ўзбекистоннинг ижобий имижи яхшиланди. Хусусан, жорий йилда Сингапурда мусулмон дунёси туризм бозорини тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган «Ҳалал ин Травел Авардс» глобал саммитида Самарқанд шаҳри «Йилнинг ислом мероси манзили» ва «Йилнинг энг яхши ривожланаётган мусулмон шаҳри» эътирофига муносиб кўрилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?