Марказий ўқув режага асосланган таълимдан марказида ўқувчи турувчи таълим тизими сари

20:10 28 Ноябрь 2022 Жамият
299 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, фаоллар ва ёшлар билан мулоқоти чоғида мамлакатимизда инсон қадр-қимматини юксалтиришга эътибор намунаси сифатида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Жумладан, мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун Финляндиядан фин стандарти бўйича тайёрланган дарслик китоблар келтирилгани, пойтахтимизда Финляндиянинг олийгоҳи — Халқаро Нордик университети очилгани, фин эксперт-педагогларининг бизга яқиндан ҳамкор бўлаётганини эътироф этди. Эндиликда муаллимлар ҳам четда эмас, тажрибали фин устозларини таклиф этиб, ўзимизда ўқитилаётгани, бу саъй-ҳаракатлар келгусида катта ижобий натижалар кўрсатишига урғу берди. 

Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университетида юртимиз халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар, педагоглар учун Финляндиядан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида ташкил этилган икки кунлик ўқув семинари ана шундай амалий ишлардан бири бўлди.

“Ўқувчиларга йўналтирилган таълим: ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва уни ривожлантиришнинг замонавий усуллари” мавзусидаги машғулотларда юртимизнинг турли ҳудудларидан мактаб директорлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари педагоглари қатнашди. Таълимда ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича мутахассис, Финляндия мактабларида янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича 25 йиллик тажрибага эга спикер, Қашқадарё вилояти ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси Петри Лоуранскорпи ҳамда Финляндия ва Европада ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича 25 йилдан ортиқ тажрибага эга ўқув дизайнери, таълим маслаҳатчиси Ҳанне Коли томонидан қатнашчиларга қатор маҳорат дарслари ташкил қилинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида барча соҳани юқори сифат босқичига кўтаришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида мамлакатимизда интеллектуал ҳамда маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлашга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Мазкур жараёнда дунё миқёсидаги бугунги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини йўлга қўйиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ҳамда стандартларини оптималлаштиришга қаратилган кенг кўлимли ишлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликка, жумладан, Финляндиянинг илғор тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор бериляпти.

Бу бежиз эмас, албатта. Европанинг ушбу ривожланган давлати айнан таълим соҳасида эришаётган муваффақиятлари билан ажралиб туради. Мамлакатнинг таълим тизимида жорий этилган тамойиллар, стандартлар, педагогик талаблар, ўқувчиларни ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган ўқув методикалари, очиқлик ва шаффофликни таъминловчи меъёрлар дунё давлатлари учун намуна бўлиб келмоқда.

Президентимизнинг топшириғига кўра бугунги кунда мамлакатимиз таълим тизимида Финляндия моделини жорий этиш мақсадида Қашқадарё ва Навоий вилоятларида қатор ишлар олиб бориляпти. Мазкур вилоятлар ҳокимларига Финляндиядан таълим бўйича маслаҳатчи-экспертлар таклиф этилди. Айни дамда улар томонидан халқ таълими тизимидаги мавжуд ҳолатлар, ўқувчилар билими, педагоглар маҳорати, дарсликлар ва ўқитиш услублари танқидий таҳлил этилиб, келгусида ривожланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида айнан ўқитувчилар савиясини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ғоят муҳимдир. Чунки соҳага эътибор кучайтирилиб, қанчалик катта маблағ ва инвестиция жалб этилмасин, шарт-шароитларр ва қулайликлар муҳайё қилинмасин, мурғак қалблар билан ишлайдиган муаллимлар замонавий фикрламаса, кенг тафаккур ва билимларга эга бўлмаса, эртамиз эгаларини ҳаётга тўғри йўналтирмаса, кўзланган натижаларга эришиш мушкил.

Бугун ўқитувчи-мураббийларга таълимни ўзгартириш билан бирга, айни пайтда жамиятни янгилаш, одамлар тафаккурини юксалтиришдек улуғвор вазифалар ҳам юкланмоқдаки, бу улар зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Семинарда қатнашчиларга фин таълим тизимининг мазмун-моҳияти, ўзига хослиги ҳақида тушунча берилди. Педагогларнинг ўқувчилар билан индивидуал ишлаш, илғор педтехнологияларни ҳаётга татбиқ этиш маҳорати оширилди. Европанинг нуфузли олий ўқув юртлари ва Халқаро Нордик университети ўртасидаги самарали ҳамкорлик механизмлари, илғор тажрибалар ҳақида сўзлаб берилди.

Шерзод МУСТАФАҚУЛОВ, Халқаро Нордик университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор:

— Финляндия ва бошқа Нордик давлатлари билан ҳамкорликда фаолият бошлаган Халқаро Нордик университети рақобат эмас, ҳамкорликни муваффақият калити, деб биладиган фин таълим тизимининг устувор жиҳатларини ўрганиш ва мамлакатимиз таълим муассасаларига татбиқ этишга ҳар жиҳатдан кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Хусусан, университет базасида финляндиялик экспертлар иштирокида қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Олийгоҳимизда ташкил этилган семинар-тренинг ҳам юртимиз мактаблари ўқитувчилари учун истиқболли бўлди, дея оламиз. Педагогларга марказий ўқув режага асосланган таълимдан марказида ўқувчи турувчи таълим тизими сари ўтишларига услубий кўмак бериш ушбу тренингдан кўзланган мақсадлардан биридир. 

Халқаро Нордик университети таълимга оид натижаларга асосланган дастурлар ва лойиҳаларни бошқаришда катта тажрибага эга экспертлар билан таълим сиёсати, халқаро ва миллий ислоҳотларни мувофиқлаштириш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, самарали учрашувлар, семинар-тренинг ва стажировкалар ташкил қилиш борасида қатор келишувларга эришмоқда. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида “Финляндия таълим тизимининг феномени: ўқув муҳитини барпо этишда Финляндия ёндашувининг амалий қўлланилиши, ўқув муҳитининг натижаларга ва талабалар мотивациясига таъсири” мавзусида халқаро семинар-тренинг ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси, Финляндиянинг ИСКУ компанияси ҳамкорлигида ўтказилган конференцияда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган давлат ва нодавлат мактаблар директорларининг малакаси оширилди. Зеро, Финляндия таълим тажрибасида энг асосий эътибор ўқитувчиларни тайёрлашга қаратилиб, тизимнинг муваффақияти айнан юқори салоҳиятли педагоглар билан боғлиқдир.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Стокгольм университетидан таълим эксперти, Швеция, Бангладеш ва Лесотода маъруза тажрибасига эга бўлган мутахассис Анника Каллебо таклиф этилиб, профессор-ўқитувчиларнинг малакаси оширилди. Ушбу эксперт билан глобал миқёсда истиқбол, эрта болалик таълими, эмпирик, методологик, консептуал тарзда таълим майдонларида тадқиқот ва амалиётларни ташкил этиш каби устувор жиҳатларда тажриба алмашилди.

Шунингдек, Финляндиянинг нуфузли делегацияси — машҳур Хелсинки Финляндия қўшма таълим мактаби директори ва ўқувчиларининг юртимизга ташрифи ташкил этилиб, қатор давлат ва нодавлат мактабларда учрашувлар ўтказилди. Бу ташриф фин ва ўзбек ёшлари учун янги билим ва тажрибалар, қадриятлар ва тенгдошлари билан фикр алмашиш каби жиҳатлари билан муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ташриф нафақат Ўзбекистон — Финляндия таълим тажрибаларини алмашиш, балки келгусида ўзбек-фин мактаблари ўртасида ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.

Университетга финляндиялик профессор-ўқитувчи Татяна Исламаева таклиф этилиб, талаба-ёшларнинг ушбу бахтли инсонлар мамлакати ҳақидаги дунёқарашлари бойитилмоқда. Уларнинг билимлари фин тажрибалари асосида ошириб бориляпти. Ушбу фин профессори билан пойтахтимиз ва водий вилоятлари мактабларида ҳам учрашувлар ташкил этилди. Туманлар ҳокимликлари масъуллари ва халқ таълими бўлими мудирлари билан музокаралар ўтказилиб, Финляндия таълим моделини ҳудудлардаги таълим муассасаларига татбиқ этишга келишилди.

Халқаро Нордик университети келгусида ҳам юртимиз таълим тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ва ёшлар манфаатлари ҳамда таълим-тарбияси йўлида Финляндия таълим масъуллари билан ҳамкорлик алоқаларини изчил кенгайтириб боради. Ўзбекистон — Финляндия ва бошқа шимолий давлатлар ўртасида таълим, инновациялар, стартаплар, инвестициялар ҳамда тадқиқотлар соҳаларида ривожлантирувчи, ҳамкорликни мустаҳкамловчи платформа вазифасини бажаради.

Петри ЛОУРАНСКОРПИ, Савония университети (Финляндия) профессори, Қашқадарё вилояти ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси:

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг таълимни ривожлантиришга қаратаётган эътибори ниҳоятда ҳайратланарлидир. Умумий тараққиётга глобал таҳдидлар кучайган, озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик инқироз тобора ортиб бораётган ҳозирги даврда Ўзбекистонда ёшлар таълим-тарбияси учун катта инвестиция жалб этилмоқда, улар учун барча шарт-шароит ҳозирланяпти. Бу тажриба дунё давлатлари учун ёрқин намуна бўла олади.

XXI асрда таълим тизимини қандай ва нима учун ривожлантириш керак? Бу масалаларга жаҳоннинг турли минтақаларида турлича муносабатда бўлинади ва ўзига хос чора-тадбирлар кўрилади. Финляндиянинг таълим тўғрисидаги қонунида эса учта асосий мақсад белгилаб берилган, яъни ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш ҳамда бутун мамлакат бўйлаб таълим соҳасида тенгликни таъминлаш.

Бутун дунёда машҳур ва ижтимоий жиҳатдан барча қатлам вакиллари учун тенг бўлган фин таълим модели ҳар жиҳатдан самарадорлиги билан алоҳида мавқега эга. Бу ерда барча мактабда таълим сифатининг юқори даражасига эришилган. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) маълумотларига кўра, фин мактаблари жаҳон таълим тизими рейтингида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу скандинав мамлакатининг мактаб ўқувчилари энг юқори билим даражасини намойиш этишади.

Ўзбекистонда иш бошларканмиз, аввало, мавжуд ҳолатни пухта ўрганяпмиз, таҳлил қиляпмиз. Жуда қизиқарли муҳокамалар асосида англашиляптики, Ўзбекистон мактабларидаги анъанавий таълим тизимида ёшларнинг келажакдаги кўникмаларига мос келмайдиган тушунчалар мавжуд. Ўқитувчиларнинг ўз касбига муносабатини ўзгартириш келгуси муваффақиятларнинг пойдевори бўла олади. Нордик халқаро университетида ўтказилган тренингда педагоглар учун янги усулларни жорий қилиш ҳаракатидамиз, чунки ўқитувчилар малакасини ошириш фақат ушбу кўникмаларни амалда қўллашдан иборатдир. Амалий ўрганиш эса ўқитувчининг шахсий ва касбий ривожланиши учун ягона жавобдир.

Қашқадарё вилоятида ишлаш жараёнида шунга гувоҳ бўлдимки, таълим  ташкилотлари мамлакатда бошланган кенг кўламли ислоҳотларга жуда секин реакция билдиришади. Лекин энг муҳими, биз ҳозирда Қашқадарёда XXI аср малакалари, талаблари нуқтаи назаридан ўқитувчиларни қандай тайёрлаш бўйича янги ғояларни ҳаётга татбиқ қилиш юзасидан аллақачон бошланган тажриба лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз. Биз бу лойиҳани 16 та мактабни қамраган ҳолда тажриба сифатида ўтказишни белгилаб олдик. Улар аллақачон жараённи бошлаб юборишган ва бу кейинги йил ҳам давом этади. Лойиҳада яна 50 га яқин мактаблар бор ва улар, Президент жаноблари айтиб ўтганидек, фин таълим стандарти асосида ривожлана бошлайди. Шундай қилиб, Финляндия таълим тизимини Ўзбекистон таълим тизимига жорий этиш энди бошланмоқда. Биз Ўзбекистонга энг юқори сифатли таълим тизимини, малака ошириш учун энг яхши фин ўқитувчиларини олиб келиш ниятидамиз.

Ҳанне КОЛИ, Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва таълимни ривожлантириш бўйича эксперт (Финляндия), Навоий вилояти ҳокимининг таълим бўйича маслаҳатчиси:

— Семинарга ўқитувчиларнинг катта қизиқиш билдираётгани юртингизда фин таълим тизимига алоида эътиборнинг ифодасидир. Бизнинг мақсадли гуруҳимизда турли ҳудудлардан келган ва ҳар хил йўналишлар бўйича мутахассис ўқитувчилар фаол ишлади. Тренингнинг асосий ғояси ўқувчиларга таълим беришнинг энг самарали усулларини ўргатишдир. Шу билан бирга, уларнинг Финляндия ва ушбу мамлакат таълим тизимидаги янгиликлар ҳақидаги тасаввурларини, билимларини янада бойитишни мақсад қилганмиз.

Биз ўқитувчилар малакаси ва ҳаётий кўникмаларини юксалтиришга катта эътибор қарататдик. Масалан, мунтазам ўз салоҳиятини бойитиб бориш, портфолиолар ёзиш, ўз-ўзини ҳурмат қилиш, болаларга шахс сифатида ёндашиш, ўқитишнинг турли усулларни намойиш қилдик. Тренингнинг бошиданоқ шу маълумки, ўқитувчилар мавзуларга, шунингдек, иш услубимизга жуда қизиқишмоқда.

Бугун таълимда фақат назарияларга асосланиш ижобий натижалар бермайди. Ўқувчилар олган билимларини амалиётда синаши, ҳаётда кўриши, жараёнлар иштирокчисига айланиши керак. Шундагина улар олган билимларини бир умр эсдан чиқармайди, ҳаётда қўллай олади. Шу жиҳатдан тренингда ўқитувчилар кўплаб маълумотларга, кўникмаларга эга бўлди. Ижтимоий таълим жараёнида ишлашди, кейин эса биз таълим соҳасини қўллаш ижодий ва инновацион бўлиши кераклигини амалиётларда кўрсатиб бердик. Бу шуни англатадики, тренинг нафақат саволларга тўғри жавоб бериш, балки янги ғоялар ва амалиётларни ишлаб чиқишда ҳам самарали бўлди. Ўйлайманки, ўқитувчилар билимларини ривожлантиришда катта кўмак олди.

Навоий вилоятида ишлаётганимга икки ой бўлди.  Вилоят ҳудуди катта бўлса-да, ҳар бир мактабга бориб танишишга ҳаракат қиляпман. Туманлар ҳокимлари билан учрашишга интиляпман. Мен учун кўзлари ёниқ, ўқишга иштиёқи баланд чекка қишлоқ ёшларини, уч мингдан ошиқ ўқувчига эга улкан мактабларни кўриш ҳайратланарли бўлди. Мамлакатингизда таълим соҳасида катта муваффақиятларга эришишда катта салоҳият мавжудлигига яна бир бор амин бўлдим. Жараёнда ўқитувчилар, ота-оналар, маъмурлар билан суҳбатлашиш орқали кўплаб маълумотларни тўплаб боряпман. Бундан ташқари, мактабларнинг илмий фаолияти, ЮНИCЕФ хабарлари, ўқитувчи ва мутасаддилар қарашлари ҳақида кўп ўқидим. Давлат раҳбарининг ҳар бир чиқишини эътибор билан кузатаман. Бу менга мамлакатнинг асосий мақсади нима эканлигини ҳис қилиш ва англашга ёрдам беради. Шунингдек, маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштиришда, кейин таълимни қандай яхшилаш бўйича ўз таклифларимни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатингиз ўқитувчиларининг маҳорати мақтовга лойиқ, чунки улар назарий маълумотларга жуда яхши тайёргарлик кўришган, лекин амалиётда татбиқ қилишида камчиликлар мавжуд. Мақсадимиз ана шундай камчиликларни бартараф этиш ва соҳага халқаро андозаларни, илғор фин тажрибасини самарали татбиқ этишдир. Бу йўлда Ўзбекистонда биз учун яратилган шароитлардан хурсандмиз.

Венера АРЗИМБЕТОВА, Нукус шаҳридаги 46-умумтаълим мактаби ўқитувчиси:

— Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, малака ошириш тизимини “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида такомиллаштириб бориш таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Мамлакатимизда муаллимлар учун бу йўлда яратилган шароитлар бизни қувонтиради.

Халқаро Нордик университетида Финляндия таълим моделини ўргатиш бўйича ўтказилган семинар ҳам янги билимларни ўзлаштиришимизда, тажрибамизни бойитишимизда самарали бўлди, деб ўйлайман. Тренингларда таълим жараёнида ўқувчи билан ишлаш ҳақида муҳим кўникмаларни эгалладик. Яъни ўқувчиларнинг билимларини оширишда уларга босим ўтказиш эмас, балки уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, қизиқишларидан келиб чиқиб ҳаётга тайёрлаш, иқтидорларини чархлаш бўйича зарур маълумотларга эга бўлдик. Бу билимлар келгуси фаолиятимиз асқатишига ишончим комил.

Дилшод КАРИМОВ, (“Халқ сўзи”).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер